Тажриба ва малака – тиббиётнинг бош мезони

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2017–2021 йилларда республикамизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кадрлар тайёрлашнинг маъно-мазмунини тубдан янгилаш, халқаро стандартлар даражасида олий малакали мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратишга доир муҳим масалалар белгиланган.

Тошкент давлат стоматология институтида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “2017–2021 йилларда Олий таълим тизимини комплекс ривожлантириш” дастурига мувофиқ ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилди.

2016–2017 ўқув йилида кўплаб олийгоҳ талаба ва илмий ходимлари Германия, Корея Республикаси, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, АҚШ, Австрия, Беларусь ва Норвегия каби хориж мамлакатларида ўтказилган маҳорат дарслари ва конференцияларда иштирок этди.

Шу билан бирга институтнинг 3 нафар талабаси Москва давлат стоматология тиббиёт университетида ташкил қилинган халқаро олимпиадада муваффақиятли иштирок этди.

Бугун ушбу талабалар таълимнинг магистратура ва клиник ординатура босқичида ўқишни давом эттирмоқда.

ТДСИ кўплаб хорижий ОТМ ва компаниялар билан ҳамкорлик меморандуми ва шартномалар имзолади. Ҳозирда ушбу ҳамкорлик доирасида кенг кўламли илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда. Шу кунларда яна 5 та ҳамкор ташкилот – Чилининг Талка университети, Россиянинг Сеченов тиббиёт университети, Қозоғистон тиббиёт академияси, Қозоғистон тиббиёт университети ва Кореянинг Кюнг Пук университетлари билан меморандум имзолаш ишлари амалга оширилмоқда.

Германиянинг Виттен-Хердекке университети, Кореянинг Ёнсей университети, Ростов илмий текшириш институти ҳамда Алмати шаҳридаги Врачлар малакасини ошириш институтидан профессорлар олийгоҳга ташриф буюриб, талабалар, клиник ординаторлар ва магистрлар учун маърузалар ўқиди. Улар ёш олимлар билан давра суҳбатлари, профессор-ўқитувчилар ва шифокорлар учун “Маҳорат дарслари” ўтказди.

Ўзбекистонга келиб маъруза ўқишим, “Маҳорат дарслари” ташкил этиш учун 2017 йил охиригача 17 нафар хорижлик мутахассис рўйхати шакллантирилган. Малака ошириш, амалиёт ўташ, магистратура ва докторантурада таълим олиш учун Москва давлат стоматология университети ва Кореянинг Ёнсей университетлари билан музокара ўтказилди. У ерга юбориш учун 19 та ходим ва битирувчи тайёрланмоқда. Бундан ташқари, Кореянинг Сеул миллий университетига 4 нафар талаба ва 1 нафар профессор ўқитувчи 10 кунлик малака оширишга юбориш режалаштирилган, – дейди Тошкент Давлат стоматология институти халқаро алоқалар бўлими бошлиғи, Бахтинур Худанов.

Ушбу ишларнинг мантиқий давоми сифатида Кореянинг Ёнсей университети, профилактик стоматология ва оғиз бўшлиғи саломатлиги кафедраси профессори Хо Кюнь Квон, Дмитрий Копылов, Элберт Жозелин де Йонг институтга ташриф буюрди.

Яна ўқинг:  Тиббиёт соҳасидаги ютуқ ва муаммолар

Профессор Квон бутун дунё стоматология соҳасида улкан ютуқларга эришган олим ҳисобланади. У Корея стоматология академияси вице-президенти, Ёнсей университети стоматология институти ректори лавозимида ишлаган. Квон 5-12 ноябрь кунлари институтда маърузалар, “Маҳорат дарслари” ўтказишни режалаштирган.

Элберт Йозелин де Йонг дунё миқёсида таниқли физик олим, стоматология соҳасида катта кашфиётлар соҳиби, кариесни эрта ташхислаш, оғиз бўшлиғи гигиеник ҳолатини компьютер технологиялари воситасида аниқлаш бўйича кашфиёт яратган. Дунёнинг етакчи олийгоҳларида, жумладан, Ливерпуль университети, Нидерландиянинг Акта университетларида фаолият юритган. Ҳозирда Кореянинг Ёнсей университетида профессор лавозимида фаолият юритмоқда. Бизнинг институтимиз билан 3 йилдан бери ҳамкорликда чуқур илмий изланишлар олиб бормоқда, – дейди Тошкент Давлат стоматология институти матбуот котиби, Шоҳинур Мирзаев

Дмитрий Копылов таниқли россиялик стоматолог олим. “Копылов Стоматология докторлари” клиникаси таъсисчиси. Тишларни тиклаш ва уларни оқартириш бўйича бир қанча илмий ишлар муаллифи.

Ушбу тадбирлар доирасида институт талабалари, клиник ординаторлар ва магистрлар учун маърузалар ўқиш, ёш олимлар билан давра суҳбатлари, профессор-ўқитувчи ва шифокорлар учун “Маҳорат дарслари” ўтказилиши кўзда тутилган.

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: