Ўнинчи синф ўқувчиси: унинг касб-ҳунар эгаллаши учун шароитлар етарлими?
Ўтиб бораётган йил юртимизда ўзгаришлар даври бўлди. Барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам муҳим янгиланишлар кузатилди. Айтиш жоизки, буларнинг барчаси халқимиз фаровонлиги, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш билан бевосита боғлиқ.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига ота-оналардан бўлган мурожаатларда умумтаълим мактабларида 10-11-синфларни ташкил этиш юзасидан кўплаб таклифлар билдирилгани боис, жорий ўқув йилидан бошлаб юртимиздаги умумтаълим муассасаларида 11 йиллик умумий ўрта таълим тизими жорий этилди. Ўқувчилар ва ота-оналарнинг хоҳиш-истакларидан келиб чиққан ҳолда мамлакатимиздаги мактабларда ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатишнинг янги тизими – ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилиниб, янги ўқув йили бошлангунга қадар бу мажмуаларни ўқув жиҳозлари, касб-ҳунар ўрганиш учун зарур анжом ва ускуналар билан таъминлаш бўйича масъул идора ва шахслар белгиланганди. Бу борада Жиззах вилоятида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.
– 2016–2017 ўқув йилида вилоятдаги 542 та умумий ўрта таълим мактабининг 9 синфини 21 минг 56 нафар ўқувчи тамомлади. Ҳозирда вилоятдаги мавжуд мактабларнинг 516 тасида 10-синф мавжуд бўлиб, уларда 12 минг 637 нафар ўқувчи билим олмоқда, – дейди биз билан суҳбатда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исомиддин Умаров. – Битирувчиларнинг 870 нафари академик лицейларда, 7 минг 524 нафари касб-ҳунар коллежларида таълимни давом эттирмоқда.
Вилоятдаги 60 та касб-ҳунар коллежи ҳамда 68 та мактабда жами 128 та ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилиб, уларда ўқувчилар, чилангар, тикувчи, ҳайдовчи, дурадгор, сувоқчи, новвой, қандолатчи каби жами 40 дан ортиқ чуқур тайёргарлик талаб этмайдиган касб-ҳунарларни эгаллаш имконига эга бўлмоқда.
– Мактабимизда чилангарлик, тикувчилик каби касб-ҳунарлар бўйича 158 нафар 10-синф ўқувчилари таҳсил олмоқда. Ўқув режасига кўра 10-синф ўқувчиларига ҳафтада 5 кун умумтаълим фанлари ва 1 кун касбий фанлар ўтилади. Айтиш жоизки, уларнинг ўзлари танлаган соҳаларига қизиқишлари жуда юқори, – дейди “Умид” ихтисослашган давлат умумтаълим мактаб-интернати директори, Халқ таълими аълочиси Санобар Суярова.
– Мен ушбу ихтисослашган мактаб-интернатининг 10-синфида таҳсил оламан. Инглиз тили ва ахборот технологияларига қизиқишим юқори. Маълумки, XXI аср техника асридир. Сир эмаски, ҳозирда энг ривожланган соҳалар қаторида ахборот-технологиялари тилга олинади. Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуамизда касб-ҳунар сирларини пухта ўрганишимиз учун етарли шароитлар яратилган, – дейди Фахриддин Салоҳиддинов.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу мажмуаларда касб эгаллаган ўқувчиларга 11-синфни тамомлаганидан сўнг етуклик аттестати билан бирга, меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имконини берадиган давлат намунасидаги ҳужжат ҳам тақдим этилади.
Хуршида ҲУСЕНОВА,
“Sog‘lom avlod” мухбири