ЭПИЛЕПСИЯ ВА ТУТҚАНОҚ СИНДРОМИ

Бу қандай касаллик?

Эпилепсия – турли хил хуружлар ва ҳушдан кетишлар билан намоён бўлувчи бош миянинг сурункали касаллиги. Ҳар 1000 кишидан 5-10 та одамда эпилепсия касаллиги аниқланади. Эпилепсиянинг 70 фоизи 20 ёшгача бўлган даврда ривожланади. Касалланиш даражаси эркак ва аёлларда деярли бир хил.

Буюк шахсларда ҳам учрайдими?

Тарихдан маълумки, Суқрот, Платон, Юлий Цезарь, Жанна Д‘Арк, Ван Гог, Наполеон, ­­Ф. Дос­­­тоевский каби буюк шахслар эпилепсия билан оғриган. Шу сабабдан баъзи мутахассислар фақат кучли тафаккур эгалари эпилепсия билан оғришади дейишса, бошқа бирлари тутқаноқ хуружлари одамда иқтидор куртакларини қўзғаб юборади деб ҳисоблашади. Бу фикрларга тўла қўшилиш қийин. Лекин эпилепсия билан оғрийдиган баъзи беморларда кучли иқтидор аломатларини ўзим ҳам кузатганман.
Бизга даволанишга келган беморлар орасида кучли рассом, шоир ва математиклар бўлган. Бундай беморлар ичида инсон ҳайратда қоладиган ҳикматли иборалар ўйлаб топувчилар, ҳикматларга бой бўлган тўртликлар битувчилар кўп.

Доимо хуруж кузатиладиган бир бемор қизда сезги ва идрок қобилиятининг кучайганини гувоҳи бўлганман. Бироқ эпилепсия касаллиги билан оғрийдиган аксарият беморларда тутқаноқ хуружлари вақтида тўхтатилмаса, оғир руҳий бузилишларга олиб келади, уларнинг ақли заифлашиб боради.
Тутқаноқ хуружлари қанчалик эрта ёшда бош­ланса, руҳий бузилишлар шунча эрта ривожланиши мумкин. Шундай бўлса-да, оғир руҳий бузилишлар эпилепсиянинг барча турида ҳам кузатилавермайди.

Наслдан наслга ўтадими?

Худди бошқа асаб касалликларидаги каби эпилепсияда наслий омилнинг ҳам аҳамияти бор. Ўтган асрнинг 50-йил­ларигача аксарият давлатларда эпилепсияда наслий омилнинг аҳамияти жуда бўрттириб кўрсатилган. Кейинчалик илм-фан ютуқлари бундай фаразни йўққа чиқарди. Ҳозирги даврнинг статистик маълумотларига кўра, ота-оналардан бири эпилепсия билан оғриса, улардан касал бола туғилиши хавфи 10 фоиздан ошмайди.

Нечта тури бор?

Эпилепсиянинг тури жуда кўп. Бироқ тиббий амалиётда эпилепсиянинг барча турларини 3 гуруҳга ажратиб ўрганишади. Булар:
Симптоматик эпилепсия – бош миянинг бирор-бир касаллиги сабабли (ўсма, менингит, лептоменингит, бош мия жароҳатлари ва бошқа омиллар) ривожланган эпилепсия.
Идиопатик эпилепсия – келиб чиқишида наслий омил аҳамиятли бўлган эпилепсия. Уларда бош мия касалликлари аниқланмайди.
Криптоген эпилепсия – сабаби топилмаган эпилепсия. Бундай беморларда эпилепсия аниқланади, бироқ унинг сабабларини аниқлаб бўлмайди.
Эпилепсиянинг сабаблари жуда кўп ва қу­йидагича:
2 ёшгача: Ҳомиладор она касалликлари, туғиш пайтидаги мия жароҳатлари, ўтткир инфекциялар, минерал моддалар, витаминлар ва аминокислоталар етишмовчилиги (калций, магний, В6 витамини, глутамин кислотаси, фолат кислота), генетик бузилишлар.
2-12 ёш: Наслий омиллар, ўткир инфекциялар, бош мия жароҳатлари, фебрил тутқаноқлар (тана ҳарорати ошганда учрайдиган хуружлар).
12-18 ёш: Наслий омиллар, ўткир инфекция­лар, бош мия жароҳатлари, мия томирлари аневризмалари.
18-35 ёш: Бош мия жароҳатлари, бош мия пардалари яллиғланиш касалликлари, алкоголизм, бош мия ўсмалари.
35 ёшдан сўнг: Бош мия пардалари яллиғланиш касалликлари, бош мия жароҳатлари, бош мия ўсмалари, алкоголизм, бош мия қон томир касалликлари.
Эпилепсия сабаблари ичида бош мия жароҳатлари энг кўп учрайди.

Яна ўқинг:  ВИРТУАЛ ҲАЁТ ХАВФИ

Аура нима ёки эпилепсия
хуружи бошланишини олдиндан
билиш мумкинми?

Аура – бу эпилепсия хабарчиси. Хуружлар бошланишига бир неча соат қолганда, баъзан эса бир-икки кун олдин беморнинг уйқуси қочади, хавотир пайдо бўлади, жаҳлдор бўлиб қолади, юзи ёки танасининг баъзи жойларида увишишлар пайдо бўлади, лаб бурчаклари титрай бошлайди. Одатда, мана шу белгилардан сўнг катта тутқаноқ хуружлари бошланади. Тутқаноқ хуружларидан олдин аураларнинг келиши бу яхши. Чунки бундай пайтда бемор ўзини хавфсиз жойга олади, ота-онасисиз ёки ўзи уйдан чиқиб кетмайди, хавфли жойларда юрган бўлса, хавфсиз жойга ўтади ва ҳоказо. Бироқ эпилепсиянинг баъзи турларида ауралар кузатилмайди. Аурасиз учрайдиган катта тутқаноқ хуружлари ҳаёт учун хавфлидир. Бундай беморлар бош мия ва тан жароҳатларига кўп дучор бўлишади. Чунки хуружлар бўлиш пайтини бемор билмайди ва ўзини хавфсиз жойга ололмайди.

Тутқаноқ хуружи қандай бошланади?

Тутқаноқ хуружи тўсатдан бошланади. Хуруж бошланганда беморнинг юзи ва оёқ қўллари бир томондан тортиша бошлайди ва бемор ғужанак бўлиб ётиб олади. Нафас олиш қисқа вақтга тўхтайди ва беморнинг ранги кўкариб кетади. Бу пайтда у қичқириб юборади, тилини тишлаб олади. Беморнинг барча мускуллари қотиб қолади (тоник босқич). Бу давр ўртача 1 дақиқа давом этади. Баъзида 30 сониядан ошмайди.

Кейин хуружларнинг титроқли даври (клоник босқичи) бошланади. Бунда бош ва оёқ-қўллар титрай бошлайди. Бош орқа ва ён томонларга буралади, кўз олмаси юқори ва ён томонга қараб оғади. Шу ҳолатда титрашлар давом этиб туради. Титроқлар 2-3 дақиқа давом этади, бу пайтда бемор сийиб ҳам юборади. Тоник-клоник хуружларнинг умумий давомийлиги 3-5 дақиқага тенг. Хуружлардан сўнг бемор 2 соат мобайнида қаттиқ уйқуга кетади. Уни уйғотмаслик керак. Уйқудан тургандан сўнг бош оғриғи кузатилади.

Тунги хуружлар қандай рўй беради?

Тунда бўладиган хуружлар турли-туман бўлади. Хуружларнинг баъзилари қуйидагича кечиши мумкин. Бемор бирдан уйғониб кетади, боши қаттиқ оғриётган бўлади, қайт қилади ва аста-секин кўзи ва боши ён томонга қайрилган ҳолда тутқаноқ хуружлари бошланиб кетади. Юзи қийшайиб қолади, оғзидан сўлак оқади ва дудуқлана бошлайди. Баъзан ётган жойидан тўсатдан туриб ўтириб олади, оёқлари билан велосипед ҳайдаётгандек ҳаракатлар қилади ёки ғужанак бўлиб ётиб олади. Гоҳида ўрнидан туриб юриб кетади ва бир оздан сўнг тўхтайди, баъзан уйдан чиқиб кетади. Бу хуружлар, одатда, 30 сониядан 2-3 дақиқагача давом этади. Кейин бемор ўзига келади, нималар қилганини эслай олмайди, баъзан қилиқларини чала бўлса-да, айтиб беради. Тунда бўладиган хуружларда бемор тилини тишлаб олиши, оғзидан қон аралаш кўпик чиқиши, тагига сийиб юбориши мумкин.

Яна ўқинг:  “ТАЪҚИҚЛАНГАН МЕВА ТОТЛИ БЎЛАДИ”...МИ?

Эпилепсия ва уйқу

Эпилепсия билан оғриган беморлар учун кеч уйқуга кетиш ва мажбуран эрта уйғониш хавфлидир! Уйқунинг давомийлиги 6-8 соатдан кам бўлмаслиги керак. Эрталаб уйғонгандан сўнг мажбуран кўп ухлайвериш ҳам мумкин эмас. Бундай беморларда баъзан кундуз куни тўсатдан ухлаб қолиш ҳолатлари ҳам кузатилади ва бу ҳолат нарколепсия деб аталади.

Фокал хуруж нима?

Бош миянинг бирор-бир маркази қўзғалиши ҳисобига рўй берадиган тутқаноқ хуружига фокал, яъни ўчоқли хуруж деб айтилади. Фокал хуружлар тананинг маълум бир соҳасида тит­рашлар, бошнинг титраши, кўзга ҳар хил нарсаларнинг кўриниши, қулоққа турли овозларнинг эшитилиши, тўсатдан келадиган қўрқув ва қоринда кузатиладиган оғриқ хуружлари кўринишида рўй беради. Уларнинг давомийлиги 30 сониядан ошмайди.


«Аввал кўрган» ёки «ҳеч қачон кўрмаган» феномени ҳам фокал хуружлар учун хосдир, яъни бемор ҳеч қачон кўрмаган жойни худди аввал кўргандек ёки ўзига аввал жуда таниш бўлган ёки аввал яшаган жойларини энди биринчи марта кўриб тургандек туюлади.


Оддий ва мураккаб фокал хуружлар фарқланади. Оддий фокал хуружларда бемор ҳушини йўқотмайди. Мураккаб фокал хуружларда эса бемор ҳушини йўқотади. Мураккаб фокал хуружларда ҳушсиз ётган беморда ютиниш, чайнаш, бирор жойини силаш, чапак чалиш каби автоматик ҳаракатлар кузатилади. Мураккаб фокал хуружларнинг давомийлиги ҳам 30 сония атрофида. Бемор ўзига келганидан сўнг бир оз карахт ҳолатда бўлади.
Фокал хуружларда бош мия касалликларини топиш учун чуқур неврологик текширувлар ўтказиш лозим. Деярли 60 фоиз эпилепсия фокал хуружлар билан кечувчи эпилепсиядир.

Эпилепсия руҳий касалликми?

Эпилепсия руҳий касаллик эмас. Бироқ эпилепсия билан касалланганларнинг деярли ярмида кейинчалик руҳий бузилишлар ривожланади. Аксарият ҳолларда руҳий бузилишлар даражаси хуружлар сонига боғлиқ. Хуружлар кўпайган сайин беморнинг шахси ўзгариб, руҳий бузилишлар кучайиб ва кўпайиб бораверади. Эпилепсияда бемор шахсининг ўзгариши ўзига хослиги билан ажралиб турадики, бунинг натижасида тиббий амалиётда «эпилептик характер» деган ибора пайдо бўлди. Бундай беморлар жуда эзма, қайсар, бесабр, тез хафа бўладиган, кайфияти тез ўзгариб турадиган, арзимаган майда ишларга ўралашиб юрадиган, тез жанжал кўтарадиган, майдагап ва жаҳлдор бўлиб қолишади. Албатта, беморда бу белгилар турли даражада ифодаланган бўлиши мумкин ва уларнинг қанчалик яққол намоён бўлиши тутқаноқ хуруж­ларининг нақадар кўп кузатилиши, эпилепсия тури ва беморнинг даволаниш тарзига боғлиқ.

Яхши кайфиятда юрган бемор бирдан ўзгариб қолиши ва қўпол сўзлар билан яқинларини ҳақорат қила бошлаши мумкин. Бундай ҳолат у бирор нарсасини топа олмаса, унинг қилаётган ишига четдан кимдир аралашиб, хатосини кўрсатса, унинг фикрига зид фикр билдирса рўй беради. Бундай пайтларда бемор тезда жанжал кўтариб, уришиб кетади. Баъзан арзимаган нарсадан кўтарилган жанжал аффект даражасига етиб, бемор ўзи ёки атрофдагиларга тан жароҳати етказиб қўяди. Шунинг учун ҳам бундай беморни даволаётган врач уни психиатр назоратига юбориши керак.

Яна ўқинг:  Юрак ишлашини кузатиб турувчи ЭКГ-футболка тақдим этилди

Хулқ-атвор ва кайфият нега ўзгаради?

Эпилепсияда кузатиладиган шахсият ўзгариш­лари касалликнинг қайси ёшда бош­лангани, хуружлар сони ва тури, ўтказилаётган муолажаларнинг қандай олиб борилаётганига узвий боғлиқ. Касаллик қанчалик эрта ёшда бошланса ва хуружлар ҳадеб такрорланаверса (айниқса, ҳушнинг йўқолиши билан кечувчи), шахс ўзгаришлари шунчалик тез ривожланади ва оғир кечади. Бош миянинг чакка бўлаги зарарланиши сабабли юзага келган эпилепсияда шахс бузилишлари кучли ифодаланган бўлади.


Эпилепсияда хулқ-атвор ўзгаришлари баъзан «ижобий» тус олади. Масалан, улар бировларга керагидан ортиқча меҳрибон, бош ёрдамчи, кулиб турадиган, мулойим, ҳар қандай ишга бел боғлаб киришиб кетадиган шахс­лардир.
Бу меҳрибонлик баъзи ҳолларда оила аъзоларига эмас, бегоналарга кўрсатилади. Шундай бўлса-да, унинг жаҳлини чиқариш осон, қилаётган ишларига мос эътиборни сезмаса ёки танбеҳ олса, бемор яна ўзгариб, қайсар ва ўжар бўлиб қолади. Бемор бирорта одамдан қаттиқ ранжиса, у билан сира мулоқотга киришмайди.


Эпилепсия билан касалланган баъзи беморлар ёлғонга ўч бўлса, бошқа бирлари ҳақиқатпарвар бўлишади, адолатсизликка чидай олишмайди. Унинг учун бегона бўлган одам ноҳақликдан азият чекса, узоқ вақт у ҳақида гапириб юради, қўлидан келса, ёрдамга шошади. Баъзи беморлар уйни ва ишхонасини жуда саранжом ва саришта тутишади, озода юришади, чиройли кийинишади, яъни улар тартибга қаттиқ риоя қилишади.

Эпилепсия учун клептомания (керакмас нарсаларни ўғирлаб қўйиш) ҳам хос. Жуда кам ҳолатларда яхши кайфиятда юришади. Улар бегона одам билан ҳам ҳазиллашаверади, бирор-бир кулгили воқеа ўйлаб топиб гаплашиб кетаверишади, масхарабоз бўлишади, пардасиз латифалар ўйлаб топишади, гап орасида ҳадеб кечирим сўрайверишади. Таниш одамларни учратиб қолишса, йиғлаб ҳам олишади (айниқса, аёллар). Баъзи беморларда жинсий фаолликнинг ошиб кетиши кузатилади.

(Давоми бор)

Зарифбой ИБОДУЛЛАЕВ,

тиббиёт фанлари доктори, профессор

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: