Юксакликка чорловчи чироқ

Яқинда бўлиб ўтган Республика китоб байрамида атоқли ёзувчи, давлат ва жамот арбоби Чингиз Айтматовнинг ўзбек тилига таржима қилинган деярли барча асарлари ўқувчи-китобхонлар эътиборига ҳавола этилди. Бу халқимизнинг қардош қирғиз халқига, унинг улуғ фарзанди Чингиз оқсоқолга катта эҳтиром бўлди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ижод, илҳом ҳеч қачон миллат танламаган. Шу боис ҳам ўқувчилар Чингиз Айтматовни ўзларининг азиз кишиси сифатида қадрлашади. Айниқса, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг юртимизда адибнинг 90 йиллигини нишонлаш ҳақидаги қарори эълон қилингач, бу эътибор янада ортди.

Ч. Айтматов ўтган асрнинг 70 йилларида ўлкамизга кўп бора ташриф буюрарди. Ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультетида таҳсил олаётган биз талабалар у билан учрашишни интиқлик билан кутардик. Негаки унинг саволларимизга берган жўяли жавоблари қалбимиз қабатларидаги қоронғуликни нур каби ёритарди-да. Ана шундай учрашувларнинг бирида оқсоқол Ўзбек Миллий академик драма театрида саҳналаштирилган “Сарвиқомат дилбарим” асари ҳақида илиқ гаплар айтганди. Ўшанда адиб “Бу менинг ўқувчиларим сафини оширди, ўзбек томошабинларининг қалбига кўприк бўлди”, деганди. Орадан йиллар ўтиб, шу гапни спектаклда бош роль ижрочиси, Ўзбекистон халқ артисти Пўлат Саидқосимовга эслатганимда, у жуда тўлқинланиб кетганди.

– Биласизми, бош қаҳрамон – Илёснинг қалбида одамларни юксакликка чорловчи чироқ бор. Бу чироқ ҳали кўпчиликнинг йўлини нурафшон қилади. Инсоннинг ўта нозик руҳий оламини бера олиш дунёда Толстой, Чехов, Абдулла Қаҳҳор сингари ёзувчиларгагина насиб этади. Энди бу ҳолатни ҳаяжонли, ишонарли, фавқулодда қандай тасвирлай олишни айтинг. Уларнинг тақдири томошабинларни ўйлантиради, тўғри йўлни топишга мажбурлайди.

Мен спектаклни томоша қилар эканман, тақдир деган туйғунинг инсон иродаси олдида ожиз эканлигини ҳис этаман. Энди ҳаммасини қайтадан бошлайман. Мана Илёснинг фалсафаси. Мана буни мустақиллик деса бўлади. Ҳаётдаги арзимаган сабаб туфайли дунёдан юз ўгирган “думбул”ларга мактаб. Асалчи, Асал, у ахир тирик одам, чиркин ҳаётни ташлаб, бахти учун уйдан қочиб кетганди, мана оқибат. У бечора Илёсни қанча кутди, вақт унинг қалбидаги ишончни юлиб олди. Лекин кутгани ҳою ҳавасга, айш-ишратга учди, масъулиятни унутди. Ахир одамзот фақат кутиш учун туғилмаган-ку. Кейинги пушаймон – ўзингга душман, ҳаёт бир марта берилади. Асалдан бошқа бўлганда ҳам шундай қилиши мумкин эди. Ой-ҳойлар, адабиёт бу – одамшунослик. Иккиланишлар, мурғак боланинг онасига айтган гаплари олдида тоғлар ҳам бош эгади. Бу тақдирни ардоқли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Ойдин Норбоева гавдалантирди. У роль ижро этаркан, саҳнада ўтирган томошабинларнинг “пиқ-пиқ” йиғлагани эшитиларди.

Яна ўқинг:  “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатлар кинофестивалида иштирок этади

Биз ҳадеб “тарих-тарих” деймиз. Унга ҳурмат билан қараб, бойликларини сақлаган ҳолда келажак авлодга етказиш керак, дея таъкидлаймизу кўпинча билиб туриб ўзимиз ичадиган сувни ўзимиз ифлослантираётганимизни ҳис қилмаймиз. Мана шу туйғу Чингиз оқсоқол асарларининг ҳам бош мавзуси эканлигини алоҳида таъкидлашимиз керак. Унинг “Бўтакўз” қиссасида “О, Анорхой, о, бепоён дашт! Нега сукут сақлайсан, нималар ҳақида хаёл сурасан? Асрлар давомида нималарни сир сақлаб келаяпсан, олдинда сени нималар кутмоқда?”, деб ҳайқиради. Бу туйғулар бизнинг ҳудудларимизда яшаётган замондошларимизни ҳам уйғотиб юборди. Сирдарё вилояти Сардоба туманидаги Гумбаз қишлоғидаги обида бир пайтлар ташландиқ ҳолатда эди. Уни маҳалла фаоллари ва фуқаролар тартибга келтириб, тарихимизга бўлган ҳурматини изҳор қилгани эсимда. Ҳудуддаги Абдулла Қаҳҳор номидаги мактаб раҳбари айнан мана шу асар уларга қаттиқ таъсир қилганини айтди. Аждодимиз Абдуллахон чўлларга сув чиқаргани, қовунлар экиб, янги навлар яратгани, сардобалар қуриб, саҳродаги йўловчиларнинг дуосини олганини таъкидлади. Саҳрода бир коса муздай сувнинг баҳосини ташналардан сўранг…

Табиатчи, табиат? Чингиз Айтматовнинг деярли барча асарларида бу мавзу асосий аҳамиятга эга, десак хато бўлмайди. У ёзган дурдоналарда бугун экология жуда катта хавф олдида турганини таъкидлайди. Наҳрдаги китлар сувда яшаб бўлмаслигини билиб, ўзларини қирғоққа отаяпти. Адашган турналар ҳалок бўлаяпти. Тоғлар нураяпти. Чўққида қолган овчининг оҳу зорини ҳеч ким эшитмаяпти. Охир замоннинг шарпасими, бу. Ё, алҳазар. Чингиз Айтматовнинг асарларини ҳижжалаб ўқиш керак. У сизга нажот йўлини кўрсатса, зора.

Лекин ҳали яхшилар кўп. Бу асарларни ўқиб, замондошларимиз табиатни эъзозлаш туйғуларини камолга етказишмоқда. Бахмал туманида Музбулоқ қишлоғида бўлганимда менга ибратли мисолни айтиб беришди. Ойқор тоғининг этакларида мавжуд бўлган айиқлар аҳолига зиён етказмас экан. Мен “Нега бундай?” дея сўраганимда қишлоқ оқсоқоли Султон Эсонов “Меҳрни йиртқич ҳам билади, яқинда қишлоққа адашиб келиб қолган айиқ боласига зарар бермай, инига қўйиб келишибди”, деди. Мана шу гапларни айтаётган мўйсафид отахон ҳам Чингиз Айтматовни жуда қадрлар экан.

Чингиз оқсоқол ёзувчиларимизнинг яқин дўсти, маслакдоши эди. Одил Ёқубов билан бўлган муносабатлари, унинг “Улуғбек хазинаси”га берган баҳоси чинакам муҳаббат рамзи. Кўксини Ўзбекистонимизнинг энг юксак мукофотлари безаган, асарлари эса ҳар бир хонадонга кириб борган.

Яна ўқинг:  Aждодлар ёди муқаддас

 

Пардабой ТОЖИБОЕВ

 

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: