Болажонларга завқ улашиб…

Санъатни севмайдиган, ундан ҳайратланмайдиган бола бўлмаса керак. У кичкинтойларга гўзаллик, чинакам дўстлик ва бахт-саодат улашади.

Мактабимизда бошланғич синфлар ўртасида бир неча йиллардан бери рассомчилик, ҳайкалтарошлик, рақс, мусиқа каби ўнга яқин тўгараклар фаолият юритмоқда. Ўзим раҳбарлик қилаётган рассомчилик тўгарагида болажонлар асосан предметнинг ўзига қараб чизиш, рангларни аралаштириб бошқача ранглар ҳосил қилиш, композиция – сюжет тузиш асосида расм ишламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллигига атаб ўқув даргоҳимизда “Ҳаётимиз қомуси” мавзусида расмлар танлови ташкил қилдик. Кўрикка ўқувчилар томонидан 100 га яқин ижодий иш топширилди. Тўгарак аъзоларидан Мухлиса Муродова, Хуршида Облақулова, Орзумурод Холмуродов каби ёш муссавирлар кўрик-танловнинг туман босқичида ҳам муваффақиятли қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллашди. Шунингдек, расм чизиш бўйича “Ўзбекистон ҳайвонлари” ва “Эртаклар – яхшиликка етаклар” мавзуларида ҳам танловлар бўлиб ўтди.

Деворий газеталарнинг кўркам, безакли ва мундарижаси бой бўлиши тўгарак аъзоларининг маҳоратларига ҳам боғлиқ. Жумладан, “Бойчечак”, “Ғунча”, “Ниҳол” каби деворий газеталар ана шулар сирасига киради. Кичкинтойлар муҳим кунлар ва шонли саналарга атаб мунтазам расмлар чизиб боришади. Улар мактаб маъмурияти томонидан рағбатлантирилади.

Миниатюра – ўзига хос санъат асари бўлиб, унда фалсафа ва нозик дид мужассам. Мусаввир рангларни шунчаки ифодаламайди, балки уларни қалбидан, юрагидан ўтказиб чизади. Биз болажонларга шулар ҳақида маълумотлар бериб бораяпмиз. “Чизиқлар, шакллар, ранглар – худди тирик мавжудотга ўхшайди. Улар куйлайди ҳам, сайрайди ҳам, ўйлатади ҳам”, – деган эди Чингиз Ахмаров.

Биз педагоглар машғулот давомида тўгарак аъзоларига маҳорат, нозик дид, таниқли мусаввирлар ишларидан хабардор бўлиб бориш зарурлигини таъкидлаймиз. Улар доимо ижодий яратувчанлик ва изланишдан асло чарчамасликлари ва борлиқни тасвирлай билиш кераклигини англашларини тушунтириб борамиз.

Нигора БОЗОРБОЕВА,

Ғаллаорол туманидаги 73-умумтаълим мактаби ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Авcтриялик шифокор ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашди

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: