Мобиль ўйинлар ёхуд эшик берк бўлса, дарчадан ҳатлаётган ёт ғоялар

Телефон аппаратимни алмаштирдим. Янги матоҳнинг роса таъриф-тавсифини келтиришди. Интернет тезлиги, кўп функциялилигидан тортиб, кўринишининг кўркам ва ихчамлигигача мақтаб-мақтаб, “керак бўлиб қолар сизга, эрмак-да”, дея алламбало қўшимча иловаларниям “ташлаб” беришди. Уйга келиб, бафуржа таниша бошладим.

Менинг ҳам, уйдагиларнинг ҳам энг аввал эътиборимизни тортгани мобиль ўйинлар бўлди. Бирин-кетин очиб кўра бошладик. Мана бирови: нимқоронғи мозорот, унда қўлини сермаб, ҳар томонга чўзиб турган шарпалар – булар арвоҳлар экан. Экранда асосий қаҳрамон кўринмайди, унинг ҳарсиллаган нафаси-ю қўрққандек узуқ-юлуқ товушларини эшитасиз, холос. У бечора оч арвоҳларга чап бериб қочиши, уларга ўзини ушлатмаслиги керак экан. Акс ҳолда жон аччиғида қичқирган овоз эшитилиб, телефон экранига қора-қура доғлар ёйила бошлайди, демак, қаҳрамон, яъники телефон эгаси бўлмиш “ўлди”. Этни жунжиктирадиган ҳол. Аммо укам ва жиянларимнинг айтишига қараганда, “бу ҳали ҳолваси” эмиш, бундан-да даҳшатлироқлари бор экан… Кейинги ўйинда ҳар тугул “қаҳрамон” аниқ-тиниқ кўринди, лекин у бечора ҳам “қурбон”: машҳур америкача фильмдаги Кинг-Конгга ўхшаган улкан махлуқ таъқибида жон ҳолатда чопади (албатта, сиз унга ёрдам берсангиз), агар бир муддат секинлашса, тамом, ортидан қувлаётган махлуққа ем бўлади. Яна ўша овоз, қичқириқ.

Навбатдагилари – машинадаги пойгалар. Тўсиқлари мўл йўллар, тўда-тўда машиналар, сизнинг уловингиз “ғизиллаб”, бир текисда кетишини, яъники ўйинда ютишни истасангиз, бошқа машиналарни пачоқлашингиз, уриб-туртиб бўлса-да олға юришингиз шарт. Бу ўйинларнинг вертолёт ва самолёт иштирокидагиси ҳам бор экан. “Қойил”, дея иловаларни титкилашда давом этаман. Сўнг бировнинг тавсияси билан яна бирини юклаб, ўргана бошладим. Буниси бир қарашда фойдалидек: тарихий шахслар, дунёнинг машҳур кишилари русча қисқа жумлаларда таърифланади ва суратлар чиқади, сиз тўғри суратни аниқлашингиз керак. “Хайрият, жиллақурса, битта фойдалироғи бор экан, баҳонада тарих борасидаги билимларимни мустаҳкамлаб, ҳозирги дунёнинг спорт, санъат, кино юлдузларини билиб оларканман”, дея иштиёқ билан “эрмак”ка киришдим-у тез орада ҳафсалам пир бўлди. Негаки, ўйин ортида турган ёт ғоялар ўзини манаман деб ошкор эта бошлади: спорт, санъат оламидаги таниқлилардан қай бири “бир жинсли”лардан эканлигини “аниқлаш”дан тортиб, вампиру бошқа қонхўр персонажлар, турли комикс ва компьютер ўйинларининг бош қаҳрамонларини топишимни “сўрай бошлашди”. Бундан ташқари, Америкада машҳур бўлган, бизнинг менталитетга буткул ёт ҳисобланган мультсериаллардаги ақли заифлиги, ирқчи, миллатчилиги билан ажралиб турадиган қаҳрамонлар қаторлашиб чиқиб кела бошлади. Хуллас, бугун биз тиш-тирноғимиз билан қарши турганимизга қарамай, эшикни беркитса, дарчадан ҳатлаётган оломонча маданият унсурлари мобиль ўйинларга бутунича сингдириб юборилганини ўз-ўзимга исботладим. Беихтиёр онгимда бир сўроқ бош кўтарди: “Бошқаларга ҳам бу нарса сезилаяптимикин?”

Ростдан, бу турдаги ўйинларни кўриб чиқиб, шунга амин бўлдимки, уларни “вақт ўғриси” дейиш мумкин. Чин-да, на одамнинг ақлий фаолиятига, на жисмоний чиниқишига наф келтирмаса, яна нима деб аташ мумкин?

Айтганча, бу ерда “ўйин ичидаги ўйин”лар ҳам бор: мушугингиз қизалоқ бўлса, шундай пардоз қиладики, анча-мунча стилист йўлда қолади, кийимлари-чи, бирини ечиб, бирини кияди. Ёшига ёш қўшилгани сари мушуккинанинг “имконият”лари кенгайиб боради: ҳали хэллоуин ошқовоғини кийиш, ҳали эмоларнинг соч турмагини қилишга “юқоридан” рухсат олади… Бу энди оломонча маданиятнинг бети қаттиқлиги, таъсири шундай нозик кўринишга жойлаб, йўлланаётганидан бошқа нарса эмас. Хўш, бунинг таъсирини камайтириш, шу хилдаги хуружларга қарши тура оладиган қатъий чораларни ўйлаб топиш мумкинми?

Яна ўқинг:  Доимий яхши кайфият: унга эришиш учун нима қилмоқ керак?

– Бу каби ўйинларни, компьютер ва мобиль эрмакларни ишлаб чиқараётган ва шунинг изидан миллионлаб даромад қилаётганларнинг аксарияти фақат даромад келадиган тарафни ўйлайди, – дейди педогогика фанлари доктори Санжар Чориев. – Қолаверса, улар “истеъмол бозори” деб аталадиган ижтимоий қатлам эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда иш кўради. Демак, шундай ўйинларга ҳозирда эҳтиёж бор. Улар замиридаги маънавий ҳужумни қайтаришнинг йўли эса, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлагани каби “ғояга қарши ғоя” билан иш тутиш. Яъни биздаги компьютер дастурчилари булардан-да қизиқроқ, менталитетимизга мос ва хос, шу билан бирга, ақлий фаолиятни ривожлантиришга йўналтирилган ўйинларни яратишлари лозим, деб ўйлайман.

Унгача-чи? Унга қадар ота-оналар, ўқитувчилар ўта ҳушёр бўлишлари керакдир эҳтимол? Чунки катта авлод вакиллари сифатида сизу биз бунинг таъсирини яққолроқ сезамиз. Болаларга тушунтириш, ўйинлар тагидаги асл маънони англатишдан тўхтамаслик орқалигина ёт ғояларнинг ёш авлод онгига сингишига йўл қўймаслик мумкин…

Хуршида АБДУЛЛАЕВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: