Бу йилнинг баҳори…

Бу йилнинг баҳори бошқача келди, ялпизлар бўйини туймадим бу йил. Йўқлаб боролмадим дала-даштларни: ахир ўтган йили бойчечак териб, бағримга босгандим қизғалдоқларни.
Бу йилнинг баҳори бошқача келди, балки эшитилган турналар саси, балки сайрагандир қушлар боғларда, бу йил ҳам, бу йил ҳам алвон лолалар, қийғос очилгандир боботоғларда…

Кўринмас ёв чиқди… тебранди замин, жиловини узди сувлар ўзани, ўланлар тўхтади, тинди алёрлар, шунда юракларга тўлди изтироб: мотамли сукунат етти иқлимда, ­«дунё измимдадир», деганлар қани?..
Ёлғон-яшиқлардан чарчаган дунё, балки ўтаётир янги сабоқни. Чалкашиб кетгандай саналар, ойлар… Шундай туюляпти – юряптими вақт… юз йилки оламдан узилгандайман. Янги ой чиқдими, кўринмас ҳилол? Англаганим нима, кўрганим нима, нимани ҳис қилдим ўзимга аён: бугун кўчаларда тентираш бекор, саёқ юрмоқликнинг бадали оғир. Билмам туш кўрдимми ё айтди кимдир, ё ўзим ўзимга шивирладимми, аниқ эсимда йўқ, аммо маъноси «уйда қол», ҳа шундай чақириқ эди, «уйда қол»…
Ким ҳам кутган эди митти офатни, ким билди келишин зимдан, тўсатдан, қаранг, шовқин-сурон, ғала-ғовур йўқ, гўё тўхтагандай лаҳзада ҳаёт… йўқ, бундай сукутни истамас эдим, бу хил сокинликни кутмовдим, ахир қадрига етяпман энди барининг: шовқин яхши экан бу сукунатдан.
Истаган нарсамиз бу эмасди-ку, сокин тун қўйнини бузса сукунат, ташбеҳлар ахтариб, излардик маъно… Майли сигналини чалсин машина, ёпмайман, шунда ҳам деразаларни – болалар қий-чуви буз­син хонамни, тезроқ бошимиздан арисин зулмат, тезроқ офатлардан тозарсин замин, тезроқ самоларда учсин учоқлар, йўқса қандай севай ёруғ оламни?..
Бу сафар бошқача бошланди баҳор. Ёлғондан кулишни эпламоқ қийин, отангиз, онангиз, синг­лингиздир ё?! Имкон бор кўнглини кўтаринг, зеро чинакам қайғуни ҳис этди кўзлар… кимдир муҳтож сизнинг айтган бир оғиз, ширин сўзингизга ва меҳрингизга, қизғанманг, улашинг уни оламга… Шодон кайфиятда юринг, ўйланманг, ҳеч нарса арзимас ғамгин бўлишга, яна қайтиб келар ҳали Наврўзлар!
Ахир кўрганингиз аён ҳақиқат: қайғу, ғам умрнинг кушандасидир. Фақат яхшиликни ўйлангки йўқса, қўзғалгандай бўлиб минг йиллик дардлар, бағрингизни тирнар дардли сатрлар:

Сукунат қаърига
чўкканда шаҳар,
Мунгли бир куй-қўшиқ
таралса кўкдан.
Баногоҳ қувончни
кутган вақтингда,
Қайғули хабарлар келса
ҳар ёқдан.

Ўзингни қўлга ол,
ўкинма асло,
Кўнглингни бузмасин
қўрқинчли ҳислар.
Фақат яхши тушлар
кўрар эдинг сен,
Кўришинг мумкин-ку,
гоҳ ёмон тушлар…

Шундай деб атрофга
теран назар сол,
Бор дегин танганинг
икки томони.
Қайғу ҳамда шодлик
мудом ёнма-ён,
Шу тарзда англагил
доим Дунёни!

Шерзод АБДУСАМАДОВ

Яна ўқинг:  Қўнғироқ

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: