Сўлим сиҳатгоҳ – танни соғ, дилни чоғ этади

Тан-сиҳатлик энг катта бойлик. Ана шу бебаҳо бойликни асраб-авайлаш, аввало, ҳар бир инсоннинг ўзига боғлиқ. Киши соғ бўлса, оиласида хотиржамлик, ишида унум бўлади. Тананинг қай бир бўғинига хасталик хуруж қилмасин, бепарволик билан унинг олди олинмаса бесамардир.

Сўлим Тошкентнинг Юнусобод даҳасида жойлашган «Чинобод» сиҳатгоҳи ана шундай баҳаво масканлардан бири ҳисобланади. Бу ерга келган кўплаб беморлар қўли енгил шифокорлар кўмагида дарддан фориғ бўлишмоқда. Денгиз сатҳидан 470 метр баландликда жойлашган сиҳатгоҳда 1544 метр чуқурликдан кам минераллашган, кимёвий таркиби бўйича хлорид сульфадли, натрий гидрокарбонатли, 48-50Сҳароратдаги маъданли сув манбаидан фойдаланиш йўлга қўйилган. Мазкур сиҳатгоҳ йил давомида кўм-кўк либосдаги арчалар, турли мевали дарахтлар, анвойи гуллар бу ерга келувчилар саломатлигини тиклашга хизмат қилади.

Сиҳатгоҳда асосий даволаш муолажалари табиий бойликлардан кенг кўламда фойдаланиш орқали олиб борилади. Жумладан, сиҳатгоҳ ҳудудидаги маъданли сувни ичиш ва маъданли ванналар қабул қилиш, Жиззах вилоятининг «Балиқли» кўлидан келтирилган шифобахш балчиқдан фойдаланиш, «Йод шифо» плазмаси орқали даволаш ванналарини қўллаш каби муолажалар беморларга шифо улашмоқда. Бундан ташқари парафин ва озокрет, юқори ва паст частотали токлар, инфрақизил ва ультрабинафша нурлар, даволаш физкультураси, милкларни чайиш, меъда ва ичакни ювиш, дуоденал дренажлар, уқалаш усуллари ёрдамида даволаш кенг кўламда амалга оширилмоқда. Шунингдек, меъда ва 12 бармоқли ичакни текширувчи замонавий эндоскоп, УТТ тиббий ускунаси, ЭКГ аппарати, биокимёвий клиник лаборатория хоналари мавжуд. Лабораториядаги иммуно-фермент таҳлил аппарати ёрдамида меъда ва 12 бармоқли ичакдаги яллиғланиш сабаблари, гепатитнинг В ва С турлари ҳамда қалқонсимон без гормонлари аниқланади.

«Чинобод» сиҳатгоҳи бошқаруви раиси Махсуда Мадаминова таъкидлаганидек, дам олувчиларга қулайлик яратиш мақсадида отоларинголог, (қулоқ, томоқ ва бурун), стоматолог шифокорлари маслаҳатхоналари мавжуд бўлиб, терапевт, хирург, гинеколог каби мутахассис, профессор ва тиббиёт фанлари номзодларининг ҳам тиббий кўриклари сиҳатгоҳда мунтазам ташкил этилади.

Йилига 10000-14000 минг нафарга яқин киши ушбу баҳаво масканда нафақат даволанишади, балки «Мўъжизалар майдони» даги кўнгилочар ўйинлар, халқимиз севган санъаткорларнинг концерт дастурлари, шунингдек, Тошкент шаҳрининг турли қадамжолари ва музейларига уюштирилган саёҳатлардан ҳам баҳраманд бўлишади.

Ўт пуфаги яллиғланиши сабабли бу ерда 14 кунлик муолажалар олмоқдаман, – дейди Қарши шаҳри, Парғуза қишлоғидан келган бемор Султон Кенжаев, – Сиҳатгоҳда беморларни даволаниши ва дам олишлари учун барча шароитлар мавжуд. Холида Очилова, Нигора Турдиходжаева, Гулчеҳра Алимуҳаммедова, Насим Раззоқов, Зиёда Абдуқаҳҳорова каби қўли енгил шифокорларнинг муолажаларидан кўпчилик мамнун бўлмоқда.

Яна ўқинг:  Янги дастур

Бугун ушбу сиҳатгоҳда дам олиб, даволанаётган кишиларнинг қай бири билан суҳбатлашманг маскандаги мавжуд шарт-шароитлардан мамнунлигини изҳор этишади. Бу сўзлар мазкур сиҳатгоҳ жамоасининг самарали меҳнатидан далолатдир.

Абдуазиз Абутолипов

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: