Овқатдан заҳарланганда дори ичишга шошилманг!

Иссиқ кунларда овқатдан заҳарланиш ҳолатлари кўп учраб туради. Сабаби, иссиқ об-ҳавода озиқ-овқат маҳсулотлари тез бузилади. Қолаверса, тамаддихоналар ёки дам олиш мас­канларида ­таом ва егуликларни пала-партиш истеъмол қилиш ошқозонни «қийнаб қўйиши» мумкин. Хўш, овқатдан заҳарланиш келиб чиққанини қандай биламиз?

Сифати бузилган маҳсулотни истеъмол қилманг!


Ёзда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифатини назорат қилиш қийин. Аммо шундай бўлса-да, баъзи қоидаларга амал қилинса, касалликнинг олдини олиш мумкин бўлади. Масалан, муддати ўтган, ранги, кўриниши, таъми ўзгарган ва ҳидланган маҳсулотлар истеъмолга яроқсиз хисобланади.
Шунингдек, бир неча кун туриб қолган, 3-4 маротаба қайта иситилган егу­лик­ларни ҳам истеъмол қилиб бўлмайди. Кафе ва овқатланиш шохобчаларида тез тайёрланадиган егуликларни (лаваш, бургер, сэндвич) истеъмол қилиш ҳам тавсия этилмайди.

Айниқса, мева-сабзавотларни газланган ичимликлар билан биргаликда истеъмол қилиш салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Мева-сабзавотлар ва кўкатлар бир неча марта сувда чайилиб, сўнг истеъмол қилиниши лозим. Овқатланишдан олдин қўлларни тозалаб ювиш қоидаси эса нафақат касалликдан, балки бошқа салбий таъсирлардан ҳам ҳимоялайди.
Таомномадаги хавфсиз кўринган маҳсулотлар баъзан касалликни келтириб чиқариши мумкин. Тухум ўзида сальмонеллез бактериясини яширин сақлаб келган бўлиши эҳтимоли бор. Шу сабабли тухумни қайнатиш учун камида 7 дақиқа, қовуриш учун эса камида 5 дақиқа вақт сарфланиши керак. Хом тухумдан тайёрланган егуликлар эса умуман тавсия этилмайди.

Эриб кетган музқаймоқни еманг!


Ёзни музқаймоқсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аксарият аҳолимиз, айниқса, ёш болалар ёзнинг иссиқ кунларида музқаймоқ истеъмол қилишга одатланганлар. Аммо эриган ёки эриб, қайта музлатилган музқаймоқни умуман еб бўлмайди. Сабаби, бундай музқаймоқларнинг таркиби ўзгариб, инсон саломатлигига зарарли таъсир кўрсатиши мумкин.

Биринчи ёрдам


Овқатдан заҳарланишга гумон бўлганида шифокорга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ. Ўз бошимча даволанишга уриниш эса салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Агар бемор мустақил ҳаракатланишга қодир бўлмаса, «Тез ёрдам»га мурожаат қилиниши зарур. Ҳуқна қилиш, қустириш, фаоллаштирилган кўмир бериш, «оч қолдириш» каби усулларни шифокор кўрсатмасисиз бажармаганингиз маъқул.

Қандай даволанади?


Овқатдан заҳарланиш аниқланганида учта муҳим омилга эътибор қаратиш зарур. Хусусан:
– организмга тушган заҳарни имкон қадар тезроқ ундан чиқариб юбориш;
– организмга сўрилиб улгурган заҳарни дори препаратлари ёрдамида зарарсизлантириш (нейтраллаш);
– организмда нафас ва қон айланишининг бузилишига йўл қўймаслик.
Одатда, овқатдан заҳарланиш ташхисида меъдани ювиш, ичак­ларни тозалаш (ҳуқна, сурги дорилар) чоралари қўлланилади. Шифокор кўрсатмаси билан организм­нинг сувсизланиши ва интоксикациясининг олдини олиш мақсадида томирига тузли эритмалар, глюкоза ва бошқа эритмалар юборилади. Бемор шифохонага ётқизилиб, назоратга олинади.

Заҳарланиш аломатлари кузатилганида дастлабки соатларда ҳеч нима ейилмайди. Безовталик камая бошлагач, шифокор тавсияси билан енгил таомлар истеъмол қилишга рухсат берилади. Касалликдан тўлиқ тузалиб кетгандан кейин ҳам бир неча кун давомида парҳез сақлаш лозим бўлади.

Яна ўқинг:  Муштарий мурожати

Дурдона МУРОТАЛИЕВА тайёрлади

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: