Тошкент шаҳри профессионал бокс бўйича халқаро йирик жанг оқшомига мезбонлик қилади

Жорий йилнинг 3 апрели ўзбек бокс спорти тарихига янги саҳифа бўлиб кирмоқда. Яъни, шу куни Тошкент шаҳри профессионал бокс бўйича халқаро йирик жанг оқшомига мезбонлик қилади. «Ҳумо Арена»да юртимизнинг кўзга кўринган чарм қўлқоп усталари рингга кўтарилишади.

Таъкидлаш жоизки, профессионал боксда жаҳон чемпионлиги камарларининг ҳимоя жанги юртимизда илк маротаба бўлиб ўтади.
Ушбу бокс кечаси марказий жангида иккинчи енгил вазн тоифасида икки йўналиш чемпиони Муроджон Аҳмадалиев ўзига тегишли WBA ва IBF камарларини ҳимоя қилади. Ушбу баҳсда боксчимизга япониялик даъвогар Рёсуке Иваса рақиблик қилади. Кечанинг иккинчи даражали марказий жангида Шаҳрам Ғиёсов ўзининг WBA International камарини мексикалик Патрисио Лопес Моренодан ҳимоя қилади.

Бундан ташқари, жанг оқшоми доирасида Ҳасанбой Дўстматов, Исроил Мадримов, Баҳодир Жалолов, Санжар Турсунов, Иқболжон Холдоров ҳамда Миразизбек Мирзахалилов каби боксчиларимиз ҳам рингга кўтарилиши кутилмоқда. Қайд этиш лозимки, ҳаваскор боксда жаҳон чемпиони Миразизбек Мирзахалилов, жаҳон чемпионати финалчиси Иқболжон Холдоров учун шу кеча профессионал рингдаги дебют ҳисобланади.
Бунгача Элнур Абдураимов ҳам мазкур жанг оқшомида жанг қилиши кутилганди. Аммо ҳамюртимиз қўлидаги жароҳат сабаб 3 апрель куни рингга кўтарила олмайди.

Ушбу жанг оқшоми Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон бокс федерацияси ва ҳукуматимизнинг бевосита қўллаб-қувватлаши остида жаҳонга машҳур «Matchroom Boxing» промоутерлик компанияси, ҳамда DAZN платформаси билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Рио-2016 Олимпия ўйинларидан бери ўзбек бокси жаҳонда етакчилик қилиб келмоқда. Шубҳасиз, бу спорт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасидир. Боксчиларнинг навбатдаги муваффақияти эса соғлом турмуш тарзи ва оммавий спорт тарғиботи, қолаверса, ёшларимизни спортга жалб қилишда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз. Ёдингизда бўлса, ўтган йилнинг январь ойида Муроджон Аҳмадалиев америкалик Даниэль Роман билан жангда ғалабага эришиб, ўз вазн тоифасида WBA ҳамда IBF камарларини қўлга киритган эди. Аҳмадалиев шу кунгача профессионал боксда 8 маротаба жанг ўтказиб, уларнинг барчасида рақибларини мағлубиятга учратган спортчидир. Жангларнинг 6 тасида у рақибларини нокаут эвазига таслим қилган.
Япониялик Рёсуке Иваса эса бунгача проф рингда 30 маротаба жанг ўтказиб, уларнинг 27 тасида ғалабага эришган (жангларининг 17 тасида нокаут эвазига ғолиб бўлган). 3 маротаба мағлубиятга учраган (2 марта нокаут бўлган).
Айни пайтда япониялик боксчи Аҳмадалиевга тегишли камар учун мажбурий даъвогар ҳисобланади.

Ишонамизки, ушбу жангда Муроджон навбатдаги ғалабасини қўлга киритган ҳолда, ўзига тегишли камарларни муносиб ҳимоя қилади ва ғалабали юришини давом эттиради.

3 апрель кунги жанглар рўйхати:
Муроджон Аҳмадалиев – Рёсуке Иваса (Япония);
Шаҳрам Ғиёсов — Патрисио Лопес Морено (Мексика);
Исроил Мадримов – Эммануэль Каломбо (Конго);
Баҳодир Жалолов – Кристапс Зутис (Латвия);
Ҳасанбой Дўсматов – Муҳсин Кизота (Танзания);
Иқболжон Холдоров – Кулва Бушири (Танзания);
Санжар Турсунов – Иван Юхта (Украина);
Миразизбек Мирзахалилов – Таша Мжуажи (Танзания.

Яна ўқинг:  Қандай ҳолатда ўт-тош касаллигини операциясиз даволаш мумкин?

Амаль СОЛИЕВА,
Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: