Инсон табиатнинг бир бўлаги

Шифокор ҳузуридан аёл тушкун кайфиятда чиқди. Ҳануз қулоғида унинг сўзлари жаранглаб турарди: “Сизнинг дардингизга даво йўқ. Биз ожизмиз”.

Наҳотки, наҳотки, деган сўзлар миясида чарх урган аёл уйига қандай етиб келганини ҳам сезмай қолди. У эшикдан кира солиб, ҳўнграб йиғлаб юборди. Тушкун ўтаётган кунларнинг бирида руҳшунос тавсиясига кўра аёл уйида гул парвариш қила бошлади. Сўнгра, ўсимликлар ҳақида китоблар ўқиди, маълумотлар излади. Барглар орасида кўз очган ғунчаларни кузата бошлади, турли-туман рангларда қийғос очилган гулларни кўрганда эса болалардек қувониб кетди. У буткул ана шу юмушга шўнғиди. Ойлар ўтиб, хоналарни тўлдириб юборган гулларни қўни-қўшниларга ҳам ҳадя эта бошлади. Хуллас, ана шу гуллар туфайли аёл кўплаб янги суҳбатдош ва дўстлар орттирди. Оғир дарддан эса буткул фориғ бўлди…

Дарҳақиқат, табиат мислсиз шифокор экани ҳақида тортишиш ноўрин. Унда ҳаёт учун зарур бўлган барча омиллар мавжуд: қуёш, тоза ҳаво, сув, ўсимликлар учун озуқаманбаи бўлмиш тупроқ, тирик организмларнинг фасллар алмашинуви, эврилишлари учун мослашиш усуллари каби. Шу маънода табиатни сайёрамизга ҳаёт бахш этаётган улкан лабораторияга ўхшатиш мумкин. Бугунги кунда бутун дунё аҳолиси ўртасида экологик маданият ва экологик тарбияни ошириш масаласи долзарб бўлиб турибди. Боиси, ер курраси қуёшдан қулай узоқликда жойлашган ягона тирик “гул”, гўё. У битта, бошқаси йўқ. Экологик таназзулга рўбарў келаётган она еримизга муносабатни ўзгартириш, “Табиатга заррача зиён етказма!” ақидаси асосидаги ёндашувни инсоният тафаккурида шакллантириш жуда муҳим. Шундай экан экологик тарбия қанча эрта бошланса, шунча яхши. Бу борада энг оптимал палла мактабгача бўлган даврни қамраб олади. Айни шу фурсат бой берилмаслиги ўта муҳим.

Жаҳон ҳамжамиятида бу борада алоҳида тажриба тўпланган. Чунончи, Европа мамлакатларида экологик таълим муассасалари ташкил этилган бўлиб, бошланғич синф ўқувчилари амалий машғулотларга жалб этилади ва мактаблар атрофидаги ахлатлар йиғилади, чиқиндиларни қайта ишлашга доир мавзуларда тўпланган турли ашёлардан ўйинчоқ ёки моделлар ясалади.

Масалан, Швецияда “Мулле” деб аталадиган яшил мактаблар бор. Мазкур таълим масканларида болалар уч босқичли жараёнда табиатни ўрганадилар, тажриба ва кузатишлар олиб боришади. Ўзини оқлаган бу таълим шакли ҳозирда Норвегия, Япония, Болтиқбўйи давлатлари, Россияда ҳам қўлланилмоқда.

Яна ўқинг:  MAKTABGACHA TA’LIM MUASSASASI – san’at, madaniyat va sport maskani

Ёки Япония давлатини олайлик.

Табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш японларда гўдаклигидан шакллантирилади ва умри давомида аҳоли уқтирилган қоидалар асосида атроф-муҳитга эътиборли бўлишади.

Шундай бўлсада, ривожланган мамлакатларга хос бўлган маиший чиқинди масаласи Японияда ҳам кескин муаммо бўлиб турибди. Эндиликда Кунчиқар мамлакатда уларни қайта ишлаш саноати тараққий этиб, бу борада ўзига хос тажриба тўпланди. Чунончи, ҳозирда Япониядаги жами қоғознинг 50 фоизи қайта ишланган маҳсулот саналади.

Америка Қўшма Штатларида таълимнинг бошланғич босқичида болаларга Жуди Фридман, Маура О’Коннер дастурлари ўқитилади. Ушбу дастурлар ёрдамида жажжи ўқувчилар табиат қўйнида турли тажрибаларни амалга ошириб, атроф-муҳитни кашф этиб борадилар. Сув, ҳаво, ер ва табиатни асраш юзасидан нималар қилиш зарурлигини ўрганадилар. Биргина мисол, Жуди Фридман дастури қаҳрамони “қувноқ бақалоқ” Жилли Жем кичкинтойларга тез ювиниб, шу йўл билан сувни тежаш, бунинг учун душ қабул қилаётганда қисқа қўшиқ куйлаш кераклигини ўргатади. Сўнгра бу йўл билан неча литр сувни иқтисод қилиш мумкинлигини кўрсатади.

Халқимизда ҳам, азал-азалдан миллий қадриятларга асосланган тарбия усули мавжуд. У инсоннинг ҳам ботинан, ҳам зоҳиран камол топишига, шу ўринда, табиатга нисбатан муносабатини ҳам ўз ичига олган. Тийнатимиздаги ўзига хосликни таъминлайдиган яхлит ўзак, яъни миллий қадриятларга беписандлик оқибатида орамизда тирик борлиққа нисбатан манқуртларча ёндашувчи, ўзи ичадиган сувга чиқинди ташлаб, нонни ахлатга ташлайдиганлар пайдо бўлди. Ваҳоланки, аждодлар ўгитида табиат фарзандлари – жониворларга озор бериш катта гуноҳ экани, турар жойни пок сақлаш ва сувни булғамаслик инсонийликнинг олий кўриниши экани зикр қилинган.

Тасаввур қилинг, фарзандингизни илк бор ўрмонга ёки табиат қўйнига олиб бордингиз. Унинг кўз ўнгида тамоман ўзга олам намоён бўлади. Табиат гўшасида кичкинтойнинг борлиқни идрок этадиган барча сезги ҳиссиётлари жунбушга келади. Турли гиёҳ, ўт-ўланлар, гуллар, ўсимлик ва дарахтларнинг анвойи ифорлари, табиат фарзандлари бўлган ҳайвонлар, қушларнинг овозлари, турфа рангларни айтмайсизми, барчаси бола онгига чуқур муҳрланади. Айнан шу ернинг ўзида болаларга митти жониворлар, капалак, чумолиларнинг ҳаракатини кўрсатиш, кузатиш, уларнинг ҳаёт тарзини тушунтириш, табиат, ўрмон ҳаёти қатъий қонуниятлар асосида бардавом бўлиб, у тирик эканини қизиқарли тарзда сўзлаб бериш жуда муҳим. Бундай фараҳбахш гўшаларда инсон гулхан ёқиб, чўғни ўчирмасдан кетиши, ўзидан кейин чиқиндиларни қолдириши гуноҳга тенг экани ва жиноятлигини тушунтириш мақсадга мувофиқдир. Шу тариқа болада экологик тарбия шаклланиб боради. Айтмоқчимизки, улар билан манзарали ошёнларга чиқиш оддий сайр бўлиб қолмаслиги керак. Боз устига, оилавий экскурсия вақтидаги топилмалар, яъни табиий маҳсулотлар – сабзавот, мевалар, уруғлар, гуллар, тошлар, қуриган япроқлардан уйда биргаликда тасвирий асарлар яратиш нақадар мароқли. Улар турли хил аппликация, расм ёки буюмлар бўлиши мумкин. Бундай тадқиқотни оддий томорқада ҳам амалга оширишнинг имкони бор. Отасининг ёнида куймаланаётган болажонга томорқа бурчагида бир парча ер ажратиб берилса, у ҳам турли савзавотларнинг уруғларини ўзи экиб, ўстирса, кузатиб, ҳосилидан катталарни баҳраманд этса, ёш тадқиқотчи қалбида қандай яхши фазилатлар илдиз отишини бир ўйлаб кўринг-а. Агар унинг эккан “арзандалари” ҳақидаги кузатишлари қайд этиб бориладиган кундалик тутилса, ҳар бир жараён натижаси ёзиб борилса-ку, бу уни интизом ва сабрга ўргатарди.

Яна ўқинг:  Ҳинд сори юзланиб

Ёш авлодга она табиатни севиш, ардоқлаш фазилати нечоғли чуқур сингдирилса, пировардида уларнинг қалбида Ватанга бўлган муҳаббат ҳисси улғайиб боради.

Феруза АКРАМХОДЖАЕВА,

Ўзбекистон давлат табиат музейи катта илмий ходими

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: