Доривор ўсимликлар хорижга экспорт қилинади

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи давомида ҳудудда амалга оширилаётган бир қатор иқтисодий лойиҳалар тақдим қилинди. Уларнинг ичида тут баргидан чой тайёрлаш, исириқ, цистанхе ўсимликларини етиштириш, уларни экспорт қилиш, бу орқали эса минглаб иш ўринларини яратиш масаласи алоҳида аҳамият касб этди.

Маълумотларга қараганда, лаборатория синовларида тут баргидан тайёрланган чойнинг таркибида кофеин ва танин моддаси одатдаги чойга нисбатан 200 баробар кам эканлиги аниқланган. Таркибидаги витамин ва минераллар эса аксинча кўп. Шу билан бир қаторда унинг таркибида В1, В2, А, С витаминлари, соч ва тирноқ учун фойдали кальций моддаси мавжуд. Аҳамиятлиси шундаки, тут баргидаги кальций моддаси творогдагидан кўп экан. У қандли диабет, бош оғриғи, бош айланиши, йўтал, кўз яллиғланиши, витаминлар етишмаслиги, фарингит билан оғриганда, буйрак ва юрак шишида фойдали саналади. Кўпинча бу ичимлик ортиқча вазнни йўқотишда яхши самара беради. Метаболизмни яхшилайди ва ёғлар алмашувини назорат қилади.

 

– Баҳорда тут баргларининг учи, куз мавсумида эса барглар бутун йиғиб олинади, – дейди уюшма раиси Б. Шарипов. – Сабаби, биз баҳорда 330 минг, кузда эса 40 минг қути ипак қурти парваришлашни режалаштирганмиз. Барча фаслларда тут баргининг ҳосили бир хил бўлади. Аммо, кузда баҳорга нисбатан қарийб 7 баробар пилла кам боқилгани сабаб, анчайин барглар дарахтда қолиб кетади.

 

“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси томонидан олинган маълумотларга қараганда айни вақтда тут баргидан чой ишлаб чиқариш корхонасини қуриш ишлари бошланган. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллион долларга тенг бўлиб, мазкур лойиҳа хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда амалга оширилади. Жорий йилнинг декабрь ойида ушбу корхонани ишга тушириш режалаштирилмоқда.

2019 йилда ҳар гектар тутзордан 52.5 тонна тут барги йиғиб чой тайёрлаш режалаштирилган. Корхонада 50 та доимий ва 1500 та мавсумий иш ўрни яратилади. 2019 йилда бу лойиҳадан кутилган экспорт ҳажми 1.4 миллион АҚШ долларига тенг.

Президент ушбу лойиҳани маъқуллаб ва бундай чойнинг аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва импорт ўрнини босишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга Бухоро вилоятининг ўрмон хўжалиги ҳам катта салоҳиятга эга. Ўзбекистонда ўсувчи шифобахш ўсимликлар турли соҳаларда кенг қўлланади. Жумладан, хорижда цистанхе ва исириққа талаб катта. Япония ва Хитой олимларининг таъкидлашича цистанхенинг доривор хусусияти женьшенникига қараганда беш баробар юқори.

Яна ўқинг:  Каратэчиларимиз Дубайдаги мусобақада иштирок этади

Цистанхенинг илдизи доривор сифатида кенг ишлатилади. У хавфли ўсма касалликларини олдини олувчи, шамоллашга қарши, иммунитетни оширувчи, антиоксидантлик хусусиятларига эга. Аёл ва эркаклардаги бепуштликни, простатани даволовчи, эркаклик қувватини оширувчи бебаҳо доривор сифатида шарқ табобатида кенг қўлланилади.

Цистанхе Шимолий Африка, Марказий Осиё ва Пириней ярим ороли чўлларидагина ўсади. Унинг асосий харидорлари Япония, Хитой ва бошқа шимолий-шарқий Осиё давлатларидир. Ҳозирги вақтда Қозоғистон Марказий Осиёда ушбу ўсимликни экспорт қилувчи ягона давлат ҳисобланади. Қозоғистонда йилига 100-150 тоннагача мазкур доривор ўсимлик экспорт қилинади.

Цистанхе қадимда Марказий Осиёда “олтин томир”, “ҳаёт илдизи” номи билан аталиб, Шарқ табобатида кенг қўлланилган. Ҳозирда Ўзбекистоннинг Бухоро, Навоий вилоятлари, Сурхондарёнинг Жарқўрғон туманидаги чўл ҳудудида ва Қорақалпоғистон республикасида табиий равишда кенг тарқалган.

Ушбу ўсимликни Ўзбекистонда етиштириш бўйича ҳозирги кунда Ўрмон хўжалиги илмий тадқиқот институти олимлари ва Япониянинг OYO компанияси тадқиқотчилари ҳамкорликда ишларни олиб бориш бўйича меморандум имзолашган. Бу ўсимлик етиштирилиши билан чўл ҳудудларида яшаётган аҳоли учун янги иш ўринлари яратилиши билан бирга бир гектардан ўртача 150-200 кг “олтин томир” етиштириб, 1500–2000 АҚШ доллари миқдорида даромад қилиш имконияти яратилади.

Исириқ ҳам жуда фойдали доривор ўсимлик саналади. Бухоронинг чўл ҳудудларида мазкур ўсимлик кенг тарқалган. Шарқ табобатида қадим замонлардан бери исириқ шамоллаш, грипп, тери-таносил ва бошқа юқумли касалликларга қарши қўлланилиб келинади. Ушбу ўсимликни қайта ишлаб чиқариш орқали, ёритувчи ва ҳид чиқарувчи шамлар тайёрлаш мумкин.

2018 йилнинг кузида экилган исириқни 2 йил ўтгач, 2020 йилнинг август ойида ўриб олинади. 1 гектар майдондан 2,5-3,5 тоннагача ҳосил олинади. Сарф қилинадиган харажатлардан ташқари 7 миллион сўм соф фойда олиш режалаштирилган.

Бундан ташқари тайёр маҳсулотни ички бозорга етказиб бериш ҳамда Туркия, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа Осиё давлатларига экспорт қилиш имконияти мавжуд.

 

Хуршида ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: