Чақалоқ чилласи ёхуд қўлнинг ҳам заҳри бор

Бошинг тўйдан чиқмасин! Қулоғимизга тез-тез чалиниб турадиган бу иборани яхшилик қилган ёки бирор оғиримизни енгиллатган кишига дуо-олқиш сифатида ишлатамиз. Бу гапни эшитганнинг ҳам боши осмонда. Шу кунларга етказса, бир тўй қилайки, довруғи Доғистонга етсин, дея кўнглига тугади.

Кейин эса… Ўша кун келганда йиллар даво­мида пешона тери билан йиғиб-терганини бир кунда ҳавога учирган баъзи орзу-ҳавас қозо­нига ўт қалаганлар ёри биродарлардан олган қарзни узиш ташвишига тушиб қолади. Яна кимдир ҳали чилласи чиқмаган фарзанди тўй сарфини қоплаш учун пул ахтариб хорижга жўнайди. Аввалроқ бу тўғри эмаслигини уқтир­моқчи бўлганларга ота-бобомиздан мерос бўлиб келаётган анъанамиз, дейди баъзилар.

Бир-биридан гўзал анъана-ю урф-одатла­римиз бор бўлсин, аммо меъёрида бўлса нур устига нур бўлишини англаб етиш ҳам киши­ни оғир аҳволга солиб қўймайди.

Ўзбек халқ одатлари орасида янги ин­сон – чақалоқ дунёга келиши билан боғлиқ алоҳида анъаналар мавжуд: бу бола туғил­ганида қариндош-уруғ, ёр-биродарлардан суюнчи олиш, киндик кесиш, чўмилтириш, қулоққа аъзон айтиш, исм қўйиш, илк бор кийим кийдириш, она учун махсус парҳез таомлар пишириш, кичик ва катта чилла­ни ўтказиш, болани бешикка солиш каби махсус тадбирлардан ташкил топган. Улар­дан кечиш миллийлигимизни кемтик қилиб қўяди, лекин ортиқча исрофгарчилик туси­ни олиши эса яхшиликка олиб келмайди.

Юртимизнинг турли ҳудудларида шун­дай урф-одатлар мавжудки бир-биридан айри, бир-биридан мустасно. Айниқса, Қашқадарёнинг Китобида чақалоқ туғил­ганнинг қирқинчи куни оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас яқин атрофдаги қўни-қўшнисига жуфт бўғирсоқ орасига қант-қурс солиб, ор­зу-ҳавас билан тарқатилади. Кеч тушгач эса қўшнилардан “кўрди”сига тоғоралар кела бошлайди, манти дейсизми, палов, сомса, қовурдоқ, қатлама, барчасидан бор. Қани чақалоқнинг тиши ўтса экан бу таомларга. Унга аталгани тоғора ичидаги кийим-кечаклар холос. Ана энди кейинги кундан бошлаб “чақалоқ чақирди”лар кўпаяди. Аввало, ке­линчакнинг ота уйига қўни-қўшни, ёру-би­родарлар жамланиб боришади. Кичиккина базм ўзига ярашган урфда ўтади, баъзи ои­лалар ҳаддидан ошиб, аммасига, холаси­га, момосига дегандек сарпо-суруқларни кўпайтириб ташлаганини айтмаганда. Бу­сиз маросимда “шира йўқдек”.

Бир сафар гувоҳи бўлганим уйдан қа­ват-қават сарполикни кўтаролмай амал­лаб чиқаётган қариндошимизнинг йўлини тўсган қизи уни чеккага тортди.

– Аяжон, буларнинг ичида тузуқроғи борми? Буниси қайнонамга, буниси қайин опамга, буниси…

Аёллар ўтирган уйда эса… Дастурхонда йўқ нарсанинг ўзи йўқ. Чақалоқнинг но­рози йиғи овози, бу ҳолатга парво қилмай, қоши онасига, бурни қайнонасига, отасига ўхшамабди, дея эрмак қилиб ўтиришлар…

Қуш полапоними, мушукми, ит боласи­ми кўп ҳам қўлга олиб бўлмайди. Қўлнинг заҳри бор, деб катталар дакки беришади. Борди-келдиларга ўрганмаган гўдак эса ма­росимлар сабаб кундан кунга йиғлоқи бўла бошлайди. Буни ёши улуғлар “суқ тегди”, “кинна кирди” дейишади. Ҳақиқатдан ҳам гўдак қўлдан қўлга ўтади, бировнинг меҳри товланади, кимдир юзидан ўпади, пул атаб қўйнига тиқади. Ундан ташқари, уй ҳавоси, иссиқ-совуқ алмашади. Бу она учун ҳам зарарли – янги туққан аёл махсус парҳези бузилиши, турли хил таомлар ейиши нати­жасида ўзи ва боласига зиён етказиб қўй­иши мумкин. Бу гигиенага ҳам зид аслида.

Қамаши, Чироқчи, Яккабоғда кўпроқ бешик тўйларга катта эътибор берилади. Сурхонликлар эса қариндош-уруғларини чақириб, буғ­дой қовуриб, рисқи бутун бўлсин, дея тарқа­тишади. Самарқанд, Сирдарё ва Жиззахда ҳам ўзига хос урф-одатлар… Водийда чақалоқ 21 кунлигида ёки 31 кунлигида, яъни тоқ кунла­ри “ақиқа тўйи” қилинади. Бунда ўғил бўлса иккита қўй, қиз бўлса битта қўй сўйиб, элга ош берилади.Тошкентда ҳам шундай анъана бор.

Яна ўқинг:  Жозиба ва нафислик

Чақалоқ туғилгандан кейинги 6-8 ҳафта­лик муддат чилла даври ҳисобланади. Тиб­биётда туғуруқдан сўнг аёл организми тўла асл ҳолига қайтишига камида 5-6 кун, туғиш оғир кечганда 70 кун керак бўлиши таъки­дланади. Анъанага кўра, она ва чақалоқ 40 кунгача уйдан чиқмаслиги, шу муддатда бу уйга бегона оёқ босилмаслиги ва чиллали уйда чироқ ўчмаслиги шарт. “Чилла дав­ри” қирқ кунлик озодалик ва эҳтиёткорлик муддати бўлиб, бу вақтда она ўз соғлиғини тиклайди, бола эса ёруғ дунёга мослашади. Замонавий тиббиётда чилла давомида касал бўлмаган чақалоқ улғайгунига қадар соғлом бўлиб ўсиши айтилади. Буни яхши англай­диганлар аввало она ва бола соғлиғини би­ринчи ўринга қўяди. Асалнинг ҳам ози ши­рин, дея урф-одатларни меъёрида ўтказиш­га интиладилар. Бу билан ҳам она ва болага ёрдам берган, ҳам оиласи фаровонлигини таъминлаган бўлади, албатта.

Сиз нима дейсиз, азиз замондош!

Гуландом УМАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: