Самарали ҳамкорлик ва тажриба

Россиялик профессор Ўзбекистонда кохлеар имплантация операцияларини ўтказди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра дунё аҳолисининг 5,3 фоизи эшитиш қобилиятининг пасайганлигидан азият чекади.

Дунё бўйича ҳар 1000 нафар янги туғилган чақалоқдан бири эшитиш пастлиги ёки мутлақ карлик билан туғилади. Бу кўрсаткич бир ёшга етганда 2-3 баравар ортади. Эшитиш заифлиги ирсий, туғма ёки орттирилган бўлиши мумкин. Афсуски, бундай болаларда иккиламчи нутқ ҳам шаклланмай қолади, улар жамиятда ўзларини ижтимоий чегараланган ҳис қилади.

Куни кеча Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридан ташриф буюрган тиббиёт фанлари доктори, профессор Владислав Кузавков билан ҳамкорликда кохлеар имплантация операциялари бўйича “Маҳорат дарслари” ҳамда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилди.

Маълумот учун, кохлеар имплантация операцияси болалардаги туғма ва орттирилган эшитиш заифлиги хасталигини самарали даволайди. Ушбу амалиёт Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт марказида ҳам муваффақиятли амалга ошириб келинмоқда. Бугунгача марказда маҳаллий мутахассислар томонидан 360 нафардан ортиқ болада бюджет маблағлари ҳисобидан кохлеар имплантация операциялари муваффақиятли ўтказилган бўлса, 70 нафардан ортиқ бемор имтиёз асосида, ҳомийлар ва ота-оналар ҳисобидан операция қилинди. Имплантация қилинган болаларни мониторинг қилиш натижалари эса 90 фоиз ижобий. Яъни, уларнинг эшитиш қобилияти тикланиб, гапира бошлади. 7 ёшга кирганлари эса умумтаълим мактабларида ўз тенгқурлари қаторида таҳсил олмоқда.

Айтиб ўтиш жоиз, кохлеар имплантация операцияларининг ижобий натижаси амалиётдан кейинги реабилитацияга боғлиқ. Имплантация қилинган ўғил-қизларда операциядан кейинги тикланиш тадбирлари тўғри ўтказилмас экан уларда эшитиш ва нутқ ривожланиши, ҳаётга мослашув жараёни суст боради. Шу боис, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги сурдопедагоглар кохлеар имплантация реабилитация босқичларини ўзлаштириш бўйича таҳсил олишди ва ҳозирда марказ билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази қошидаги 40 ўринга мўлжалланган махсус “Туғма ва орттирилган ЛОР аъзолари касалликлари” бўлимида кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш учун барча шароитлар мавжуд. Бўлим замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган, маҳаллий ёш шифокорларимиз Россия, Франция, Италия, Польша, Австрия, Украина, Словакия каби давлатларнинг етакчи клиникаларида таҳсил олиб қайтишган.

 

Дилфуза АЗИМОВА

Яна ўқинг:  Паркентда Hаврўз

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: