Нафсни ислоҳ қилувчи заҳмат

ёки каффорати улуғ касалликлар хусусида

Инсон учун саломатликдан кўра муҳим нарса йўқ. Шу боис хасталиклардан сақланиш, соғлиқни асраш ва мустаҳкамлашга ҳамма бирдек мажбур. Бунда турли муолажалар, бадантарбия машқлари, спорт билан шуғуланишнинг нечоғли аҳамиятли экани сир эмас. Ёки шифобахш неъматлардан танов­вул қилиш, шифокор ва табиблар қабулида бўлиб, уларнинг маслаҳат ва тавсияларига амал қилишга жиддий эътибор қаратиш зарур.

Ривоят қилинишича пайғамбаримизнинг (с.а.в.) амакилари Аббос (р.а.) Расулуллоҳдан дуо ўргатишни сўраганларида, у киши: «Аллоҳдан авф ва офият тилагин. Зеро, У ҳеч кимга қатъий иймон-ишончдан кейин офиятдан кўра афзалроқ неъмат ато этмаган», деган эканлар. Офият эса танларимиз соғ­лиги, ризқларимиз мўллиги ва турли хавф-хатарлардан омонликдир.

Шуни афсус билан қайд этиш жоизки, саломатлик ва офиятнинг қадри аксарият ҳолларда улар қўлдан бой берилгандагина билинади.

Айримлар хасталик ва дардни Яратганнинг ғазабига учраганлик ва жазо сифатида қабул қилади. Аммо дард кишилар иродасини синовдан ўтказувчи бир имтиҳон десак, янглишмаймиз. Чунки, ҳадиси шарифлардан бирида айтилганидек, одамлар ичида энг қаттиқ балоларга йўлиқадиганлар анбиёлар, улардан кейин машаққатли синовлар уларга эргашган солиҳларга, кейингиси ўшаларга эргашган солиҳларга бўлади. Яъни, касалликлару машаққатлар, мусибатларнинг энг оғирини пайғамбарлар чекканлар. Набий(саллолоҳу алайҳи васаллам) бир куни «мен сизлардан икки киши оғригандек оғрийман», деган эдилар. Ҳолбуки, ул зот башарият саййиди, анбиёлар Ҳотами, ­Раҳмоннинг халилидирлар.

Чеккан дарди туфайли инсоннинг гуноҳлари кечирилибгина қолмай, танадаги ортиқча ғубор ва зарарли моддалар ташқарига чиқишини, ҳужайралар янгиланишини, айрим аъзоларнинг фаолияти қайтадан изга тушишини ҳам унутмаслик лозим. Қолаверса дард чекиш туфайли инсон Яратганни кўпроқ эслайди. Унга янада яқинлашади, саломатликнинг қадрига етадиган бўлади. Соғайиб кетгач эса соғлом юрган ҳар лаҳзаси учун Аллоҳга шукр қилади.

Демак, касалликни асло ёмонлик сифатида эмас, балки ортидан кўп яхшиликлар ва неъматлар эшигини очиб берадиган Аллоҳнинг бир синови ва неъмати деб қабул қилиш керак. Инчунун, танага етган заҳмат нафсни ислоҳ қилади, беморни Аллоҳга яқинлаштиради, сабрни юзага чиқаради, киши сиҳат-салолматлик энг катта неъмат – бебаҳо хазина эканини англаб етади. Беморни кўргани бориш ҳам хайрли амаллардан бўлиб, бу ҳақида ҳадиси қудсийда: «Аллоҳ таолло айтади: Эй, Одам боласи! Фалон бандам касал бўлди, кўргани бормадинг, агар борганингда унинг ҳузурида Мени топган бўлардинг»

Яна ўқинг:  Мияни зарарловчи 12 одат

Инсоннинг роҳатни, тана ором олишини кутиши ҳам айни хасталик оқибатида юзага келади. Аслида нажотни кутиш ибодатларнинг афзали, у қалбни Аллоҳга боғлайди. Ривоят қилишадики, Фузайл ибни Иёзнинг кичик ёшли қизлари бор эди. Кунлардан бирида, қизнинг кафтига бир яра чиқди. Фузайл ундан: «Қизим, кафтинг тузукми?» деб сўради. Шунда қизча: «Раҳмат, отажон яхшиман. Аллоҳга қасамки, гарчи Аллоҳ мени танамни оз қисмига офият ато этганидир. Аллоҳ кафтимга касаллик берди, қолган аъзоларимни эса соғ қолдирди. Бунинг учун Аллоҳга ҳамд бўлсин» деб жавоб берди.

Касаллик туфайли гуноҳлар каффорат қилинади. Имом Аҳмад саҳиҳ санад билан Ибн Умардан ушбу ҳадисни ривоят қиладилар: «бир кунлик иситма бир йиллик гуноҳларга каффоратдир». Имом Аҳмад ва Насоий­ Абу Саид разиаллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Кунларнинг бирида бир киши Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васалламдан сўради: Ё Расулуллоҳ биз учун касалликларда нима бор? Расулуллоҳ: «Каффорат бор» дедилар. Шу суҳбатда иштирок этаётган Убай ибн Каъб сўрадилар: «Ё Расулуллоҳ оз миқдорда бўлса ҳамми?» Расулуллоҳ саллолоҳу алайҳи васаллам: «Бир тикан киришдан бошлаб ундан юқоригача» жавоб бердилар. Шунда Убай ўз ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан ҳаж, умра, жамоат намози ва ҳоказодан тўсмайдиган доимий иситмани сўради. Ровий айтадиларки, Убай ўзига шу дуони қилганидан кейин, унинг қўлини ушлаган киши уни ҳамиша иситма ҳолида топарди. Бу ҳол то унинг вафотигача давом этди. Муқаддас динимизда бирор касалликка чалинганларга ўзларини муолажа қилиш, омонат жонни, моли ва ақлини доимо муҳофаза қилиш буюрилган. Пайғамбаримиз (с.а.в.) тиб илмидан ҳам анча хабардор эканлари, ҳадисларда акс эттирилган беозор даво чораларидан ҳам намоён бўлади. Алқисса, бошлари оғриса, уни маҳкам боғлардилар. Очликдан меъдалари оғриганида ейишга ҳеч нарса тополмасалар қоринларига тош боғлаб олардилар. Шунингдек, Коинот сарвари бош оғриғидан халос бўлиш учун хина қўйишни, кўз касалликларида тинчликни сақлаш, осойишталик ва дам олишни тавсия қилганлар. Томоқ оғриғини даволашда ҳинд ёғочини, қорин оғриғида асални қўллаш кони фойда эканини зикр этганлар. Ул зот (алайҳиссалом)шифо сутда, асалда ва куйдиришда эканини айтиб, куйдириб даволашдан қайтарганлар. Яна бир ҳадисларида даволанишига чақириб (маъноси):»Даволанинглар, зеро Аллоҳ нимаики дард яратган бўлса, албатта унинг давосини ҳам яратган. Қачонки, даво дардга мувофиқ келса, албатта Аллоҳнинг изни билан шифо топади» дея марҳамат қилганлар.

Яна ўқинг:  Қовоқ уруғи паразитларни туширадими?

Абул Барокотнинг ёзишича, «Бир касаллик чиққан жойда бўлсангиз, бошқа бирор ёққа чиқманг, бир ерда касаллик тарқаса у ерга саёҳат қилманг», деб буюриб, карантин усулини ҳам илк марта Расулуллоҳ (с.а.в.) тавсия этганлар. Яна у зот барча касалликларда парҳезга буюриб, «Ҳамма даволарнинг боши шудир», деганлар.

Пайғамбар (с.а.в.)нинг кунига бир неча марта мисвок билан тишларни тозалашга буюришларининг ҳикмати ҳам жуда катта. Олимларнинг эътироф этишича, мисвок нафақат нохуш ҳидларни йўқотади, балки кўплаб тиш ва милк касалликларининг олдини олади. Уларни мустаҳкамлайди, ов­қат ҳазмини яхшилайди. Бундан ташқари, юрак, меъда, ҳатто кўз хасталикларига даво бўлади. Тадқиқотларда мисвокнинг овозни чиройли қилиши, юзни гўзаллаштириб, заковатни кучайтириши ҳамда қаришни секинлаштириши каби кўплаб хосиятлари намоён бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар бир фуқаронинг малакали тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга эканлиги ўз ифодасини топган. Дарҳақиқат, юртимизда ҳеч бир фуқаро ушбу ғамхўрликдан четда қолган эмас. Айниқса, мамлакат мустақилликка эришгач, соғлиқни сақлаш, аҳолига малакали тиббий хизмат қўрсатиш, шифо масканларини реконструкция қилиш ва уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар амалга оширилди. Диёримизнинг барча ҳудудларида беморларга бепул тиббий хизмат кўрсатилиши баробарида, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш илмий марказлари ҳам фаолият юритаётир. Ҳатто, энг чекка қишлоқларда ҳам замонавий жиҳозланган тиббиёт муассасалари – қишлоқ врачлик пунктлари аҳоли саломатлиги йўлида беминнат хизмат қиляпти. Она ва бола саломатлиги жиддий муҳофазага олингани боис, шаҳар ва туманларда оналар ва болалар марказлари, скрининг, перенатал марказлари фаолияти кенг йўлга қўйилди. Кейинги йиллар мобайнида юртимизда тиббий хизмат сифати ва кўлами тобора яхшиланиб бормоқда.

Дардни берган, унинг шифосини ҳам беради, дейишади. Бироқ, асл ҳақиқат шуки, Аллоҳ ҳам ўзини асраганни асрайди. Танаси ва қалбини тоза, пок сақлаганларга дард яқин йўламайди. Жаннатмакон ўлкамизда инсон саломатлиги устувор саналиб, шарт-шароитлар етарли бўлишига қарамай, саломатлигимизни сақлаш, хасталикка чалинмаслик чораларини кўриш энг аввало ўзимизга боғлиқ.

Ҳар бир фуқаро тиббий саводхонлигини ошириб, ўзи ва оила аъзоларининг соғ­лиғига жиддий эътибор бериши зарур.

Одилхон қори ИСМОИЛОВ,

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман бош имом-хатиби

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: