Учинчи Ренессанснинг биринчи ҳалқаси

ёхуд мактабгача таълим тизимига янгича ёндашув

Бугунги кунда мамлакатимизда таълим тизимининг барча бўғинларида улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Айниқса, мамлакатимиз келажаги ва равнақида муҳим ўрин тутадиган мактабгача таълим соҳасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, бу тизим жамиятнинг бирламчи ва энг муҳим бўғинидир.

Фарзандларимиз 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган даврда оладиган барча маълумотларнинг 70 фоизини ўзлаштириши мутахассислар томонидан тасдиқланган экан, демак таълим тарбиянинг асоси ва пойдевори бу мактабгача таълим ва тарбиядир.

Бу тизим сўнгги йилларда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар туфайли болани қараб, боқиб турадиган ташкилотдан ҳақиқий таълим-тарбия масканига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг соҳага оид қабул қилган қарор ва фармонлари натижасида чекка қишлоқларда ҳам янги замонавий боғчалар барпо этилиб, қисқа вақт ичида мактабгача таълим ташкилотлари сони 3 баробарга ошди. Энг муҳими, болаларни қамраб олиш кўрсаткичи 28 фоиздан 54 фоизга етди.
Соҳага давлат-хусусий шериклик механизми жорий этилиши туфайли 223 мингдан ортиқ ўринга эга бўлган 7 минг 400 та хусусий боғча ташкил қилинди. Бу мақсадлар учун 1 триллион 850 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари йўналтирилиб, 20 мингга яқин янги иш ўрни яратилди.
Президентимиз 1 октябрь – Устоз ва мураббийлар кунига бағишланган байрам тадбирида барча таълим тизими жонкуярлари учун зарур вазифаларни белгилаб берди. Янги Ўзбекистондаги бўлғуси Ренессанснинг биринчи ҳалқаси мактабгача таълим-тарбия масканлари, биринчи устуни тарбиячилар, деб эътироф этди.
Шу ўринда бугунги кунда бир неча минг фарзандлар тақдирига дахлдор халқ ноиби сифатида бир қатор таклифлар билдирмоқчиман.

Биринчидан, тегишли вазирлик ва идоралар барча имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда давлат хусусий шерик­лик тизимини ривожлантириб, нодав­лат секторнинг улушини ошириш керак.
Иккинчидан, аввал боғча бўлиб фаолият юритган ва бугунги кунда бошқа ташкилотлар балансига ўтиб кетган биноларни хатловдан ўтказиб, мактаб­гача таълим ташкилоти бўлиб қайтадан фаолият юритишини таъминлаш, айниқса, 2 ёки 3 гуруҳ бўлиб фаолият юритаётган мактабгача таълим ташкилотларини давлат дастури асосида реконструкция қилиш, қўшимча бинолар қуриш ҳисобига қувватни кўпайтириш чораларини кўриш лозим.
Учинчидан, Мактабгача таълим вазирлиги ҳузурида ташкил этилган Инфратузилмани ривожлантириш инжиниринг компанияси мактабгача таълим тизими объектларини қуриш, капитал таъмирлаш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш бўйича буюртмачи сифатида ҳудуддаги боғча ёшидаги болалар сонига мувофиқлаштирилган, илғор хорижий тажрибага асосланган лойиҳа ишларини ташкил этишда катта масъулият билан ёндашиш зарур.

Шунингдек, маҳаллий кенгаш депутатлари мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлмаган ҳудудларда янги таълим ташкилотларини қуриш учун ҳар йилги қабул қилинадиган давлат дастурига таклиф киритиши ҳамда маҳаллий бюджет маблағлари тақсимланишида мазкур ҳудудларга алоҳида эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқдир.

Туман, шаҳар ҳокимлари хусусий боғча очиш истагини билдирган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаши, мазкур вазифалар ижросида фаол иштирокчи бўлиш­лари ғоя муҳимдир. Зеро, болаларни мактабгача таълим ташкилотларига 100 фоиз қамраб олиш, боғчалар учун билимли педагоглар, етук кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишнинг амалдаги тизимини жаҳон талабларига жавоб берадиган даражага етказишимиз энг муҳим вазифалардан биридир.

Хулоса қилиб айтганда, Учинчи Ренессанснинг пойдеворини яратиш учун бизга кичик Хоразмий, Беруний, Термизий, Мотуридий, Навоийлар тарбиялайдиган таълим масканлари керак. Бу юксак маррани забт этишга маърифатга «илиги туқ» халқимиз, илм-фан, таълим ва тарбияни ривожлантириш учун барча куч, маблағ ва имкониятимиз бор.

Шаҳноза ХОЛМАҲАМАТОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Яна ўқинг:  Улуғ ва муҳташам даргоҳ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: