Мактаб битирувчиларига олтин ва кумуш медаллари берилади
Халқ таълим вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталига “Умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларини рағбатлантиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамаси учун жойлаштирилди.
Мазкур ҳужжат лойиҳасида умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига аъло билими, намунали хулқи ва фаол жамоатчилиги учун олтин ва кумуш медалларни таъсис этиш кўзда тутилган.
Қарор лойиҳасида белгиланишича олтин ва кумуш медалларни умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, 10-11-синфлардаги барча фанлар бўйича оралиқ, якуний назоратлари ҳамда чораклик ва йиллик баҳолари аъло, намунали хулққа эга бўлган ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган 11-синф битирувчиларига берилади.
Ушбу имтиёзга эга бўлган ўқувчига республикадаги давлат олий таълим муассасаларининг бакалавр босқичига кириш синовларида тўплаган умумий балига 50 фоиз, кумуш медалга эга бўлган ўқувчига тўплаган умумий баллининг 30 фоизи миқдорида қўшимча балл берилади. Олтин ва кумуш медалларга эга бўлган ўқувчиларга бериладиган имтиёз бир йилгача амал қилади.
Айни пайтда Халқ таълими вазирлиги кенг жамоатчиликдан иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантиришни кўзлаб ишлаб чиқилган қарор лойиҳаси муҳокамада.
Ҳусния САЛИМОВА,
ТАТУ талабаси