Талабаларимизнинг дастлабки медаллари
Россиянинг Қозон шаҳрида бошланган XXVII Жаҳон универсиадасида дунёнинг 170 га яқин мамлакати талабалари спортнинг 27 тури бўйича 351 медаллар жамланмаси учун курашга киришди.
Нуфузли мусобақанинг биринчи куни 31 мамлакат вакиллари медалларга сазовор бўлди. Жаҳон универсиадасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган спортчиларимиз дастлабки медалларни дзюдо ва белбоғли кураш беллашувларида қўлга киритди.
Дзюдо бўйича 64 мамлакатнинг тўрт юз нафарга яқин талаба-спортчиси ғолиблик учун рақобатлашмоқда. 100 килограмм вазн тоифасида татамига чиққан истеъдодли полвонимиз Сойиб Қурбонов германиялик Дино Пфайфер, қирғизистонлик Болот Токтогонов, япониялик Рйоко Огава ҳамда Жанубий Корея вакили Шим Жи Хо устидан ғалаба қозониб, Ўзбекистон спорт делегацияси ҳисобига дастлабки бронза медални келтирди.
Яқинда Бухорода ўтган «Универсиада – 2013» мусобақаси ғолиби, жаҳон чемпиони Зайлобиддин Ортиқов «Жаҳон универсиадаси – 2013» дастурига киритилган белбоғли курашнинг эркин йўналишида бронза медалга сазовор бўлди.
Моҳир полвонимиз беллашувлар давомида мўғулистонлик Темуулен Саранхуу, япониялик Даисуке Фукагава ва грузиялик Омари Ниазашвилининг курагини ерга текказди.
Белбоғли кураш усталаридан Нозимжон Иброҳимжонов ҳам арманистонлик Карен Жаноян, грузиялик Рудольф Оганезов ва мўғулистонлик Отгонбаатар Лхагвасурендан устун келиб, бронза медални қўлга киритди.
Хотин-қизлар ўртасидаги оғир атлетика баҳсларида Навоий давлат педагогика институти талабаси Маҳлиё Тоғаева тўртинчи ўринни эгаллади. Осиё чемпионатларида совриндор бўлган истеъдодли спортчимиз бу гал 53 килограмм вазн тоифасида штангани даст кўтаришда 77, силтаб кўтаришда 96 ва иккикураш бўйича 173 килограмм натижани қайд этди.
Дунёда етакчилардан ҳисобланган ўзбек бокс мактаби тарбияланувчилари ёзги универсиада мусобақаларида ҳам зафарли одимларини давом эттирмоқда. Терма жамоамизнинг янги аъзоларидан 20 ёшли Ҳасанбой Дўстматов 49 килограмм вазн тоифасидаги жангларда озарбойжонлик Араз Имамакиев ва тожикистонлик Файзмамад Малахбековни катта устунлик билан енгиб, ярим финал йўлланмасини нақд қилди.
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси сардори, Осиё ўйинлари ғолиби Элшод Расулов италиялик Симон Фиорини, жаҳон чемпионати совриндори Жасурбек Латипов озарбойжонлик Турал Аҳмадовни, Осиё чемпиони Санжарбек Раҳмонов мексикалик Кевин Алехандро Ривасни, мамлакатимиз чемпионлари – Фазлиддин Ғойибназаров Хитой Тайпейи вакили Чин Юань Каони, Рустам Тўлаганов озарбойжонлик Абдулқодир Абдуллаевни, ёш боксчи Азизбек Абдуғофуров қирғизистонлик Нурсултон Осмоновни мағлубиятга учратиб, кейинги босқичга йўлланма олди.
Кеча бўлиб ўтган баҳсларда бокс бўйича Элшод Расулов, Жасурбек Латипов ва Мирзоҳид Абдуллаевлар бронза медали соҳиби бўлишди.Шунингдек, белбоғли курашнинг классик йўналишида гиламга чиққан жаҳон чемпиони Зайлобиддин Ортиқов терма жамоамиз ҳисобига иккинчи кумуш медални келтирди.
Зоҳир ТОШХЎЖАЕВ,
ЎзА.