Қандли диабет энди ўзимизда даволанади

Жаҳон тажрибасига назар соладиган бўлсак, ўтган асрнинг иккинчи ярмида Ғарб мамлакатлари аҳолисида ёппасига семириш кузатилган. Бу ҳолатни бартараф этиш учун турли тадқиқотлар ўтказилган. Жумладан, жарроҳлик йўли ҳам синаб кўрилган. Ушбу амалиётидан сўнг беморларда қондаги қанд (глюкоза) миқдорининг ҳам меъёрлашгани кузатилади. Натижада бу диабетни хирургик йўл билан даволашга асос бўлди.

Ўзбекистонга бу амалиётни Тошкент тиббиёт академияси хирургик касалликлар кафедраси ассистенти, жарроҳ Умид ­Рўзиев олиб кирди. Жанубий Кореяда бу усулни ўрганган, Малайзия, Россия, Қозоғистон давлатларида малакасини оширган жарроҳнинг айтишича, энди диабетдан азият чекувчилар даво қидириб, чет элга боришларига ҳожат йўқ. Улар ўзимизда ҳам бемалол даволанишлари мумкин.

Қандли диабетнинг икки тури мавжуд. Биринчи тур кам учрайди ва организмда инсулин ишлаб чиқарилмаслиги билан кечади. Иккинчи тур эса кўпроқ ёши катталар орасида кузатилади ҳамда организмда ишлаб чиқарилаётган инсулинга нисбатан сезувчанликнинг йўқолиши билан боғлиқ. Бу тур семизлик, меъда ости бези касалликлари, алкоголь истеъмол қилиш негизида ривожланади. Тақдим қилинаётган даво усули ҳам айнан иккинчи турни даволашга мўлжалланган.

Операциянинг мақсади ортиқча вазнни йўқотишга қаратилган. Чунки диабетнинг асосий сабабчиси семизлик. Ўзбекистон аҳолисининг ўлим сабаблари таҳлил қилиб чиқилганда буларнинг аксарияти инфаркт, инсульт, қандли диабет таъсирида бўлаётганини кўриш мумкин.

Умид РЎЗИЕВ, Тошкент тиббиёт академияси хирургик касалликлар кафедраси ассистенти, жарроҳ:

– Операция давомида меъда ости безига мутлақо тегилмайди. Чунки муаммо безда эмас, балки ундан ажралаётган инсулиннинг таъсир этиш жараёнидаги бузилишдадир. Бир сўз билан тушинтирадиган бўлсам, меъда-ичак тизими “қайта қурилади. Бемор ҳолатининг алоҳида кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда меъда, ичакнинг баъзи қисмлари қисқартирилиши мумкин. Аммо аҳоли ўртасидаги баъзан меъда олиб ташланармиш, фақат тўғри ичак қолармиш сингари фаразлар мутлақо нотўғри. Амалиёт умумий анестезия остида ўтади. Бутун жараён эндокринолог мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда олиб борилади.

Иккинчи тур диабетда меъда ости бези зўриқиб ишлайвериб, ўз фаолиятини, вазифасини бажаришни мутлақо тўхтатган ҳолатларда, ёши анча улуғ бўлган, ҳамроҳ касалликлари (буйрак, юрак, ўпка нуқсонлари) чуқур илдиз отган ҳолларда бу операция ўтказилмайди.

Энг асосийси организмнинг индивидуал кўрсаткичлари инобатга олиниши керак. Чунки инсон 60 ёшда ҳам ўзини авайлагани учун яхши ҳолатда бўлиши, баъзилар эса 40 ёшдаёқ организмининг “бошига етган” бўлиши мумкин. Бемор умумий кўрикдан ўтказилиб, керакли синама таҳлиллари кўриб чиқилгач, операцияни ўтказиш ҳақида бир тўхтамга келинади. Жарроҳликдан сўнг бемор шифокорнинг қатъий назорати остида бўлади, парҳезга, алоҳида кун тартибига риоя этиш талаб этилади. Беморнинг қайсидир аъзосида операциядан олдин нуқсонлар аниқланган бўлса, бу ҳам инобатга олинади.

Яна ўқинг:  ДОИМО ГЎЗАЛ БЎЛИШНИ ХОҲЛАЙСИЗМИ?

Ҳозирга қадар 30 дан ортиқ беморда семизликни шу усулда бартараф этиш мақсадида амалиёт ўтказилган, улардан 22 таси эса айнан қандли диабетни даволаш билан боғлиқ. Операцияни бошдан кечирган беморларнинг барчаси ўз саломатлигидаги ижобий ўзгариш­лардан рози.

Бекзод ҚОДИРОВ, мазкур жарроҳлик амалиётини бошидан кечирган бемор:

– Илгари сал нарсага ҳам тинкам қурирди. Ортиқча вазндан, юқори қон босими, кўп чанқашдан қийналардим. Кунига уч маҳал дори, доимий парҳез, ҳар олти ойда шифохонада ётишдан бошим чиқмасди. Тўғри, жарроҳликдан кейин маълум муддат қийналдим. Лекин ҳозир нега шу операцияни илгарироқ қилдирмаган эканман, деб ўйлайман. 30 кг вазн ташладим, қон босимим жойида, бемалол зинадан тушиб-чиқа оламан. Мендаги ижобий ўзгаришларни кўриб, қайнопам ҳам ўзидаги диабетни шу йўсинда даволашга қарор қилди. Ҳозир у ҳам ўз ҳолатидан мамнун.

Операцияни дастлаб бир қатор техник камчиликлар билан ўтказишга тўғри келган. Ҳозир эса техник таъминот яхшиланди. Хитойда ишлаб чиқарилган сифатли қурилмаларни бевосита ўзимизда харид қилиш имконияти мавжуд. Бемор ихтиёрига кўра ёки лазер ёрдамида, ёки очиқ жарроҳлик усулида амалиётни ўтказиш мумкин.

Бу турдаги амалиёт ҳозирча фақатгина Тошкент тиббиёт академияси хирургик касалликлар кафедрасида ўтказиляпти. Вилоятлардан мутахассисларни жалб қилиб, уларга ҳам тажрибани ўргатиб, бу усул оммалаштирилса, чекка ҳудудлардаги беморларнинг ҳам шифо топиши осонлашарди. Буни йўлга қўйиш эса мутасадди ташкилотларга боғлиқ масала.

Маълумот ўрнида шуни айтиш жоизки, 1-тур қандли диабетни даволаш борасида ҳам ижобий натижаларга эришилмоқда. Соғлом меъда ости бези тўқималарини лаборатория шароитида етиштириб ўрнатиш амалиётини жорий қилиш туфайли ҳам хасталикни даволашга эришиш мумкин. Бу усул ҳам тез орада амалиётга татбиқ қилинишини кутиб қоламиз.

Саодат АБДУРАҲМОНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: