Ўзидан асорати хавфли ёки глаукома қандай дард?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра ер юзида кўзи ожиз беморлар 65 миллион нафар бўлиб, улардан 19-20 фоизини глаукома билан хасталанганлар ташкил этади. Касалликни эрта аниқлаш, уни тўғри даволаш ва олдини олиш чоралари офтольмологиянинг ҳамон долзарб мавзуси бўлиб келмоқда. Одам кўз касалликлари билан хасталанмаслиги учун нима қилиши лозим? Кўзни асраб-авайлаш билан боғлиқ қандай маслаҳатларга муҳтожсиз? Биз шу ҳақида тиббий маълумотга эга бўлиш учун Тошкент шаҳри, Учтепа туманида фаолият юритаётган тажрибали офтольмолог, тиббиёт фанлари номзоди Равшан МИРХОЛИҚОВ билан суҳбатлашдик:

 

Глаукома касаллиги ҳақида тўхталиб ўтсангиз. Ушбу дарднинг келиб чиқишнинг асосий сабаблари нималарга боғлиқ?

Бу дард сурункали ривожланиб борувчи кўз касаллиги ҳисобланади. Хасталик асосан кўз ичи босимининг кўтарилиши билан кечади. Глаукоманинг келиб чиқиши ривожланиши бўйича кўздаги суюқлик алмашиниб туришининг бузилиши, кўрув асаб толаси ва кўз тўқималарида озиқланишнинг бузилиши сабабли беморнинг кўриш қобилияти пасайишидир. Касаллик ўз вақтида даволанмаса, кўриш қобилиятининг тиклаб бўлмайдиган даражада пасайиши, ҳаттоки, кўрликка олиб келиши кузатилади. Жаҳон миқёсида тиклаб бўлмайдиган кўрликнинг етакчи сабабларидан бири ҳам ушбу хасталик ҳисобланади.

Инсонларда глаукома касаллигининг келиб чиқиш сабаблари ҳанузгача аниқланмаган. Ҳозирги кунда бу кўз хасталигининг пайдо бўлиб, ривожланишига олиб келадиган бир қатор омиллар аниқланган. Хасталикка асосий мойиллик омилларидан бири – бу инсоннинг ёшидир.

Глаукома кўпроқ 35-40 ёшдан ошгандан кейин учрайди ва ёш ошган сари касалликка мойиллик кучаяди. Дарднинг келиб чиқиш омилларидан яна бири, бу яқин қариндошларда глаукоманинг мавжудлигидир. Юрак-қон томир тизими касалликлари, артериал гипер ва гипотензия, вегетатив томирлар дистонияси, мигрень (шақиқа) – бошнинг ярми оғриши ва шу каби касалликлар ҳам глаукоманинг келиб чиқиши ва ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

Кўзнинг нормал фаолияти учун унинг ички босими меъёрида – доимо бир хил бўлиши лозим. Соғлом кишиларда кўз ички босими 15 мм. симоб устунидан 25 мм. симоб устунигача тенг бўлади. Айтиш лозимки, кўз ички босими ҳар бир одамда ўзига хос бўлиб, 1,2 мм. симоб устунигача ўзгариб туриши мумкин. Ёш улғайиши билан бундай босимнинг ошиши 1-1,5 мм. симоб устунигача кўтарилади. Аёлларда эса эркакларга нисбатан бу кўрсатгич ошиқроқ бўлиши мумкин. Глаукома касаллиги янги туғилган чақалоқларда, болаларда, ўсмирларда, кейинчалик барча ёшларда учраши мумкин. Туғма ва болалар глаукомаси билан офтольмолог-педиатр шуғулланади.

Глаукоманинг асосий белгиларидан бири, кўз ички босимининг ошишидир. Кўз ички босимини ошиб, кўриш майдонининг торайиши, кўрув асаб толасидаги ўзгаришлар кўриш қобилиятини пасайишига олиб келади.

Хасталик яна қандай белгилар билан намоён бўлади?

Яна ўқинг:  Болангиз билан кутубхонага борганмисиз?

Афсуски, хасталикнинг бошланиши ва унинг давом этиши кўпчилик ҳолларда сезиларсиз бўлиб, беморни ҳеч нима безовта қилмайди. Бу босқичда фақат офтолмольоглар касалликнинг бошланғич аломатларини кўзни чуқур текшириб, унинг ички босимини ўлчаш йўли билан аниқлаши мумкин. Вақт ўтиши билан касалликнинг айрим белгилари пайдо бўлиб, улар беморни безовта қила бошлайди. Бунда кўриш майдонида айрим нуқсонлар пайдо бўлади. Яъни, у атроф-муҳитдаги бир объектга қараганда, тасвирнинг айрим қисмлари тушиб қолиши ва уларнинг кўринмай қолишини кузатиш мумкин. Вақт ўтиши билан нуқсонлар кўпайиб боради ва атроф-муҳитнинг янада кўп қисми кўринмайди. Бу ҳолат одамга нафақат салбий таъсир кўрсатади, балки турли ҳолатларда хавф ҳам туғдиради. Натижада, глаукома касаллиги тўлиқ кўрликка олиб келиши мумкин.

Касалликни муваффақиятли даволаш мезонлари қандай?

Хасталик ўз вақтида даволаб борилмаса, унинг белгилари оғирлашиб оқибатда кўрликка олиб келади. Эрта олиб борилган даво чоралари глаукома касаллигини тўхтатишга ва беморнинг меҳнат қобилиятини ҳамда унинг тўлақонли ҳаёт кечириши учун ёрдам беради. Бунга шифокор-офтольмолог тавсияларининг қатъий бажарилиши ва даволанишни узвий таъминлаш асосида эришиш мумкин. Глаукомани даволаш учун асосий учта усул мавжуд: дори-дармон воситалари (кўз учун томчи дорилар) лазер ва жарроҳлик амалиёти билан даволаш. Бунда шифокор ҳар бир беморни индивидуал ҳолатдан келиб чиққан ҳолда, қатор омилларга таяниб, даволашнинг энг оптимал йўлларини ва дори воситаларни танлаб бериши мумкин. Энг яхши натижаларга эришиш учун мутахассис тавсияларини аниқ бажариш зарур.

Кўз ички босимини пасайтирувчи томчиларни буюриш глаукомани даволашининг бошланғич усулидир. Агар кўз шифокори махсус томчи дориларни кўзга томизишни буюрган бўлса, уларни доимий равишда тўхтатмай узлуксиз томизиб туриш зарур. Кўзга ўзбошимчалик билан дори томизиш ёки томизмаслик кўриш қобилиятини тикланмайдиган ёмонлашувига олиб келиши мумкин. Унутмаслик керакки, ҳеч бир альтернатив дори-дармонсиз даволаниш, шунингдек, парҳез тутиш, бадантарбия машғулотлари ва озиқ-овқатга қўшимчалар киритиш, офтольмолог томонидан белгиланган даво муолажалари ўрнини боса олмайди.

Агар дори воситалари ёрдамида керакли самарага эришилмаса, лазер билан даволаниш тавсия этилади. Лазер билан даволаш амбулатория шароитида олиб борилади ва амалиёт жараёни бир неча дақиқани ташкил этади. Айрим ҳолатларда бундай даволаш усули яхши самара бермаслиги мумкин. Юқоридаги даволаш усуллари ёрдам бермаганда ва касалликнинг авж олишини тўхтатиш мақсадида жарроҳлик амалиёти тавсия этилади. Бугунга қадар хасталикни тўлиқ даволаш усули маълум эмас. Касаллик белгилари ривожланишини тўхтатиш муваффақиятли даволаш ҳисобланади.

 

Яна ўқинг:  Меъда қайнашининг олдини олиш учун тавсиялар

Саломатлик учун бу муҳим:

 

Глаукоманинг эрта босқичларида бу дард инсоннинг одатдаги турмуш тарзини чегаралаб қўймаслиги мумкин. Бироқ, беморлар қуйидаги тавсияларга қатъий риоя қилишлари зарур.

  • Ишлаш ёки ўқиш жараёнида чироқ одамнинг чап томонида жойлашган бўлиб, ёруғлик етарли даражада бўлиши керак. Ҳар бир соат ичида 10-15 дақиқа танаффус қилиш керак.
  • Кўзлар учун тавсия этиладиган махсус машқлар жуда муҳим бўлиб, айниқса, девор юзасида фараз этилган хаёлий доира ичида кўзларни олдин бир томонга ва қарама-қарши томонга ҳаракатлантириш зарур.
  • Ўзингизни умумий ҳолатингизни диққат билан кузатинг. Юрак ва ўпка касаллигининг хуружи, қандли диабет, бош мия қон томирлари атеросклерози, жигар хасталиклари кўзга салбий таъсир этиши мумкин.
  • Бемор бўйни ёки гавдаси эгилган ҳолатда узоқ муддат ҳаркатсиз туриши ёки ўтириши тавсия этилмайди.
  • Салбий одатлар яъни, спиртли ичимликларни истеъмол қилиш, кашандалик, гиёҳвандлик нафақат умр заволи балки глаукома ривожланишига замин яратиши мумкинлигини ҳам унутманг.
  • Қуёш ёруғлигида ундан сақлайдиган қора кўзойнаксиз узоқ муддат юриш мақсадга мувофиқ эмас.
  • Тунда тинч ухлаш жуда муҳим. Ётишдан олдин хона шамоллатилиши, кечқурун тоза ҳавода сайр қилиш тавсия этилади.
  • Глаукомада парҳез тутиш шарт эмас. Аммо рационал овқатланиш керак. Таркибида бета-каротин, А витамини (сабзи, черника, петрушка ва ҳ. к.) бўлган маҳсулотларни шунингдек, В гуруҳ витаминлари таркибида мўл бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол этиш тавсия этилади.
  • Ҳар бир хаста киши офтольмолог кўригидан 3 ва 6 олти ойда бир марта ўтиши лозим.

 

Марям ҚОДИРОВА суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: