Уруғчилик ҳақида 10 муҳим саволга 10 жавоб

1. Уруғчиликда инновацион ёндашувларнинг нима кераги бор?

Аграр соҳада юзага келган қатор муаммолар селекция-уруғчилик комплексини ислоҳ қилиш ва уни бозор шароитларига мослаштиришни, шунингдек, соҳага инновацион технологиялар олиб киришни талаб қилмоқда.

Қишлоқ хўжалигида талабга эга бўлган янги нав – инновацион маҳсулот ҳисобланади. Янги нав эса фақатгина яхши ташкил этилган уруғчилик тизими томонидан етказиб бериладиган сифатли уруғ экилгандагина бор бўй-бастини намойиш этади.Шу боис уруғчилик рақобатбардош маҳсулот етиштиришнинг асоси бўлиб, стратегик жиҳатдан мамлакатнинг озиқ-овқат хавфсизлигини ва халқ хўжалигининг самарали ривожланишини таъминлайди.

Бугунда соҳанинг барча йўналишларига фойда келтирадиган инновациялар ишлаб чиқилмоқда: экинларнинг ҳосилдорлиги ҳамда озуқавий қийматининг ошиши, бегона ўтлар ва зараркунандалар билан курашдан бошлаб истеъмолчиларга етказиб бериладиган тайёр маҳсулотнинг сифатигача.

 

2. Мавжуд уруғларнинг сифатини ошириш усуллари ҳам борми?

Уруғларнинг сифатини ошириш учун уруғларнинг турли хил саралаш усулларидан фойдаланилади.

Уруғлар ўлчами, шакли, қалинлиги, ранги ва бошқа хусусиятларига кўра одатда уруғчилик хўжаликларида сараланади, аммо зарурият туғилганида буни бевосита экишдан аввал ҳам амалга ошириш мумкин. Ёмон сараланган уруғларнинг униб чиқиш даражаси паст бўлади, экилганда эсауниб чиққан ниҳоллар сони кам, кучсиз ва нимжон бўлади, экинлар кам ҳосил беради.

Уруғларни ўлчамига қараб саралаш калибровка деб аталади. Шунингдек уруғларнинг электр потенциалининг турли хиллигига кўра электрсеперация ҳам қўлланилади. Бундан ташқари, ҳаво ёрдамида уруғ ҳажми фракцияларга ажратиладиган ҳаво сепарацияси (аэросепарация)дан ҳам фойдаланилади.

Сўнгги йилларда уруғларни оптик саралаш технологияси жорий этилган. Бунда электромагнит нурланиш (Х-нурлари, ультра нурланиш, зоҳир ва ИК нурланиш) ва товуш тўлқинлари усуллари кенгроқ ёйилган. Бу усуллар уруғларнинг ташқи (шакли, ранги, ўлчами, тузилиши) ва ички (эмбрион ҳолати, эндоспермаси, уруғ қатлами, муайян бирикмаларнинг мавжудлиги, патогенларнинг борлиги ва ҳоказо) хусусиятларини баҳолашга имкон беради.

 

3. Дорилаш нима дегани?

Уруғларни экишдан аввалги ишлов муҳим босқич саналиб, уларнинг униб чиқиши ошади, ниш урган экинларнинг салбий абиотик ва биотик стрессларга чидамлилигини оширади. Буларга уруғларни зарарлантириш, ивитиш, рағбатлантирувчи воситалар билан ишлов бериш, капсулалаш ва б.лар киради.

Уруғларни зарарлантиришда, одатда, дорилаш усулидан фойдаланилади. Уруғларни кимёвий моддалар ёрдамида дорилаш –қишлоқ хўжалиги экинларининг касалликлари ва зараркунандалари билан курашишнинг умумий тизимдаги энг муҳим, мақсадга йўналтирилган, самарали, иқтисодий жиҳатдан мақбул, атроф-муҳитга кам зарар етказадиган тадбирлардан бири.

Яна ўқинг:  Анвар қори Турсунов вафот этди

 

4. Дорилашнинг қайси тури энг хавфсиз саналади?

Деҳқончиликни биологизация қилиш зарурати муносабати билан охирги йилларда уруғларни экишдан аввалги ишловининг атроф-муҳитга зарар етказмайдиган тури – озонлаштириш кенг қўлланилмоқда.

Озонлаштириш – уруғларга ишлов бериш жараёнинг энг замонавий ва илғор технологияларидан бири. Озондан фойдаланишнинг асосий афзалликлари қуйидагилардан иборат: юқори оксидланиш имконияти, ҳаводаги кислороддан исталган жойда олиш мумкинлиги, электр аппаратлари ёрдамида озон олишнинг осонлиги ва қулайлиги, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги, чиқиндиларсиз ишлаб чиқариш, шунингдек, атроф-муҳитга зарар етказмаслиги.

Экишдан аввалги ишловнинг яна бир усулларидан бири уруғларга гидротермик таъсир кўрсатишдир. “Гидротермик ишлов” деганда уруғларга экишга тайёрлашнинг бир неча усуллари назарда тутилса-да, аммо уларнинг барида уруғлар турли даража иссиқликдаги сувга ивитиб қўйилади.

 

5. Экинлар ҳосилдорлигини уруғ қадашдан аввал ҳам ошириш мумкинми?

Албатта, мумкин! Бунинг бир неча усуллари бор:

– Уруғларни микроэлементлар эритмасида ивитиш. Уруғларнинг униб чиқишини рағбатлантириш, ўсиш ва ривожланиш суръатини тезлаштириш учун улар микроэлементлар ва биологик фаол моддалар эритмаларида ивитилади. Уруғларни ивитиш зарурияти ва эритмаларнинг таркиби муайян экиннинг эҳтиёжи ва у экиладиган тупроқнинг турига боғлиқ бўлади.

– Ўсиш стимуляторларидан фойдаланиш. Ишлаб чиқаришда энг кўп қўлланиладиган ўсиш стимуляторларига гиббереллин, цитокинин, 2-хлорэтилфосфон кислотаси ҳосилалари (этефон, этрел), фузикокцин, таркибида кремний бўлган бирикмалар ва ҳоказо. Уларнинг таъсирида нимжон уруғларнинг униб чиқиши тезлашади, уруғларнинг униб чиқиш салмоғи ошади, ниш урган экинлар бақувват бўлади.

– Барботаж. Бу усул сувга солинган уруғларга кислород ёки ҳаво ёрдамида ишлов беришга асосланган. Барботаж жараёнида кислород ёки ҳаво билан тўйинган сувга солинган уруғлар тезроқ шишиб, уруғларнинг ниш уришини тўхтатиб турадиган ташқи қобиқ – ингибиторларидан халос бўлади. Шу муносабат билан барботаж қилинган уруғларнинг униб чиқиш муддати анчайин қисқаради, бу ўз навбатида тез қуриб қолиш хусусиятига эга тупроқли ер майдонларида деҳқончилик қилганда муҳим аҳамият касб этади.

 

6. Ишлов берилган уруғларни сақлаш муддатини қандай узайтириш мумкин?

Бунинг учун осмо (грек. osmos – зарба, босим) ишловдан фойдаланиш мумкин.Осмо ишлов АҚШ, Буюк Британия, Польша ва бошқа давлатларда тобора кенг ёйилмоқда. Бу усулнинг моҳияти шундаки, уруғлар кимёвий нофаол модданинг (аксарият ҳолларда полиэтиленгликоль 6000дан фойдаланилади) ичига солинади, бунда уруғлар шишиши, аммо ниш урмайдиган миқдорда концетрация тайёрланади. Шундай қилиб, ишлов берилган уруғлар тез бир маромда униб чиқади. Бундай уруғларни қуритиб, бир қанча вақт мобайнида сақлаш мумкин бўлади. Бундай уруғлар тупроққа қадалганидан сўнг, ҳатто, паст ҳароратда ҳам униб чиқиши мумкинлиги билан эътиборга лойиқдир.

Яна ўқинг:  Тошкентда нуфузли форум бўлиб ўтади

 

7. Уруғларни баҳорда ҳаво ҳароратининг кескин ўзгаришидан қандай ҳимоялаш мумкин?

Сабзавотлар етиштиришда ўсимликларни баҳорда тез-тез учраб турадиган об-ҳавонинг кескин ўзгаришларига, шунингдек, паст ҳарорат шароитларига тайёрлаш муҳим аҳамиятга эга. Уруғларни чиниқтириш униб чиқаётган уруғларда шакар моддасининг йиғилишини кучайтиради, кўчатнинг биометрик кўрсаткичларига ижобий таъсир кўрсатади.

Инкрустация (капсулалалаш) – технологик жараён бўлиб, унда уруғлар сирти парда ҳосил қилувчи махсус суюқлик билан қопланади. Унинг таркибидаги моддалар ҳимоя муҳитини яратиб, ўсимликларнинг ўсиши ва ривожланишини рағбатлантиради, уруғни зарарли микроблардан тозалаб, уруғ устидаги биологик фаол моддаларнинг парчаланишига йўл қўймайди.

Микроэлементлар таъсирида ўсимликларнинг замбуруғлар ва бактериал касалликларга, шунингдек атроф-муҳитнинг салбий таъсирига – атмосфера ва тупроқдаги қурғоқчиликка, юқори ва паст ҳаво ҳароратига, қишлаш шароитларига чидамлиликни оширади. Дорилашдан аввал инкрустация қилишнинг асосий афзаллиги – препаратлар иқтисод қилинади. Инкрустациядан сўнг пестицицидларни 1,5—3 мартагача камайтириш мумкин.

 

8. Уруғчиликнинг инновацион усуллари ёрдамида экологик тоза маҳсулотлар етиштириш мумкинми?

Сабзавотлар етиштиришда пестицидлар миқдорини камайириш замонавий деҳқончиликнинг муҳим вазифаларидан саналади. Мазкур муаммонинг ечимларидан бири – табиийликка максимал даражада яқинлаштирилган моддалар ва бирикмалардан фойдаланишдир. Мана шундай моддалар қаторига биосферанинг асосини ташкил этувчи темир, рух, алюминий, кремний каби металларнинг ультрадисперс кукунлари (УДК)ни киритиш мумкин.

Тахминларга кўра, УДК металларининг микрозарралари уруғлар пўстининг тешикчалари орқали бир текисда кираркан, ўсимлик томонидан ўзлаштирилиб, уларнинг ўсиши ва ривожланишига таъсир кўрсатади. Бошқа нуқтаи назар ҳам мавжуд: УДК уруғлардаги “шикастланган дарвоза”ни беркитади, замбуруғларнинг гифлари металлга тегиб, ўсишдан тўхтайди-да, металлар УДКси уруғларнинг сифатига ижобий таъсир кўрсатади.

 

9. Дражелаш нима дегани?

Дражелаш деганда уруғни сунъий қоплама билан ўраш тушунилади. Аксарият ҳолларда уруғлар шаклини текислаш,ўлчами ва оғирлигини ошириш мақсадида дражеланади, бунда уруғларни сепиш ҳам, бирма-бир экиш ҳам осонлашади.

Драженинг асосий компонентларига торф, кукунсимон кўринишдаги диатомит, дала шпати қуми ва бентонит тупроғини киритиш мумкин. Драже таркибига, шунингдек, махсус уруғдорилагичлар, микроэлементарни ҳам қўшиш мумкин.

 

10. Уруғларга ишлов беришнинг қайси усуллари энг самарали?

Уруғларга таъсир кўрсатишнинг физик усулларидан электромагнит нурланиш, ультрабинафша нурлар, лазер ускуналар, тожли разряд ва бошқаларга катта аҳамият берилган.

Таъсир усулларидан қатъи назар (доимий ёки ўзгарувчан магнит майдони, ўта юқори частотали нурланиш, радиотўлқинлар, лазер ва ҳоказо) уруғларни фаоллаштириш ҳосилнинг деярли бир хил ўсишига олиб келади. Шу боис усулларни бирортасини танлашда ундан фойдаланишнинг қулайлиги ва экологик тозалиги инобатга олинади.

Яна ўқинг:  “Йўқ” дейишни ўрганамиз

Шундай қилиб, хулоса қилиб айтиш мумкинки, ҳозирги пайтга келиб уруғчиликда анъанавий усуллар билан бир қаторда уруғчилик материалининг сифатини оширишга ҳамда экишга мўлжалланган уруғлар сарфини камайтиришга қаратилган инновацион ёндашувлардан тобора кўпроқ фойдаланилмоқда.

 

mininnovation.uz

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: