Эл саломатлиги фидойилари

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 2006 йил 12 сентябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳар йили ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси мамлакатимизда шифокорлар байрами сифатида кенг нишонланади.

Тошкент врачлар малакасини ошириш институтида ушбу санага бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкил этилган мазкур тадбирга тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, шифокорлар таклиф этилди.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири А.Алимов ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар инсон манфаатларини муҳофаза қилиш, соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш ва халқимиз саломатлигини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Мустақиллик йилларида бу борадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. Тиббиёт тизимини ислоҳ этишга оид бир юз элликка яқин қонун ва қонуности ҳужжати қабул қилиниб, уларда белгиланган чора-тадбирлар амалиётга изчил жорий этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил 28 ноябрда қабул қилинган “Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори халқимизга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини янада юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Изчиллик билан амалга оширилаётган тиббий-ижтимоий ислоҳотлар самарасида халқимизга жаҳон андозалари даражасида бирламчи тиббий-профилактика, шошилинч ва ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш кўлами йилдан-йилга кенгаймоқда.

“Соғлом она – соғлом бола” концепциясини ҳаётга татбиқ этиш жараёнида хотин-қизларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш, ҳомиладор аёлларни поливитаминлар билан таъминлаш, она-бола скрининг хизматини ривожлантириш, неонатал ва перинатал ёрдамни самарали ташкил этиш, оилада тиббий маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Инвестиция дастурлари доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли реконструкция ва қурилиш ишлари тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш ва соҳада жаҳон тиббиётининг янги технологияларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Обод турмуш йилида жойларда бир юз қирқ олтита тиббиёт муассасасида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди. Мазкур тадбирлар халқимизнинг тиббий хизматдан баҳрамандлигини ошириш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда ўз самараларини бераётир.

Мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ана шундай кенг кўламли тиббий ислоҳотлар натижасида аҳолининг ўртача умр кўриш кўрсаткичи узайди. Оналар ва болалар ўлими уч баравар камайди.

Яна ўқинг:  Теннисчиларимиз – бош соврин соҳиблари

Мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида эришилаётган бундай юксак ютуқлар халқаро миқёсда ҳам кенг эътироф этилмоқда. Жаҳон Соғлиқни Cақлаш Ташкилоти томонидан Ўзбекистоннинг оналик ва болаликни муҳофазалашга оид миллий модели тараққий этган мамлакатларга намуна сифатида тавсия этилгани бунга ёрқин мисолдир.

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида ушбу шарафли ва масъулиятли касб эгалари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмокда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу борадаги ишлар кўламини кенгайтириш мақсадида тиббиёт ходимларининг малака ва маҳоратини ошириш, соҳада орттирилган илғор тажрибани оммалаштириш борасида қатор лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. “Энг намунали қишлоқ врачлик пункти”, “Энг намунали оилавий поликлиника”, “Энг яхши умумий амалиёт врачи”, “Энг яхши патронаж ҳамшираси” каби номинациялар бўйича ўтказиб келинаётган анъанавий танлов шундай лойиҳалардандир.

Тадбирда ушбу танловнинг 2013 йилдаги ғолиблари эълон қилинди.

Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Жамбул” қишлоқ врачлик пункти “Энг намунали қишлоқ врачлик пункти” номинацияси бўйича биринчи ўринни эгаллади ва “Damas” автомашинаси билан тақдирланди.

Марғилон шаҳридаги 1-оилавий поликлиника “Энг намунали оилавий поликлиника” деб топилди. Сирдарё вилояти Боёвут тумани 1-Боёвут 2-бўлим қишлоқ врачлик пункти мудири Гулчеҳра Назарова “Энг яхши умумий амалиёт врачи”, Наманган вилояти Чуст туманидаги “Каркидон” қишлоқ врачлик пункти патронаж ҳамшираси Насиба Султонова “Энг яхши патронаж ҳамшираси” номинацияси бўйича ғолиб бўлди. Танлов ғолиб ва совриндорларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

– Қишлок врачлик пунктимиз уч минг нафарга яқин аҳолига хизмат кўрсатади, – деди Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги “Жамбул” қишлоқ врачлик пункти шифокори Лола Қурбонова. – “Саломатлик” лойиҳалари доирасида янги тиббий технологиялар билан жиҳозланган шифо масканимизда тиббий-профилактика ишларини юқори савияда ташкил этиш учун барча шароит яратилган. Шифокорлар ва патронаж ҳамшираларимиз хонадонларда бўлиб, касалликларнинг олдини олиш, соғлом турмуш тарзи бўйича тарғибот-тушунтириш ишларини мунтазам олиб бораётир.

Байрам тадбирида концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова сўзга чиқди.

Баҳор ХИДИРОВА,

ЎзА мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: