Шерзодбек хорижда даволанди

Узоқ кутилган ўғил фарзанд дунёга келганида Бобур ака ва Ноила опаларнинг қувончи ичига сиғмади. Янги меҳмонга яхши ниятлар билан Шерзоджон дея исм қўйишди.

Афсуски, уларнинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Тиббий текширувлардан кейин болада туғма юрак нуқсони борлиги аниқланди. Бу хабарни эшитган ота-она фарзандининг оғир дардга чалинганидан қаттиқ ташвишга тушишди. Шерзоджон ҳам кун сайин ҳолсизланиб, тез-тез шамоллайдиган бўлиб қолди.

Шундан сўнг Бобур ака фарзандини Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси шифокорлари кўригига олиб борди. Текширувлардан кейин мутахассислар беморнинг аҳволи оғир эканлиги, уни имкони борича тезроқ операция қилиш лозимлигини таъкидлашди. Лекин жарроҳлик амалиёти учун зарур бўладиган маблағ йўқлиги сабабли Бобур ака қийин аҳволда қолди. Отанинг ҳолатини кўрган шифокор унга юртимизда болалар саломатлигини тиклаш учун беғараз кўмак берадиган нодавлат нотижорат ташкилотлари борлигини тушунтирди.

Ана шундан кейин Бобур ака “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг ўзи истиқомат қиладиган Сирдарё вилоятидаги филиалига мурожаат қилди. Фонд мутахассис ходимлари беморнинг аҳволи билан яқиндан танишиб чиққач, уни чет эллик шифокорлар қабулига рўйхатга қўйди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай Шерзоджонни кореялик шифокорлар чуқур тиббий текширувдан ўтказди. Хорижлик мутахассисларнинг якуний хулосасига кўра у даволаниш учун Кореяга юборилди.

Қувонарлиси, операция муваффақиятли ўтди. Шерзоджон қисқа муддатли тиббий муолажалардан сўнг соғ-саломат яқинлари бағрига қайтди.

– Фарзандимни саломат кўрганимда севинч ёшларимни яширолмадим, – дейди Бобур ака. – Энди ўғлим ҳам бошқа тенгдошлари қатори спорт билан шуғуллана олиши, уни ортиқ сурункали чарчоқлар безовта қилмаслигини ўйлаб, қалбим қувончга тўлди. Шерзоджон ҳозирда ўзини анча яхши ҳис қиляпти. Бунинг учун ҳукуматимиздан, қолаверса, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг жонкуяр ходимларидан чексиз миннатдорман.

Шу ўринда айтиш керак, бугун юртимизда оналар ва болалар саломатлигини асраш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Эътиборлиси, бу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни аҳолига тушунтириш бўйича давлат ташкилотлари билан бир қаторда нодавлат ва нотижорат муассасалари ҳам самарали фаолият юритмоқда. “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳам бу борада қатор хайрли ишларни йўлга қўйган.

Мана бир неча йилдирки, фонд Корея Республикасининг қатор тиббиёт муассасалари, нуфузли университетлари билан ҳамкорликда юртимиз аҳолисини соғломлаштириш бўйича самарали ишларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан, “Ча” университети қошидаги “Пундан Ча” госпитали, “Седжонг” госпитали, Жанубий Кореянинг “JCI-Коrea” халқаро ёшлар ташкилоти ҳомийлигида 2010–2016 йиллар давомида 39 нафар юрак туғма нуқсони бўлган бемор болалар тўлиқ соғломлаштирилди.

Яна ўқинг:  Дўмбоқ боланинг саломатлиги хавф остида...

– Аҳоли томонидан бўлаётган мурожаатлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Хусусан, 2016 йил фондга 211 та ариза келиб тушган бўлса, бу кўрсаткич жорий йилнинг сентябрь ойида 560 тага етди. Ҳозирги кунда фонд томонидан соғломлаштирилган болалар сони 446 нафарни ташкил этади, – дейди “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди оналик ва болалик бўлими бошлиғи Жумабек Нуров.

Ўйлаймизки, ушбу йўналишда амалга оширилаётган эзгу ва хайрли ишлар бундан кейин ҳам бардавом бўлажак.

Чарос ХУШВАҚТОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: