“Жиззаки, қўрс ва инжиқ…” — болалар руҳшуносига 7 савол

Ёнгинамизда, кўзларимиз ўнгида бир инсон туғилиб, вояга етяпти. Ҳа демай Ўз феъл-рўйи, дунёқараши, нуқтаи назарига эга тўлақонли шахсга айланади. Ҳар бир ота-она фарзандининг нафақат жисмоний, балки руҳан саломат бўлишини истайди. Бугун биз ота-оналарни безовта қилаётган ва болалар руҳшуносига энг кўп бериладиган саволларни танлаб, мутахассисга мурожаат қилдик.

 

“Отаси келмаслигини айтолмаяпман…”

“Эрим билан ажрашаяпмиз. Ҳозир 7 яшар қизим билан онамникида яшаяпман. Унга аҳволни қандай тушунтиришни билмай ҳалакман. Руҳий зарба олмаса эди. Буни қандай амалга оширсам экан?”

Дилнавоз, 27 ёш

– Ота-онасининг ажрашуви болага қаттиқ зарба бўлиши тайин, чунки унинг учун отаси ҳам, онаси ҳам бирдек муҳим. Асосийси, бола бу ажрашувда ўзининг айби йўқлигини билсин, отаси ва онаси бошқа-бошқа яшашса ҳам уни аввалгидек яхши кўришларига ишонсин. Бунинг учун сиздан болага нисбатан эҳтиёткор муносабат, эътибор ва ҳамдардлик, отасидан эса қизи билан аввалгидек яқин муносабатларни ушлаб туриш талаб қилинади.

 

“Жуда бўш…”

“Ўғлим 6 ёшда. Очиққина, ҳаракатчан, аммо ўзини ўзи ҳимоя қилолмайди. Ўртоқлари уни итариши, уриши, тепиши мумкин, аммо у муносиб жавоб қайтармайди. Одам ўзини ҳимоя қилиши керак, деб, дадаси билан неча марта унга уқтирдик. Аммо бефойда. Бу йил мактабга чиқамиз, у ерда ўғлим ўртоқлари орасида ўз ўрнига эга бўлмай, турткиланиб четга чиқиб қолишидан қўрқяпман. Нима қилиш мумкин?”

Гулноза, 32 ёш

– Ўғлингиз очиқкўнгил, ҳозиржавоб, ҳаракатчан бола экан, қанақасига ўртоқларидан четга чиқиб қолиши мумкин? Шу пайтгача ўртоқлардан камчилиги бўлмаса, демак, бундан кейин ҳам ҳаммаси жойида бўлади. Менимча, сизлар айтган муаммони ўғлингиз муаммо деб ҳисобламаяпти, шунинг учун у билан курашмаяпти. Ёки психологик жиҳатдан бир муаммоси бор (масалан, ўртоқлари билан аразлашиб, ёлғизланиб қолишдан қўрқади). Агар шундай бўлса, руҳшунос қабулига ёзилинг, мутахассис бола нега ўзини бундай тутаётганини анқлаб беради ва бир нечта сеансда ўғлингиздаги бу муаммони бартараф этади.

 

“Гап қайтараяпти…”

“Ўсмир ёшдаги ўғлим билан ҳеч муросамиз келишмайди. Доим жиқиллашамиз. На ташқи кўриниши, на ўқиши ва на эшитаётган мусиқаси ҳақида бирон фикр билдира оламан. Босиқлик билан тушунтиришга ҳаракат қиламан, аммо баъзида ҳаддидан ошиб кетади. Тушунаман, ўсмирлик, ўтиш даври, лекин ўз ўғлимнинг менга овоз кўтариб гапиришини ҳеч ҳазм қилолмаяпман…”

Санобар, 42 ёш

– Айтаётганларингиз ҳақиқатан ҳам ўсмирлик даврига хос “оталар (оналар) ва болалар зиддияти”дир. Аввало, ўғлингизга шу пайтгача қандай тарбия берганингизни ўрганиб чиқиш ва сабабни шундан излаш керак. У ўн икки ёшга тўлгани заµоти бирдан агрессив бўлиб қолган эмас. Ҳаммаси болаликка бориб тақалади. Шунингдек, ўғил бола тарбиясида отанинг роли катта. Отасининг айтганларига бўйсинадими? Агар шундай бўлса, отасини тарбия жараёнига фаолроқ аралаштириш керак. Бақир-чақирни эса умуман унутинг. Аҳволни баттар оғирлаштирасиз. Кийим, мусиқа борасида баҳслашманг, барибир, ўзининг билганидан қолмайди. Аммо бир умр шундай қолиб кетмайди, эси киради бир кун, албатта.

Яна ўқинг:  12 нафар бемор бола Германияда даволанади

 

“Жуда секин қимирлайди…”

“Эндигина саккизга қадам қўйган қизим мени ташвишга солаяпти. Ўтган йили мактабга борди. Бошида ўқишга жуда қизиқарди. Аммо вақт ўтиши билан дарс қилишдан бўйин товлай бошлади. Менинг ҳам айбим бор бунда. Бирон нарсани жуда секин бажарса, асабийлашиб уриша бошлайман. Чунки вақтим жуда кам, иккита кичкина болаларим бор (2,5 ва 1 ёшлик). Аксига олиб, қизим жуда секин дарс тайёрлайди. Тушунаман, уни шоширишга ҳаққим йўқ. Айбимни қандай ювсам бўлади? Ҳадемай яна мактаб бошланади…”

Зарина, 28 ёш

– Қизингизни дарс қилишдан бездиргансиз ва ўзига нисбатан ишончини сўндиргансиз. Энди бу ишончни тиклаш учун уй вазифаларини қай даражада бажаришидан қатъи назар, интилишлари ва меҳнатини кўриб турганингизни, бундан хурсандлигингизни билдиринг. Асабийлашишнинг кераги йўқ. Аксинча, болани мақтаб, кўпроқ дарс қилишга рағбат уйғотинг. Борди-ю, бирон хато қилса, уришманг. Нега шундай бўлганини сўранг ва қайта бунга йўл қўймаслик учун нима қилиш кераклигини тушунтиринг. Асосийси, бола қўллаб-қувватлашингизни ҳис қилсин.

 

“Урушқоқ бўлиб қолган”

“Етти ёшли ўғлимни отасиз ўстиряпман, эрим вафот этган. Бувиси ва менга айтганини қилдиради, фақат бобосидан қўрқади. Охирги пайтлар ўғлимда кутилмаганда жаҳл ва агрессия хуружи кузатиляпти. Агар бирон айтгани амалга ошмаса, қўлидаги нарсаларни атрофга улоқтириб, дуч келган нарсани уриб-тепиб кетади. Кўчада болалар билан кўп уришади. Дилдан гаплашмоқчи бўлдим, аммо нимага бунақа қилаётганини тушунтириб беролмади, фақат йиғлади”.

Омина, 30 ёш

– Бувиси иккингиз болани ҳаддан ортиқ талтайтириб юборган кўринасиз. Ҳаддан ортиқ эркалаш ва айтганини қилавериш болада бирон инкорни қабул қилмаслик одатини келтириб чиқаради. У бутун дунё мен учун яралган ва доимо айтганим муҳайё бўлади, деб ўйлайди. Шундай вазиятда бирон нияти амалга ошмай қолса, кескин жаҳли чиқиб кетади. Шунинг учун болани оз миқдорда инкор ва маҳрумликка ҳам ўргатиб бориш керак. Лекин бу бир нуқтаи назар. Болангиздаги агрессияга бошқа омиллар ҳам сабаб бўлаётган бўлиши мумкин (отасининг йўқлиги, бобосидан қаттиқ қўрқиши ва ҳ. к.). Буларнинг барини бевосита руҳшунос билан мулоқотда аниқлаш мумкин.

 

“Диққатини жамлолмайди…”

“Илтимос, боланинг диққатини бир жойга жамлаш учун нима қилиш кераклигини айтинг. 2-синфни битирган ўғлим умуман диққатини жамлолмайди, паришонхотир. Ўқитувчиси ёзги таътилда куз мавзусида иншо ёзиб келишни тайинлаган бўлса, у “Ва ниҳоят, баҳор келди!” деб гап тузади. Ёки дзюдо бўйича мураббийи фалон шифокордан маълумотнома келтиришни сўраса, у тамоман бошқа шифокорни айтиб келади. Хуллас, нима қилишга ҳайронман”.

Нигина, 35 ёш

– Аввало, боланинг диққатини текшириб кўриш керак: уни бир жойга жамлай оладими, олган ахборотини қай даражада ҳазм қилади – шуларни билиш керак. Шунингдек, хотирасини ҳам текшириб кўриш лозим. Иккинчидан эса, боланинг эмоционал ҳолатини ҳам эътиборга олинг. Хотира сусайиши, паришонлик кўпинча ҳаддан ортиқ чарчаш оқибати бўлади. Шиддат билан ишлайверган мия бир кун чарчаб, “ўчиб қолади” ва ҳеч бир ахборотни қабул қилмай қўяди. Ундай бўлса, боланинг кун тартибини қайта кўриб чиқиб, ортиқча машғулотларни чиқариб туриш лозим. Учинчидан, болага атрофда бўлаётган воқеаларнинг умуман қизиғи йўқ, яъни ҳаётга иштиёқи (мотивацияси) сўнган бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас.

Яна ўқинг:  Малҳамнинг аълоси алоэ

 

“Фарзандим мендан узоқлашиб кетаяпти…”

“Қизим 8 ойлик бўлганда қайнонамга ташлаб ишга чиқиб кетдим. Ҳозир у 1,5 ёш. Аввал куни бўйи бувиси билан юрарди, кейин эса кечалари ҳам у билан ухлайдиган бўлиб қолди. Ҳеч бўлмаса кечаси боламни бағримга олиб ётай десам, кичкинтойим унамайди. Ярим кечаси ёки эрталаб уйғониб ёнида мени кўрса, йиғлашни бошлайди. Тушунаман, боламга етарлича эътибор беролмадим. Лекин ишламасам бўлмасди. Аммо қизим мендан безиб қолаётганини тушунолмаяпман”.

Гулҳида, 27 ёш

– Болангизни жуда кичкиналигида бувисига қолдирибсиз. Устига устак буни босқичма-босқич эмас, бирданига амалга оширган кўринасиз. Энди у ўзи ўрганиб қолган инсонни йўқотиб қўйишдан қўрқяпти. Фарзандингиз билан кўпроқ бирга бўлинг, ҳар хил ўйинлар ўйнанг, сайрларга олиб чиқинг. Лекин болани бирданига бувисидан айириб, яна бир бора стрессга солманг. Асосийси, уни тушунишга ҳаракат қилинг. Уч ёшга тўлгунича, барибир, бола ким билан кўп вақтини ўтказса, ўша одам унинг учун асосий инсон бўлиб қолаверади. Кейинчалик эси киргач, аҳвол ўзгариши мумкин.

 

Руҳшунос Шаҳноза Халилова

тавсиялари асосида

Шаҳноза Тўрахўжаева

тайёрлади.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: