Декларация тамойиллари ва қадриятларига эҳтиром тимсоли

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган дастлабки халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан биридир. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 майдаги фармони билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганининг 70 йиллигига бағишланган тадбирлар дастури тасдиқлангани муҳим аҳамиятга эга.

Ушбу декларациянинг барча асосий тамойиллари Конституциямизда ўз ифодасини топган бўлиб, мамлакатимизда ушбу тамойилларга амал қилган ҳолда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни жамият ҳаётига, фуқаролар ва давлат хизматчилари онгу шуурига сингдиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Буларнинг барчаси ўз навбатида, бизга инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг самарали тизимига асос солиш учун ёрдам берди.

Авваламбор, Ўзбекистон халқаро стандартларни миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига босқичма-босқич имплементация қилиш бўйича ўз моделини яратди. Хусусан, миллий парламент қабул қилган Конституциямизнинг иккинчи бўлимини “Инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ўзбек билли” деб аташ мумкин.

Кейинги йилларда юртимизда давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан жисмоний ва юридик шахслар мурожаатларининг чуқур ўрганилиши, ўз вақтида кўриб чиқилиши ҳамда уларнинг самарадор ҳал қилиниши тамойилига асосланган тубдан янги ва аниқ тизим жорий этилмоқда. Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг бу самарали механизми тўғридан-тўғри халқ билан мулоқотга таянади.

Бугунги кунда юртимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ” деган ғоя асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси нафақат кенг жамоатчилигимиз мамнунияти ва бахтиёрлигининг, балки халқаро миқёсдаги эътирофларнинг ҳам омили бўлаётгани бежиз эмас.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази инсон ҳуқуқ ва эркинликларига риоя қилиш, одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги миллий қонунчиликнинг ижроси, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлашнинг ҳолати, янги иш ўринлари ташкил этиш ва фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари бўйича мунтазам равишда мониторинг олиб боради.

Шу ўринда Ўзбекистон ўтган даврда инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан ортиқ асосий халқаро ҳужжатларга қўшилганини ва БМТ томонидан ушбу соҳада қабул қилинган 10 та асосий халқаро шартнома иштирокчисига айланганини алоҳида қайд этиш лозим. Дастурда бу борадаги ишларни изчил давом эттириш кўзда тутилмоқда. Жумладан, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини ратификация қилишга тайёрлаш бўйича амалий чора-тадбирлар изчил давом этмоқда.

БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг маълум қилиш тартибига тааллуқли факультатив протоколига, Қийноқ ҳамда муомала ва жазолашнинг шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи турларига қарши конвенциянинг факультатив протоколига ҳамда Балоғатга етмаган болалар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган дастурамал принципларига Ўзбекистон Республикаси қўшилиши истиқболлари таҳлил қилиниб, бу борада амалий таклифлар тайёрланмоқда.

Маълумки, 1993 йили БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи умумжаҳон конференциясида қабул қилинган Вена декларацияси ва Ҳаракат дастури қоидалари мамлакатимизда ҳам амал қилмоқда. Ўзбекистонда суд, прокуратура ва адвокатура тимсолидаги анъанавий ҳуқуқ-тартибот тизими билан бир қаторда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар тизими яратилган.

Яна ўқинг:  Аросат йўли армонга элтар

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ушбу тизимнинг негизини ташкил этади. Яқинда бу тизим Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ҳисобига янада кенгайди.

Дастурда мазкур тизимни такомиллаштириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича миллий институтлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир бир қатор тадбирлар назарда тутилмоқда. Хусусан, Болалар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Омбудсман институтини ташкил этиш масаласи кун тартибига қўйилган. Шунингдек, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг шахслар қамоқда ва озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлиши шартларини мониторинг қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилади. Омбудсман котибияти тузилмаси қонунчиликда белгиланган фаолият йўналишларига мувофиқ янада мустаҳкамланади.

Мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини янада юксалтириш ва халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар билан ўзаро алоқалар самарадорлигини ошириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг ҳуқуқий мақомини кучайтириш юзасидан комплекс чора-тадбирлар қабул қилиниши ҳам белгиланган. Бунда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ҳамда шартномавий органлари тавсияларига таянилаётгани ниҳоятда аҳамиятлидир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, декларация ва Ўзбекистон Конституцияси инсон ҳуқуқларига доир асосий тамойиллар муштараклигини ўзида яққол намоён этади. Шу нуқтаи назардан, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 70 йиллиги бутун дунёда кенг нишонланиши муносабати билан Президентимиз ташаббуси асосида бу борада қабул қилинган дастур, шубҳасиз, давлатимиз ва жамиятимизнинг ушбу декларация тамойиллари ҳамда қадриятларига юксак эҳтироми ифодасидир.

 

Акмал САИДОВ,

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори,

академик, юридик фанлари доктори

 

ЎзА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: