Қулоққа чалинган гурунглар

Умримизнинг деярли тўртдан икки қисми сарфланадиган кўча тасодифларга тўла эканлигини ҳамма яхши билса керак? Чунки, вақтимизнинг кўп қисми ишхонада ўтади-да. Кўчада яхшини ҳам ёмонни ҳам кўрасиз. Баъзан бировларнинг кўча боласи, кўча тарбиясини олган, – деган сўзларини ҳам эшитиб қоламиз Бу гаплар нечоғли тўғри ёки нотўғри эканлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?. Эрталаб ишга отланиш учун кўчага чиқамиз, кечки пайт яна кўчадан қайтамиз. Дам олиш кунлари бозор-ўчар ёки меҳмонга борсак яна ўша қадрдон кўчаларни кезамиз. Турфа хил одамлар. Турли-туман кўринишлар, кишини қай даражада маданиятли эканлигини кўрсатувчи жоиз-ножоиз сўзлар. Хуллас, баъзи бир кўча воқеалари бизни ажаблантиради, сизничи? Келинг, ўзим гувоҳ бўлган айрим воқеаларни бир бошидан сўзлаб бера қолай.

Одобинг ҳуснингдир

Автобусдан тушаётган Расулжон ойисига қараб, «Ойижон, анави амакига қаранг, одобсиз экан», – деди баралла. – Катталар ҳақида бундай гапириш яхши эмас, нега ундай деяпсан? – ўғлининг гапидан ҳайрон бўлган ойи­си у ёқ-бу ёққа аланглаб, унинг енгидан тортиб қўйди.

– Кўрмайсизми, қўлидаги йўл чиптасини оёғи остига ташлаб юборди, ахир ўзингиз фаррошнинг хизматини ҳурмат қилмаган киши одобсиз саналади, – дегансиз-ку, ўша амакининг орқасидан тушаётган яна битта хола ҳам қўлидаги анор пўчоқларини супирилган жойга ташлаб кетди. Расулжоннинг ойиси бир зум хомуш тортиб қолди-да секин оёқ остидаги ғижимланган чипта бўлакларини ва сочилган анор пўчоқларини йиғиб олиб, шундоқ рўпарасида турган чиқинди қутисига ташлади. Расулжон ҳам қўлидаги чиптани чиқинди қутисига ташлар экан, ойисини мамнун қучиб қўйди.

“Янгича” муомала

– Ассалому алайкум, Ойбодоқ! Қарама-қарши томонимдан ўтаётган икки нафар йигитнинг баланд овоздаги саломидан қизиқсиниб, орқамга ўгирилиб қарадим. Эгнидаги оқ кўйлаги устидан ҳаворанг бўйинбоғ тақиб олишган йигитларнинг кўриниши талабага ўхшарди. Улардан тўрт-беш қадам олдинда кетаётган уч нафар қизларнинг бири сумкасини очиб, куймаланиб қолгани боис йигитлар ўша қизга салом беришган экан. Қизнинг қоматини намоён этиб турган қирмизи кофтаси устидан тушиб жинси шимининг пастигача ёйилган сочлари орқасини тўлдириб турарди. «Эссиз, агар бу қиз узун кўйлак кийиб, узун сочини ўриб олганида борми, яна ҳам чиройли кўринар эди», – деган фикр ўтди хаёлимдан.

Яна ўқинг:  Янги фильм намойиши

Йигитлар эса баланд овозда, «Ойбодоқ, саломимизга алик олмайсизми?», – деганича ўзларини кулгудан тўхтатолмасди. Бу ҳолат нафақат менга, балки ён-атрофдан ўтиб кетаётган йўловчиларга ҳам хунук кўринди шекилли, бир амаки уларга қараб бошини сарак-сарак қилиб ўтиб кетди.

Кўз ўнгимда бўлган воқеадан қаттиқ таъсирландим. Зинадан кўтарилаётганимда ҳам, хонамга кириб, иш столимга ўтирганимда ҳам ҳалиги манзара хаёлимдан кетмасди…

«Қуш уясида кўрганини қилади»

– Новвот қизим, асал қизим, қорнинг очиб қолгандир, юр уйга кирамиз, – дейди бобоси копток ўйнаётган Нодирахонни эркалаб.

– Йўқ мен ҳали ўйнайман, ўзингиз кираверинг, барибир ойим сиз айтган таомни пиширгани йўқ, улар «қатиқли ош ҳам овқат бўлдими, бобонг ҳам жонимга тегди, ҳали уни ҳали буни егиси келади», – деди. Нари борса эндигина беш ёшни қаршилаётган қизалоқнинг бу гапидан бир қалқиб тушдим. Бобо ҳам бундай ножоиз сўздан маъюсланиб, мендан уялди чоғи, юзини четга ўгириб олди. Бобонинг эгнидаги ранги униқиб, кирланиб қолган эгни-бошига қараб алланечук бўлиб кетдим.

Нодирахон биздан икки-уч ҳовли нарида, қўшни маҳаллада яшайдиган Орзубону келиннинг тўнғич қизи. Яқинда Орзубонунинг қайнонаси оламдан ўтган эди. Демак, қайнонасининг қирқи ўтмасдан туриб, ҳайҳотдай уйи-ю, барча давлатини қўш-қўллаб тутган Ҳалим бобо келинига ортиқчалик қилиб қолибди-да?! Қизиқ, кексаларни уйнинг фариштаси дейишади. Бир коса ош-овқатни тайёрлаш, икки-уч уст-бошни ювиш шунчалик қийинми?

Бобонинг ўғли Акромжон бу гапларни эшитмаганда, агар эшитганида эди хотинини муросага чақириб қўярди, – дейман ўзимни тинчлантириш учун. Буни қарангки, ҳали фикримни бир жойга тўпламасимдан, ёнимга «ғизиллаб» келган машина йўлакка етар-етмас қаттиқ тормоз бериб тўхтади. Йўл четида бўлганим учун машина ҳайдовчиси Акромжон эканлигини дарров танидим. У машинасидан тушар-тушмас, ёнига югуриб келган қизи Нодирахонни кўтариб олганича, уни эркалаб уйи томон йўл олди. Негадир қарама-қарши томонда турган кекса отасига салом беришни ҳам унутди…

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: