Мактабгача таълим тубдан такомиллашади

Мамлакатнинг юксак тараққиёти, халқнинг фаровонлиги болаликда олинадиган таълим-тарбияга боғлиқ. Бу борада эса мактабгача таълим муассасалари муҳим ўрин тутади.

Ўтган давр мобайнида юртимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш ва бу соҳанинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди ҳамда комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Аммо, ушбу йўналишда давлат сиёсатини тўлиқ амалга оширишда айрим тизимли камчиликлар тўсқинлик қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан 2017 йил 9 сентябрда қабул қилинган “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор билан Ўзбекистон Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мактабгача таълим соҳасидаги фаолияти қониқарсиз деб топилди. Ушбу қарорда мактабгача таълимни бошқаришнинг замонавий механизмларини жорий этиш, тарбия ва ўқув жараёнини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланди.

Мактабгача таълим соҳасини амалга оширишдаги тўсиқлар

Қарорда қайд этилишича, мактабгача таълимни бошқаришнинг амалдаги тизими мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, шунингдек, мазкур соҳани янада ривожлантириш учун инновацион қарорларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш имконини бермаяпти. МТМлар инфратузилмаси ва моддий-техник базасининг ҳозирги ҳолати болаларни мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олишни таъминлашга тўсқинлик қилмоқда. Шунингдек, муассаса ходимларини моддий рағбатлантиришнинг паст даражаси ёш авлодни тарбиялаш масаласини профессионал даражада ҳал этишга йўл қўймайди. Болаларнинг озиқ-овқат, моддий таъминоти ва уларга тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишда ҳам жиддий камчиликлар кузатилмоқда.

Янги МТМлар – давлат-хусусий шериклик асосида қурилади

– Мазкур қарорга биноан 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоят марказларида эксперимент тариқасида давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасалари ташкил этилади, – дей­ди Халқ таълими вазирлиги мактабгача таълим муассасалари бошқармаси бошлиғи Сабоҳат Миржалилова.

Қолаверса, ушбу ҳуқуқий ҳужжатда таъкидланганидек, ­Президентимиз ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик механизми асосида замонавий ва ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш учун инвесторларга ер участкалари ва бўш турган биноларни 50 йил муддатга беғараз ажратилади.

Инвесторларга имтиёзли кредитлар тақдим этилади

Инвесторлар ташкил этилаётган мактабгача таълим муассасаларида давлат таълим талаб­ларига, санитария-гигиена ва бошқа нормаларга риоя қилиш, келишув амал қилишининг бутун муддати давомида фаолият йўналишини сақлаб қолиш, шунингдек, мактабгача таълим хизматини кўрсатиш нархининг мақбуллиги ва арзонлигини таъминлаш учун масъул бўлиши назарда тутилмоқда. Бунда инвесторларга кенг солиқ имтиёзлари ва бошқа преференциялар, шунингдек, имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Яна ўқинг:  Биoсфера – ернинг ҳаёт қобиғи

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари билан тегишли талабларга жавоб берадиган озиқ-овқат маҳсулотлари ва тайёр овқатларни етказиб бериш тўғрисида тўғридан-тўғри шартномалар тузишга эксперимент тариқасида рухсат берилди. Мазкур экспериментлар якунлари бўйича республиканинг бошқа ҳудудларида давлат-хусусий шериклик механизмлари ва мактабгача таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш тартибини жорий этиш масаласи кўриб чиқилиши ҳам назарда тутилмоқда.

Қарор билан ушбу соҳадаги долзарб муаммоларни ҳал қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишга қаратилган Ўзбекис­тон Республикасида мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича “Йўл харитаси” ҳам тасдиқланди.

Мактабгача таълимнинг хусусий сектори ривожлантирилади

Мактабгача таълим тизимини танқидий ўрганиш ва янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш бўйича комиссия ташкил этилди. Комиссия томонидан мактабгача таълим соҳасидаги қонунчиликни ундаги бўшлиқлар, коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларни юзага келтирувчи нормаларни аниқлаш нуқтаи назаридан таҳлил этиш, шунинг­дек, мактабгача таълим соҳасида давлат сиёсатини самарали рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ҳамда комплекс ўрганиш ишлари амалга оширилади. Бунда зарур инфратузилмани яратиш ва мактабгача таълимнинг хусусий секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Шу билан бир қаторда сифатли мактабгача таълим тизимини ташкил этишга давлат талаблари, шу жумладан, мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади.

Шунингдек, миллий маданий-тарихий қадриятларни акс эттирувчи ва болаликдан китоб ўқишга қизиқиш уйғотувчи ўқув-методик, дидактик материалларни тайёрлаш ҳамда жорий этиш ишлари ҳам замонавий талабларга мувофиқлаштирилади.

Қарорда ваколатли давлат органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳисобига мактабгача таълим муассасаларига болаларни қабул қилишни соддалаштиришни ҳам ўз ичига олган ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилди.

Нодавлат мактабгача таълим муассасалари

Бу соҳани ҳам такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрланмоқда

Нодавлат мактабгача таълим тизимини кенгайтириш мақсадида Комиссияга мавжуд амалиёт ва илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини лицензиялашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш, уларнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди.

Ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра мактабгача таълим соҳасида қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштиришга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг амалга оширилиши мамлакатда мактабгача таълим тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, мактабгача таълим муассасаларининг инфратузилмаси ва моддий-техник жиҳозланишини тубдан яхшилаш имконини беради.

Яна ўқинг:  Наврўз – янги умид, янги орзу-истаклар айёми

Ҳозирги вақтда республикада 4 893 та давлат мактабгача таълим муассасаси фаолият олиб бораётган бўлиб, уларни молиялаштиришга 2016 йилда давлат бюджетидан 1,6 триллион сўм маблағ ажратилган.

Хуршида ҲУСЕНОВА,

“Sog‘lom avlod” мухбири

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: