Кутубхона – зиё маскани

Китоб – барча бунёдкорлик, яратувчанлик ва ақл-идрок, илму донишнинг асоси, ҳаётни ўргатувчи мураббийдир. Ушбу маънавият масканини вақт тўлқинларида сузиб, авлоддан-авлодга қимматбаҳо юкни эҳтиётлаб етказувчи хаёллар кемасига қиёс этишади. Энг кўп китоб жамлай олган кутубхоналар эса ҳақиқий дурдоналар маконидир.

Қадимий кутубхона

Лондонда жойлашган Оксфорд университетининг “Bodleian” номли кутубхонаси дунёдаги қадимий маънавият масканларидан саналади. У 1602 йилда ташкил этилган. Кутубхона ҳозирда ҳам фаолият юритади. У ерга кун давомида тўрт минг ўқувчи ташриф буюради. Йил давомида ташриф буюрувчилар сони бир ярим миллионга етади.

Энг катта электрон кутубхона

Ҳозирда электрон кутубхоналар тез суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Биз уларнинг айримларидан хабардормиз. “The Google Books” энг йирик электрон кутубхона саналади. У Google томонидан яратилган. Бу ерда бир юз ўттиз миллиондан ортиқ китоб рақамлаштирилган бўлиб, улар 480 тилга таржима қилинган. Бу рақамлар дунё бўйича ёзилган китобларнинг 20 фоизи рақамлаштирилганидан ва уларнинг барчаси электрон кутубхонага жойлаштирилганидан далолат беради. Google дунёдаги барча китоблар рақамлаштирилмагунча бу борадаги фаолиятини давом эттиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Энг нодир китоблар сақланадиган йирик кутубхоналар

Бугунги кунда “Congress” кутубхонаси дунёдаги энг йирик ва гўзал кутубхоналардан биридир. 1800 йил 740 та китоб билан ташкил этилган ушбу маънавият масканининг бугунги китоб фонди 155 миллиондан ортади. Улар 470 тилга таржима қилинган. Таъкидлаш жоиз, ушбу кутубхонада дунёдаги энг машҳур ва энг қиммат китоблар сақланади. Бундан ташқари ушбу даргоҳда қўлёзмалар, аудио ёзувлар ва фильмлар нусхалари ҳам бор. Кутубхонада 18 та ўқув зали мавжуд. Кун давомида бир ярим минг ўқувчи ташриф буюради. Йил давомида кутубхона хизматидан 1 миллион 700 мингдан ортиқ инсон фойдаланади. Бу масканда ишловчилар сони эса 3 минг 600 нафарни ташкил этади.

Дунёнинг йирик кутубхоналаридан яна бири Россия Миллий кутубхонасидир. Сант-Петербург шаҳрида жойлашган мазкур кутубхона Европада пайдо бўла бошлаган илк кутубхоналардан саналади. Китоблар орасида кўплаб хорижий тилларда нашр этилган асарларни учратиш мумкин. Ушбу масканда ўттиз уч миллиондан ортиқ китоб мавжуд. Бу ерга йил давомида камида бир ярим миллион одам ташриф буюради.

Яна ўқинг:  Baxtiyor damlar sururi

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси

Пойтахтимизда жойлашган ушбу маскан ҳам ўзининг чиройи ва китоблар фонди билан жаҳон кутубхоналаридан кам эмас.

Ушбу даргоҳ 1870 йил май ойида Тошкент оммавий кутубхонаси сифатида очилган. 1870 йил май ойида 2200 томдан (1200 номдаги) ортиқ адабиётлар йиғилиб, кутубхона фондининг асоси яратилган.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида фойдаланувчиларга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиш учун кенг имкониятлар яратилган. Жумладан, 800 ўринли 13 та ўқув залига ахборот-кутубхона фаолиятини юқори даражада олиб боришга мўлжалланган замонавий асбоб-ускуналар ва техник воситалар ўрнатилган бўлиб, Wi-Fi тизими йўлга қўйилган.

1948 йили кутубхонага буюк ўзбек шоири Алишер Навоий номи берилди. Ўша пайтда нодир ва қадимий нашрлар бўлими ташкил этилиб, унда 2 мингдан ортиқ китоб, жумладан, 250 та автографли, 151 та экслибрисли китоблар жамланган эди. Айни пайтда бу фонд 16 мингдан ортиқ ҳисобланади.

2002 йил 12 апрелидан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси “Миллий” мақомини олди.

Кутубхона тарихидаги кейинги босқич Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг ташаббуси билан 2011 йили пойтахтимизда шаҳарсозлик маданиятининг яна бир ноёб намунаси – “Маърифат маркази”нинг бунёд этилиб, ундан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг жой олиши буюк мутафаккир бобомизга бугунги авлодларнинг юксак эҳтироми намунаси бўлди.

“Турон” кутубхонаси

Мазкур даргоҳ республикамиздаги энг йирик кутубхоналардан бири саналади. 1919 йил “Турон” номи берилган кутубхона биносида дастлаб Абдулла Авлоний бошчилигида “Турон” театр труппаси тузилган. Тошкент маърифатпарварларининг “Турон” жамияти ташаббуси ва уларнинг шахсий китоблари ва совға қилган жамғармалари асосида мазкур кутубхонага асос солинган. Ушбу маскан Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Маннон Уйғур каби тараққийпарвар зиёлиларни бирлаштирган.

Ҳозирги кунда кутубхонанинг китоб фонди жуда бой. Қолаверса, 100 га яқин даврий нашрлар билан кутубхона фонди мунтазам тўлдириб борилади. Ушбу масканда автоматлаштириш кенг йўлга қўйилган бўлиб, Ўзбекистонда биринчилардан бўлиб кутубхона жамғармасидаги 75 минг нусха ўзбек тилидаги адабиётларнинг электрон каталоги тузилган.

Х. ҲУСЕНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: