Ўзбекистон тиббиёт муассасаларида биринчи марта ҳавони 99,9 фоизгача стериль ҳолатга келтириш тизими татбиқ этилди

Академик В.Воҳидов номидаги Республика иxтисослаштирилган xирургия марказининг операцион мажмуалари ҳавони 99,9 фоизгача стериль ҳолатга келтириш тизими билан таъминланди. Бундай тизим юртимиз тиббиётида биринчи марта қўлланилмоқда, деб хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасини ривожлантиришга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Қисқа вақт ичида давлат раҳбари томонидан соғлиқни сақлаш тизими ҳолати ва унинг ривожланиш истиқболлари юзасидан тўрт марта йиғилиш ўтказилгани ҳам бунинг яққол исботидир. Ушбу йиғилишларнинг ҳар бирида ихтисослаштирилган тиббий хизматни ривожлантириш, бу йўналишга замонавий техника ва технологияларни олиб кириш ва даволашнинг энг илғор усулларини амалиётга татбиқ этиш масалас ҳам муҳокама қилиниб, унга ечим изланди.

Жорий йилнинг 20 июнида Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017 — 2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани эса бу борадаги вазифаларни бажаришда муҳим асос бўлмоқда.

Ушбу қарор доирасида ҳамда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан академик В.Воҳидов номидаги Республика иxтисослаштирилган xирургия марказининг барча операцион мажмуалари Европа стандартлари талаблари асосида қайтадан реконструкция қилинди. Бу эзгу мақсад учун давлат бюджетидан 12 миллиард сўм маблағ ажратилди.

— Ихтисослаштирилган тиббий хизматни ривожлантириш, бу йўналишга замонавий техника ва технологияларни олиб кириш ва даволашнинг энг илғор усулларини амалиётга татбиқ этиш замонавий тиббиёт олдида турган долзарб масалалардан бири, — дейди Республика иxтисослаштирилган xирургия маркази директор ўринбосари Миржамол Зуфаров. — Мана шу мақсадда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан xирургия марказимиз Франция ва Италияда ишлаб чиқарилган вентилация ва кондиционерлаш каби жараёнларни дунё стандартлари талаблари даражасида бошқарувчи техникалар ҳамда мураккаб операцияларни ўтказиш учун зарур бўлган ускуналар билан жиҳозланди. Тўғрисини айтганда, марказда жуда катта иш амалга оширилди. Унинг кўламини яхшироқ англаш учун биргина мисол келтираман: марказимизда йилига 8 мингга яқин юқори технологик, мураккаб ва миниинвазив операциялар бажарилади.

Бугунги кунда юрак ва қон томирларида сунъий қон айланиш шароитида бажариладиган очиқ операциялар, айниқса янги туғилган чақалоқларда туғма нуқсонларни даволаш каби ўта мураккаб операциялар ўтказилмоқда. Операцияларнининг муваффақиятли чиқишида шароит катта роль ўйнайди. Бугун ўрнатиб берилган вентилация, кондиционерлаш тизими ёрдамида операция хонасига узатиладиган ҳаво уч босқичли жараёнда тозаланади. Учинчи тозалашдан кейин ҳаво 99,9 фоизгача стериль ҳолатда бўлади. Бундай шароитда жарроҳлик амалиётини ўтказиш унинг муваффақиятли чиқишини таъминлаб, кўплаб асоратларнинг олдини олиш имкони яратмоқда. Бугун бутун мараказимиз ушбу техникани катта қувонч билан кутиб олгани сабаби ҳам шунда.

Яна ўқинг:  ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЯНГИ MY5 ТЕЛЕКАНАЛИ 8 ДЕКАБРЬ АРАФАСИДА ТЎЛИҚ ЭФИРГА ЧИҚАДИ

2012 йилда академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия марказида замонавий кардиохирургия мажмуаси қуриб, фойдаланишга топширилган эди. Тўрт қаватли мазкур мажмуа кардохирургия йўналишида фойдаланадиган замонавий техника ва технологиялар билан таъминланган. Мажмуанинг биринчи қаватида кунига икки юз нафар беморни тиббий кўрикдан ўтказишга мўлжалланган поликлиника, қон қуйиш станцияси, стационар шароитда даволанадиган беморларни қабул қилиш хонаси, иккинчи қаватида янги туғилган чақалоқлардан уч ёшгача бўлган болаларнинг туғма юрак нуқсонларини даволаш бўлими ҳамда ангиографик жарроҳлик хоналари мавжуд. Муассасанинг учинчи қаватида кардиохирургия бўлимининг палата, гемодиализ ва трансплантация бўлимлари, клиник-диагностика лабораторияси ҳамда диагностика хоналари жойлашган. Тўртинчи қаватда эса реанимация бўлими ва кардиожарроҳлик хоналари мавжуд.

Марказ ходимларининг маълум қилишича, келажакда одам аъзолари трансплантациясига оид қонун кучга кирса, марказ жигар, буйрак, ўпка ва юрак трансплантациясини ўтказишга тайёр.

Президент ташаббуси ва бевосита кўрсатмалари билан олиб борилаётган ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини тубдан яхшилашга қаратилган тизимли ислоҳотлар бугун ўзининг илк меваларини бермоқда. Яъни бу тизим операциядан кейинги асоратларнинг олдини олиш ҳисобига беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва умрини узайтиришга, фуқароларнинг шифо истаб узоқ хориж давлатларига сафар қилиши каби ҳолатларга барҳам беришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Келажакда Ўзбекистондаги бошқа даволаш муассаларига ҳам ушбу тизим жорий этилиши кўзда тутилган. Айни пайтда уларнинг қурилиш лойиҳаларига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: