Ботулизм – ҳаёт кушандаси

Хонадон шароитида тайёрланган, сифати кафолатланмаган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида аҳоли ўртасида овқатдан заҳарланиш – ботулизм касаллиги учраб туради.

Бунинг сабаби оддий – уй шароитида консерва маҳсулотларини тайёрлашда зарур технологик жараёнлар, санитария меъёрларига тўла риоя қилинмайди. Натижада консервадаги ботулизм споралари тез ривожланади ва ўзидан заҳарли токсинлар чиқаради.

Ботулизм споралари билан зарарланган консерва маҳсулотларини ташқи кўриниши ва таъмида деярли ўзгариш кузатилмайди. Айрим ҳолатларда шиша идишнинг тунука қопқоғи шишади. Бундай маҳсулотни истеъмол қилиб заҳарланган одамда унинг белгилари пайдо бўлиши жараёни икки соатдан саккиз-ўн кунгача чўзилади. Беморда ҳолсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қорин соҳасида оғриқ пайдо бўлиши, жисмлар кўзига иккита бўлиб кўриниши (диплопия), ютиш ва гапириш қобилиятининг пасайиши, бўйин ва оёқ мушаклари заифлашиши каби касалликнинг клиник белгилари кузатилади. Хаста кишини уй шароитида ҳар ким ўз билганича даволаши қатъиян ман этилади.

Бундай вазиятда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак. Акс ҳолда касалликнинг оғир шакллари – юрак, қон-томир ва нафас тизими хасталиклари юзага келиши, бунинг натижасида беморнинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкин. Ҳар қандай касалликлар каби ботулизмнинг олдини олиш ҳам инсоннинг ўз қўлида. Уй шароитида бодринг, помидор, паттисон (“сабзавотли ликопча”) маринадлари, бақлажон икраси каби консерва маҳсулотларини тайёрланишини тавсия этмаймиз. Бундай шароитда тайёрланган консерва маҳсулотларининг сифатига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Чунки, консерва маҳсулотлари тайёрлашдаги зарур технологик жараёнлар, яъни консерва заводларидаги каби юқори босим остида 120-125 С ҳароратда ўтказиладиган стерилизация жараёнини уй шароитида бажариб бўлмайди.

Айнан шундай сифат сертификати, ёрлиқларига эга бўлмаган, бир сўз билан айтганда истеъмол учун яроқсиз ҳисобланган консерва маҳсулотлари бозорларда, кўча-кўйларда ва белгиланмаган ноқонуний савдо расталарида сотилаётган бўлса, истеъмолчи сифатида бундай маҳсулотларни харид қилмаслик керак.

Хонадон шароитида олча, олхўри, узум, шафтоли, ўрик каби мевалардан мурабболар, бодринг, помидор, карам каби сабзавотлардан сирли идишларда тузламалар, мевалардан қоқилар тайёрланса мақсадга мувофиқ бўлади.

Мамлакатимизнинг Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари тегишли ҳукумат ва жамоат тузилмалари вакиллари билан ҳамкорликда бозорларда, савдо мажмуаларида, белгиланмаган жойларда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотлари сотилишининг олдини олиш ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида мунтазам рейдлар ўтказиб келмоқда. Таълим-тарбия муассасаларида ва жамоат жойларида фаолият юритаётган умумий овқатланиш шахобчаларида санитария-гигиена қоидаларига тўлиқ риоя этилишини таъминлаш доимий эътиборда. Ўз навбатида ишлаб чиқарувчиларимиз ҳам халқимиз дастурхонига хилма-хил маҳсулотлар етказиб бериш мақсадида кенг қамровли ишларни амалга оширмоқда. Бугун юртимиздаги қайси бир савдо мажмуаси ва бозорга кирсангиз улардаги маҳсулотларнинг хилма-хиллигини кўриб кўзингиз қувонади. Хусусан, гипермаркет, супермаркет ва минимаркетлар, бозорларда саноат усулида, технологик жараёнлар ҳамда белгиланган талаблар асосида ишлаб чиқарилган консерва маҳсулотларининг барча турлари мавжуд. Уларни сақлаш шароитига ҳам тўла риоя этилади. Ушбу маҳсулотларнинг деярли барчаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилган ва сифати мувофиқлик сертификати билан кафолатланган.

Яна ўқинг:  Emotiv EEG ўй-хаёлни ўқий оладиган ғаройиб қурилма

Дастурхонларимизни безатиш учун ана шундай замонавий савдо масканларига ташриф буюриш мақсадга мувофиқдир. Сотиб олинган ҳар бир озиқ-овқатнинг сақланиш шароитига ва муддатига ҳам қатъий риоя этиш зарур. Истеъмол учун яроқлилик муддати ўтиб кетган колбаса, торт, пишириқлар ва бошқа қандолат маҳсулотлари ҳамда салатларни истеъмол қилиш ҳам соғлиққа зарар етказади.

Хулоса қилиб айтганда ҳар ким ўзи ва оиласининг соғлиғи учун аввало, ўзи масъул эканини унутмаслиги керак.

Абдусалом САТТОРОВ,

Республика ДСЭНМ Овқатланиш гигиенаси бўлинмаси санитария шифокори

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: