Мухбирнинг дам олиш куни: меҳрнинг уволи бўладими?

Биринчи кун воқеаси:

Ҳар бир хизматдаги одам борки, дам олиш кунини интиқлик билан кутади. Аммо баъзан ўйлаган режангиз қолиб, беихтиёр бошқа ишлар билан андармон бўлиб қолишингиз ҳам мумкин экан. Шу йилнинг 26 август куни Қўйлиқ-5 даҳасида жойлашган “7-я маркет” супермаркетига эрталаб соат 8-00 да нон олиш учун чиққан эдим. Бироқ, нон йўқ сабабли, нонвойхона томонга йўналдим.

Йўл-йўлакай озиб-тўзиб кетган, кўринишидан олтмиш ёшлар атрофидаги эркакка кўзим тушди. У яланғоч танасига кир-чир, эски костюм кийиб олган, оёқяланг, қўл ва оёқ тирноқлари ўсиб кетган, шунингдек, соч-соқоли ҳам қаровсиз, жуда афтодаҳол эди. Ундан кўнгилни айнитар даражада бадбўй ҳид келиб турарди. Шунинг учунми, йўловчилар ундан ижирғаниб, саёқ кишини четлаб ўтишга ҳаракат қилишарди. Негадир у туришга уринмас, Тиззасини қучоқлаб ўтирарди. Ўтган-кетганга қўл чўзиб, нималардир деб ғудраниб қўярди. Мен ҳам уни четлаб ўтишга қарор қиларканман, кўзим дайди бу одамнинг шишган оёқларига тушди. Унинг оёқлари таранг шишиб, териси яра-чақа бўлиб кетган, шикастланган жойларидан эса қон аралаш оқиш суюқлик сизиб чиқарди.

Юрагим увишиб кетди. Юролмаётганининг асл сабаби, мана, нимада экан.

Новвойхонадан нон олиб, ортимга қайтдим. Йўлдаги дўкондан хона ҳароратида турган газсиз минерал сув сотиб олдим. Тиббиёт коллежига буриладиган йўлдаги “Маданият” маҳалласининг номи ёзилган рамзий дарвоза томонда фаррош Марямхоннинг ўғлига кўзим тушди. Унга сиздан бир илтимосим бор, мана бу нон билан сувни ҳов, йўлакдаги одамга элтиб беринг, дея узоқдан унга бемор эркакни кўрсатдим. У ҳам “ҳа, бечора киши экан-а” дея раҳми келиб олдинга юрди. Болакай хаста эркакнинг олдига бориб нарсаларни унинг қўлига тутқазди. У сувни ича туриб менга узоқдан бош силкиб қўйди. Марямхоннинг ўғлига қараб, “раҳмат, ўғлим савоб иш қилдингиз”, дедим.

Уйга қайтиб, ўз ишларим билан банд бўлдим. Тушдан сўнг жияним Ойша билан ҳудуддаги бозорчага харид қилгани чиқдик. Майда-чуйда кўтариб келаётиб, яна эрталабки йўлдан ортга қайтдик. Жияним йўлакчадан тўғри кетаётган эди. Унга қарата “Ойша, ана у кишидан узоқроқ айланиб ўт”, дедим. Ўзим ҳам мумкин қадар унга қарамасликка ҳаракат қилиб, дайди одамдан анча берироқдан ўта бошладим. Кўз қирим билан хастага назар солдим. У юролмасада бироз берироққа судралиб, силжиб келибди.

Иккинчи кун воқеаси:

“Тез тиббий ёрдам” машинасида етти соат йўл кезганим ҳақида

Якшанба куни уй ишлари билан банд бўлиб кун яримлаб қолганнини ҳам сезмабман. Бир оз мизғиб олдим. Қарасам соат 15 05. Қурбон ҳайити арафасида “Абу Сахий” бозорига боргим келди. Кейин бугун синглим уйига кечки дастурхонга таклиф этгани ҳам ёдимга тушди.

Қўл телефонимга тўлов қилиш мақсадида “UMS” компанияси шохобчаси томон юра бошладим. Сўнг бир дарахт тагида унинг ечиб ташланган костьюмини кўрдим. Яна юришда давом этдим. Не кўз билан кўрайки, у қуёш тиғида ўзини ўнглолмай ётарди. Тупроққа юмалаб-юмалаб ҳаракат қилган шекилли аъзои-бадани тупроқ билан бир тусда эди. Қўлидан тортиб турғазай десам, тўғриси жиркандим. Дўкончага кириб, икки баклажка газсиз илиқ сув, ярим кило пряник, икки дона арзон нархдаги ҳожатхона қоғози сотиб олдим. Йўл-йўлакай баклажкаларнинг оғзини очиб, биттасини беморга узатдим. Саёқ одам ётган жойида бошини бироз кўтариб, сувни ичиб қўйди. Ундан “как вас зовуть” деб, сўрадим. Дайди менга қараб “Ринат”, деб жавоб берди. “Дядя Ринат ещё хотите пить воду”, дедим. “Да”, деди у. Иккинчи баклажкани ҳам унга бердим. Бир амаллаб, аммо у ютоқиб идишни бўшатди. Кейин Ринат амакига “бу ҳам сизга, еб олинг” дея целофан пакетчанинг оғзини очиб, унга яқинроқ суриб қўйдим. У ётган жойида узала тушиб, ширинликни ея бошлади.

Яна ўқинг:  Ёшлар – миллатнинг эртаси

Уйга келиб қўл телефонимни олдим. У қувватга тўлган экан. Сўнгра “7-я маркет” супермаркети ёнидаги бекатга чиқаётиб, йўлдан бир узунроқ таёқни ҳам олдим. Ринат амакининг ёнига келиб, унга чўпни узатдим. У бир амаллаб, қаддини тиклаб, чўнқайиб ўтириб олди. Кейин кўнглим хотиржам тортиб, йўл четига ўтиб йўналишли микроавтобусни кута бошладим. Аммо негадир ортимга қараб, у судралиб келган йўлакчага кўзим тушди. Йўл бўйи пешоб излари кўринди. Ренатни бош-оёқ кузата туриб шими тушиб кетмаслиги учун чандиб, ип билан қаттиқ боғланганини кўрдим. Саёқнинг қўллари қалтирар, қўлидаги ширинликни ҳам зўрға еяётган эди.

“Худойим шундай қилиб қўймаганингга шукр”, дея ичимда ўйладим. Кейин унга раҳмим келди. Мен бу одамга ёрдам беришга қарор қилдим. “103”-“Шошилинч тиббий ёрдам хизматига”га қўнғироқ қилганимда соат 15 52 эди. Операторга вазиятни қисқагина тушунтирдим. У ҳозир чақириқлар кўплигини айтди. Яна бир неча бор телефон қилиб, оператор билан боғланиб турдим. Ҳатто, унинг “90” рақами остида чақириқни қабул қилганини билиб олдим. Орадан 20-25 дақиқа ўтиб, супермаркет томонидан ёнига “10-оилавий поликлиника” деб ёзилган “103” машинаси кўринди. Йўл четида машиналар тўхтаб турганлиги учун тиббиёт ходимлари мени кўрмай қолмасин, дея улар томон юра бошладим. Салом-аликдан кейин шифокорга бемор ётган томонни кўрсатдим. Аммо ўзини Аброржон дея таништирган, қорачадан келган, барваста шифокор йигит “биз “777” дўкони ичида хаста юрак хуружи билан ётибди, деган хабар олдик”, деди. Сўнгра тиббий ёрдам машинаси бурилиб, кетишга чоғланди. Мен дастлаб “103” шошилинч тиббий хизматига телефон қилганимда операторнинг сўзини англамай қолган эдим. Яна қўнғироқ қилганимда диспетчер “90” рақами остида чақириқни қабул қилиб олганлигини сўраб олган эдим. Шунинг учун шифокор йигитдан “Сизларга диспетчер “90-чақириқ деб хабар қилдими”, деб сўрадим. У каттагина дафтарини очиб “Йўқ, бизга” “85”дан хабар берилди”, деди . Кейин Аброржон “бизни бошқа манзилда кутишаяпти” деб айтди. “Шошилинч тиббий ёрдам” бригадаси кетиб қолди. Мен ҳайрон бўлдим ва операторга телефон қилдим. Орадан яна шунча вақт ўтди. Узоқдан машинанинг тепароқ қисмига “Тошкент” ёзуви ёзилган “103”кўринди. “Мен бу ёқдаман” деб уларга қўлимни кўтаришимга қарамай, улар йўлнинг қарама-қарши томонидан “ғизиллаб” ўтиб кетишди. Яна операторга телефон қилдим. Ўзини ҳар гал “1-” деб таништирадиган диспетчер аёл мулойимлик билан “кутинг, Сергели туманининг “Шошилинч тиббий ёрдам” машинаси йўлга чиқди”, деб хабар берди. Яна орадан 20-25 дақиқалар ўтиб, биринчи келган “103” машинаси қайтиб келди.

Яна ўқинг:  Кичкинтойлар маскани

Шифокор йигит менга қараб “ҳа, сиз чақирган экансиз опа. Аммо бизга бошқа ташхисни айтишди”, деди. Кейин у машинадан тушиб, ҳамшира билан қўлига биттадан тиббий қўлқоп кийиб, дайди эркакнинг олдига келди. Сўнгра у билан савол-жавоб қила бошлади. Энди менинг вазифам тугаганига хурсанд бўлиб, бозорга боришдан умидимни узиб, кетишга чоғландим. Аброржон менга юзланиб “опа, сиз ким бўласиз?”, деди. “Мен бир йўловчиман, холос” деб унга жавоб бердим. “Энди сиз ҳам биз билан бирга гувоҳ сифатида “участкавой”нинг олдига борасиз”, деди. Чунки, бу одамнинг шахсини аниқлаш зарур экан.

Ана шундай қилиб менинг шифокорлар билан соат кундузги 16 00 дан то кечки 23 00 гача бўлган “мажбурий-ихтиёрий”саргузаштим бошланди.

Дайди одам ўзини Ринат Митхатович Казаков деб таништирди. У 1960 йилда туғилган экан. Аммо ёшига нисбатан анча қари кўринар эди. Ренатни олиб Қўйлиқ-5 даҳа ҳудудига хизмат қилувчи участка профилактика нозири олдига бордик. Милиционер йигитдан исмини сўрадим. Асли исми Қувончбек экан. Бу йигит ҳудудимизга яқинда ишга келганлигини айтди. Саёқнинг яшаш манзилини сўраб олган Аброржон (у бир пайтлар Қўйлиқ-3 даҳа, 34-уй 71-квартирада рўйхатда турган экан), Ринат Казаковнинг квартирасини синглиси сотиб юборганлиги ва ҳозирда бу уйда ижарачилар яшашини аниқлади.

Кейин Қувончбек бу масала билан шуғулланишга вақти йўқлигини ва ҳозир шошиб турганлигини, яъни уни зудлик билан бошлиқлари чақираётганини бизга айтди. Аммо биз ҳам бўш келмадик. Айниқса, Аброржон “Энди бу инсонинг кейинги тақдири нима бўлади” деб масалани кўндаланг қўйди. Қисқаси, милиционер Миробод тумани ИИБга телефон қилиб, Қўйлиқ-3 даҳада хизмат қилувчи Шерзодбек исмли милиционернинг телефонини топди. Ундан маҳалла раиси Наби ака, маҳалла маслаҳатчиси Мадина опа эканлигини аниқлаб берди. Кейин шифокор милиционерга “Ринат амаки биринчи тез тиббий ёрдамга айни дамда муҳтож эмас. Мен унинг яра-чақаларини тозалаб, шифокор сифатида қўлимдан келган ёрдамни кўрсатаман. Аммо, у соғлом турмуш тарзига амал қилса ва бошпанали бўлса ўзини тиклаб кетади. Уни фақат кучли қувватсизлик безовта қилаяпти”, деди. Милиционер “Ҳозир мен нима қилишим керак?”, деди Аброржонга.

“Унинг синглисини топиб, Ринат амакини топшириб кетайлик”, деди шифокор. “Жаноб дайди” яшаган собиқ маҳалладаги масъуллар уни ҳақиқатдан ҳам уларнинг ҳудудида яшаганлигини телефон орқали тасдиқлашди. Мадина опа айни дамда тўйда эканлигини ва бораолмаслигини таъкидлади. Наби аканинг ҳам “ишлари чиқиб қолибди”. Хуллас, ҳамманинг ўз ташвиши бор экан.

Саёқ кишини олиб, “Шошилинч тиббий ёрдам” бригадаси яна йўлга тушди. Бу сафар уни Республика Шошилинч ёрдам илмий маркази қабулхонасига олиб келдик. Сабаби, Қувончбек олдин фуқаро Ринат Казаковни соғлиғи ҳақида маълумотнома кераклигини, кейин уни олиб қолиши мумкинлигини бизга тушунтирди.

Яна ўқинг:  Стрессга ишлаб чиқариш жараёнида нималар сабаб бўлишини биласизми?

Биз ҳам саёқ кишини “эсон-омон эгасига топшириб, тўғриси жуфтакни ростлашни орзу қилиб қолдик”. Бемор шахсни Аброржон навбатчи жарроҳ Равшан ака Мадиев кўригидан ўтказди. Уни санитарка аёллар қўлларига тиббий қўлқоп кийиб, чўмилтириб қўйишди. Энди унга бирорта шу ерда кийиладиган тиббиёт ходимларининг махсус яктаги ва шалворини беришса керак, деб ўйладим. Аммо Равшан ака ҳаммани лол қолдириб костюм-шими ва озгина оҳори тўкилган кўйлагини олиб чиқиб берди. Равшан Зоирович очиқ чеҳрали, самимий инсон экан. У Ринат амакига қараб кулиб қўйди. “Бу киши очилиб кетибди. Энди битта келин топиб, уни уйлантириб қўямиз”, деди. Кейин уни боғлов хонасига олиб бориб, навбатчи шифокорлар яра-чақаларини махсус дори воситалари билан ювиб, оёқларини тоза стерил бинт билан боғлаб қўйишди. Кечагина тупроққа қоришиб ётган, бир жонзотдай қаровсиз одам ўзини чин инсондай ҳис қилиб, худдики ердаги жаннатга тушиб қолгандай, савобталаб кишилар даврасида “оғзи қулоғига етиб”, хурсанд ўтирарди.

Яна уни олиб, йўлга тушишдан олдин милиционер Қувончбекка телефон қилдик. Бироқ, у телефонини кўтармади. Яна телефон қилдик. Бу сафар телефон банд эди. Кейинги гал милиционер телефонни олди ва “Сиз кимсиз” деб мендан сўради. “Мен Гулчеҳра опангиз бўламан” дейишимни биламан “танимадим” деб алоқани узди. Кейин у билан боғланишдан умидимизни узиб, Сергели тумани ИИБга бордик. Навбатчи милиционерларга вазиятни тушинтирдик. Аммо, улар Ринат Казаковни бу ерда олиб қола олмасликларини айтишди. Чунки, бу ҳолат уларнинг хизмат ваколатларига кирмас экан. Сўнгра майор Иброҳим Жўраев чиқиб, биздан нима гаплигини сўради. У кишига ҳам Аброржон воқеани қисқача айтиб берди. Бироқ, майор Жўраев участка профилактика нозирига мурожаат қилишимиз кераклигини тушунтирди. Аброржон бироз қизишиб “ходимингиз телефонни кўтармаяпти”, деди. Кейин шифокор шу чоққача уни ва тиббий бригадани қидириб, вазиятдан бохабар бўлиб турган ўзининг бошлиғига телефон қилди. Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Сергели туманига қарашли 8-подстанцияси мутасаддиси майор Иброҳим Жўраев билан телефон орқали боғланди шекилли, бир пастда Қувончбек ҳам топила қолди.

“Қўйлиқ-5 даҳадаги ГОМ га боринглар, сизларни Соипов кутиб олади”, деди бизга майор. Анча сарсону саргардонлик ва асаббузарликлардан сўнг яна “Қайдасан, Қўйлиқ-5 даҳа,”деб йўлга тушдик. Бу орада саёқ киши “Я четыри дня ничего ел. Кушит хочу.”, деб ғўлдираб қўяр эди. Гапнинг индаллоси шифокор Аброржон, шофёр Икром амаки ва ҳамшира Зиёдахон ҳамда мен “гала бекорчилар” эсон-омонгина бир дайдини ГОМ га топширдик.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказидаги тажрибали бир шифокорнинг айтишича жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида бу ерга 80 нафар шундай дайдиларни келтиришган экан. Бечора шифокорлар уларни ювинтириб-тарантириб, жоиз бўлса кейинтириб ҳатто, улардан кимдир ўлса 100 километр узоққа олиб бориб, ўз ҳисобларидан кўмдириб ҳам келишар экан.

Гулчеҳра ШИРИНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: