Юрт тараққиёти тасвирларда

Улар ҳар куни миллионлаб кишиларга меҳр-оқибат, эзгу ғоя ва теран фикр, одамийлик улашади, десак, айни ҳақиқат.

Яқинда шаҳримизнинг равон ва кенг кўчаларидан бири четида илинган баннерга кўзим тушди. Унда ўткир нигоҳли Соҳибқирон Амир Темур келажакка мағрур боқмоқда. Халқимизнинг буюк саркардаси, миллатимиз ифтихори, давлат ва жамоат арбоби бўлган улуғ сиймо тимсолида шонли тарихимиз, элимизнинг ақлу закоси “мана ман”, деб бўй кўрсатиб турибди. Шунингдек, баннерда тасвирланган тинчлигимиз рамзи Мустақиллик монументидаги кўкка парвоз этаётган лайлаклар ҳам аслида шу халқнинг эзгу орзу-ўйлари, кечинмалари маҳсулидек кўрк бераётир. Мусаффо осмон, беозор кабутарлар сайри эса миллатимизнинг бағрикенглиги, аҳил-иноқлиги, покдил ва болажонлигини тараннум этмоқда. Бир сўз билан айтганда, ушбу асар халқимизнинг қудрати, инсоний фазилатларидан сўзлайди.

Дарҳақиқат, ушбу баннер Ўзбекистон Республикаси “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси жамоаси томонидан тайёрланган. Уюшма томонидан яратилган Ватан тараққиёти, халқимиз истиқболини ўзида жамлаган бундай тасвирий асарлар, мана, йигирма йилдирки, юртимиз, юртдошларимиз ҳаётини таъсирли акс эттириб келмоқда.

Навқирон сана муносабати билан “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси фаолияти билан яқиндан танишиш мақсадида уюшма Бошқаруви раиси Исфандиёр ЛАТИПОВни суҳбатга чорладик.

– “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси фаолияти халқимизнинг буюк бунёдкорлик ишларини ифодаловчи, она Ватанга муҳаббат ва маънавий қадриятларга эҳтиром руҳида тарбияловчи бош мезондир. Ушбу ижодий уюшма бу йил қутлуғ 20 ёшга тўлди. Унинг бугунга қадар фаолияти тўғрисида тўхталиб ўтсангиз.

– “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасини мустақиллик меваси дея оламан. Унинг ташкил этилиши маданий ҳаётимизда улкан воқеа эди. Истиқлолдан аввал бундай уюшма тузилишини тасаввур ҳам қилолмасдик. Биринчи Президентимиз Ислом ­Каримовнинг ташаббуси билан 1997 йил 12 сентябрда Ўзбекистон Рес­публикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан ташкил этилган Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмасига бу йил 20 йил тўлди. Бугун мамлакатимизнинг истаган шаҳар ва туманларига борсангиз ижодий уюшманинг ишларини кўрасиз. Ўзбекис­тоннинг мустақиллик йилларида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий соҳалардаги ислоҳотлар жараёнини кенг оммага таъсирчан ва жозибадор шаклларда тасвирий воситаларда етказиш, халқнинг чинакам бунёдкорлик ишларини, одамлар онгида, руҳиятида, қиёфасида рўй бераётган ўзгаришларни тасвирий воситалар орқали кўрсатиб бериш бош мақсадимиздир. Дастлабки йиллардаги масъулиятли меҳнатлар эвазига ижодий уюшма атрофида таниқли рассомлар, дизайнерлар, фотосуратчилар ва бошқа ижод намояндалари жипс­лашиб ушбу жамоат ташкилотига тамал тоши қўйилди. Аввалига Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бўлимлари ташкил этилган бўлса, бугунга келиб туман ва шаҳарларнинг 70 дан ортиқ бўлими фаолият кўрсатмоқда.

Яна ўқинг:  Президент мактаблари унда ўқитиш тизими қай йўсинда йўлга қўйилади?

Уюшма бўлимлари маҳаллий ҳокимликлар буюртмаси асосида шаҳар, туман марказлари, гавжум жойларда Ўзбекистоннинг тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик йўлида олиб бораётган яратувчилик ишларини, мамлакатимизда янгиланиш ва ислоҳотлар жараёнини намо­йиш қилувчи ижобий ўзгаришларнинг асл ижодкори – замондошларимиз сиймосини ёрқин акс эттирувчи кўргазмалар ташкил этмоқда.

Бугунги кунда давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилмоқда. Юртимизда илм-фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт каби муҳим соҳалар фаол тарзда ривожланмоқда. Халқимизнинг маънавий қадриятларига эҳтиром билан муносабатда бўлиш, муқаддас динимиз, анъана ва урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни сақлаб қолиш ва уни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу эса бизни тинимсиз изланишга, тас­вирий йўналишда янгидан янги асарлар яратишга ундайди.

– “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси томонидан янги шакл ва мазмунда халқимизнинг менталитети ва жойлардаги замондош қаҳрамонларни акс эттиришда ва ёшлар ҳаёти, уларга берилаётган имкониятлар ҳамда уларнинг муаммолари хусусида қандай ишларни амалга оширмоқда?

– Кўргазмали воситалар (баннерлардаги шиор, плакат, фотосурат), таъбир жоиз бўлса, қорда ҳам, ёмғирда ҳам ҳар куни 24 соат “ишлайди”.

Тинчлик, осойишталик, диний бағрикенглик ва бунёдкорлик моҳияти тасвирларда ва турли тиллардаги ёзувларда “жаранглаб туради”. Шу тариқа, улар ҳар куни миллионлаб кишиларга меҳр-оқибат, эзгу ғоя ва теран фикр, одамийлик улашади, десак, айни ҳақиқат.

Ҳар бир жараённи акс эттирувчи тасвир ёки шиорда эзгуликка ундовчи руҳ сезилиб туриши лозим. Расмларда эса фидокорона меҳнати, ҳалоллиги, ватанпарварлиги, изланувчанлиги ва ташаббускорлиги билан ёшларга ўрнак бўлаётган, давлатимиз унвонлари, орден ҳамда медаллари билан мукофотланган замондош қаҳрамонларимиз сиймосини мулоқот ҳолатида шарқона тасвирларда акс эттириб, ижтимоий, тасвирий тарғибот воситасининг таъсирчанлигини янада ошириб бориш зарур.

Жаҳондаги ривожланган мамлакатлар қаторидан муносиб ўрин олишимиз учун катта имкониятларни ишга солиш фурсати келди. Бу ўринда ёшлар учун “Тас­вирий ойина” ижодий уюшмаси ва ҳамкор ташкилотлар томонидан ўтказилаётган “Энг улуғ, энг азиз”, “Ранглар жилосида – она диёр мадҳи”, “Истиқлол фарзандлари” мавзуларидаги анжуман ва танловларининг аҳамияти каттадир. Бу ишларда шаҳар ва қишлоқларимиздаги бунёдкорлик ишлари, саноат, қишлоқ хўжалиги, намунавий лойиҳадаги уй-жойлар, таълим, фан ва маданият, спорт соҳасидаги қўлга киритилаётган муваффақиятлар, мусиқа ва санъат мактабларининг фаолияти йилдан-йилга ўзининг юксак бадиий, тасвирий аксини топмоқда.

Яна ўқинг:  Мактабгача таълим тубдан такомиллашади

Болалар учун “Конституция – бахтимиз пойдевори” номли кўрик-танловда Конституция мавзусида иншо, диктантлар ёзилиб, расмлар чизилди. Энг аҳамиятли томони шундаки, бутун мамлакатимиз бўйлаб бир йилда 4 миллионга яқин ўқувчилар ушбу кўрик-танловда иштирок этмоқда.

Ижодий уюшма томонидан “Ёшлар – таянчимиз, ишончимиз ва келажагимиз” туркум плакатлари чиқарилган бўлиб, унда “Ўзбек халқи ҳеч қачон, ҳеч кимга қарам бўлмайди”, “Истеъдодли ёшлар Ўзбекистонни дунёга танитади”, “Соғлом, илмли ва фидойи фарзандлари бўлган халқ, албатта, ўзининг буюк келажагини барпо этади” каби шиорлар жой олган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ёшлар сиёсати, таълим, маданият ва спорт масалалари комплекси мажлисининг 3-сонли баёнидаги “2016 йилда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, конфессиялар ва миллатлар­аро тотувликни мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар” Дас­турининг 23-банди ижросини таъминлаш мақсадида Республика “Тасвирий ойина” ижодий уюшмаси дунё нотинчлигидан келиб чиқиб “диний экстремизм ва терроризмнинг мудҳиш қиёфасини фош этувчи” кўчма фотокўргазма фаолиятини янада кучайтирди. Камолиддин Беҳзод номли миллий рассомлик ва дизайн институти залида “Диний экстремизм ва терроризмнинг мудҳиш қиёфасини фош этувчи” кўчма фотокўргазма намойиш этилди.

Ушбу кўргазма муаллифлари, талаба ёшлар ўз асарларида “Ёшлар диний экстремизм ва терроризмга қарши”, “Ўзбекистон ёшлари тинчлик ва осойишталик тарафдори”, “Биз тинчликни қадрлаймиз”, “Диний экстремизмдан огоҳ бўлайлик!” каби ғояларни очиб берган.

Кескин ва таҳликали шароитда ушбу фотокўргазма ота-оналар, устоз-мураббийлар, маҳалла-кўй ёшлар тарбияси масаласида сезгирлик, ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишга хизмат қилади. Чунки икки улуғ неъмат бўлган тинчлик ва хотиржамликни асраш, диний экстремизм бузғунчи куч, унга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз эканлиги тарғиб этилди. Кўчма фотокўргазма Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ҳам кенг йўлга қўйилган.

– Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни янада ривожлантириш, мамлакат ва жамият тараққиётини янги босқичга кўтаришга қаратилганлиги билан муҳим аҳамият касб этади. Бу борада уюшма олдига қўйилган вазифалар нималардан иборат?

– Ижодий уюшмамиз томонидан белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш, тас­вирий тарғибот ишларини қатъий тартиб-интизом, шахсий жавобгарлик ва масъулият билан ташкил этишга жиддий эътибор қаратилаяпти.

“Асосий мақсад одамларга барча зарур қулайликлар яратишдир”, “Барча саъйи ҳаракатларимиз замирида халқимизни рози қилиш мақсади мужассамдир”, “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезони” деб Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайта-қайта таъкидлагани бежиз эмас. Унинг замирида “Элнинг дарди билан куйсагина жон, ўша жон эгаси ҳақиқий инсон” деган теран маъно мужассамдир. Одамлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, дардига дармон бўлиш олий бахт. Доно халқимиз “Бир кўнгил иморати, минг Макка зиёрати” деб бежизга айтмайди.

Яна ўқинг:  Ekologik aksiya

Ташқи тасвирий тарғибот озод ва обод Ватан, эркин ва фаровон ҳаёт қуришдек эзгу мақсадимизни халқимиз, айниқса, ёшлар онги ва қалбига сингдиришнинг муҳим тарбиявий воситасидир. Миллатнинг орзу-мақсадлари тўғрисида унинг рекламасига қараб ­фикр юритса бўлади.

Ўтган йилларда амалга оширилган ишларга назар ташлаган киши бунга комил ишонч ҳосил қилади. Хусусан, 2017 йил ижодий уюшмамиз томонидан “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” номли тасвирий-тарғибот воситаларида фойдаланишга мўлжалланган “Тавсиялар” қўлланмаси 35 минг нусхада чоп этилиб, юртимизнинг барча ҳудудига етказиб берилди. Халқимиз эришаётган ютуқлар – янги бунёдкорлик мазмуни ҳамда замонавий инфраструктура объектлари, илғор ишлаб чиқариш технологиялари замонамиз қаҳрамонлари образи орқали кенг тарғиб қилинди. Бу жараёнда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросига алоҳида эътибор қаратилди.

Давлатимиз раҳбари ­Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, ютуқ­ларга маҳлиё бўлиб қолмасдан юксак марралар сари интилишимиз зарур. Фаолиятимизга танқидий кўз билан қараб, олдимизда турган энг устувор вазифа – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилининг асосий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда эл фаровонлигини янада юксалтиришдек олижаноб ғояни ҳар бир юртдошимиз қалбига тасвирий тарғибот воситалари орқали етказишимиз лозим.

Таъкидлаш керакки, ҳар қандай тасвирий тарғибот воситаларидаги ижтимоий рекламаларнинг мафкураси одамларни муайян ғояга ишончини мустаҳкамлаш, халқни уюштириш ва сафарбар этиш, маънавий-руҳий рағбатлантириш, ғоявий тарбиялаш ҳамда иммунитет ҳосил қилиш каби асосий мақсадларни кўзда тутади. Уюшма ижодкорлари ва дизайнерлари ҳар бир матннинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб, ўз устида изланса, ишга масъулият билан ёндашса, табиийки, тас­вирий тарғибот воситаси саҳна асари ёки кинофильм сингари таъсирчан кучга эга бўлади, инсоннинг руҳиятини уйғотадиган, кайфиятини кўтарадиган, дилини равшан торттириб, орзуларига қанот бўладиган воситага айланади.

Наврўз НОРБОБОЕВ

суҳбатлашди.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: