Қизиқарли дарс ўқувчининг фикрлашини ўстиради

Бола қалбини англаш мушкул вазифа. Ёш авлоднинг имкониятларидан келиб чиқиб, уни тўғри йўлга солиш, шунга қараб тарбияси ҳамда билимини мустаҳкамлаб бориш лозим.

Айниқса, бошланғич таълим тизимида ўқувчилар билан ишлаш ўқитувчидан кўпроқ изланиш, ўз устида ишлашни талаб этади. Биз устозлар эндиликда режада белгиланган тартиб ёки шунчаки мавзудан келиб чиққан ҳолда сабоқ бера олмаймиз. Айтмоқчиманки, ўқувчи қанча ёш бўлса, дарсда қўлланадиган қизиқарли ўйин элементлари ҳам шунчалик кўп бўлиши лозим. Чунки, бундай дидактик ўйинлар бир томондан айрим болалар табиатига хос бўлган қизиқувчанлик, шўхлик каби хусусиятларга мувофиқ келса, иккинчи томондан, баъзи болалардаги одамовилик, индамаслик ва уятчанлик каби жиҳатларни бартараф этади.

Биргина математика дарсидаги “ким биринчи ҳисоблай олиш” мусобақасининг ўзи болани тезкор фикрлашга ўргатади, зеҳнининг ўсишига ёрдам беради. Бироқ, бошланғич синф ўқувчиларига она тили фанини ўқитишда устоз зиммасига бир қатор муҳим талаблар қўйилмоқда. Хусусан, машғулотларни педагогик технологиялар асосида ташкил этиш, давлат таълим стандартлари талабларини бажариш, болаларнинг фикрлаш даражасини мунтазам равишда ўстириб бориш, ўқувчиларнинг нутқий ва имловий саводхонлигини тўла таъминлаш ана шу вазифалар сирасига киради. Шу боис, она тили дарсида ўқувчининг фонетик, грамматик ва орфографик билимларини мустаҳкамлаш, унинг нутқини шакллантиришда фандаги белгиланган машқлар билан бир қаторда турли қизиқарли ўйинларни қўллаш муҳим ўрин тутади. Таълим йўналишидаги ўйинларни бошқа машқлардан фарқи шундаки, бунда ўқувчиларнинг зерикиши, чарчоғига барҳам берилади. Уларнинг фикрлаш жараёни тезлашади. Шу билан бирга шеър, эртак, ҳикоя, топишмоқ, тез айтишлар, турли ребус ва бошқотирмалардан унумли фойдаланиш ҳам яхши самара беради.

Бу каби ўйинларнинг яна бир афзаллик жиҳати шундаки, у ўқувчи психологиясида кескин ўзгаришлар ясайди. Яъни, ўйин давомида бола мавҳум грамматик-орфограк тушунчалар моҳиятини англайди. Унинг хотирасида кўпгина сўзлар учун умумий бўлган белгилар ўрин ола бошлайди ҳамда ёзма нутқидаги нуқсонлар камаяди. Энг асосийси, дарс самарадорлигининг ортишига хизмат қилувчи бундай қизиқарли машғулотлар ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги меҳр ва ишонч ҳиссини ортишига хизмат қилади.

Малика НАЖМИДДИНОВА,

59-ДИУМ бошланғич синф ўқитувчиси

Яна ўқинг:  Таълим учун кредит. У қандай берилади?

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: