Уйқу етишмовчилиги қандай оқибатларга олиб келади?
Маълумки, уйқу етишмовчилиги моддалар алмашинуви билан боғлиқ муаммолар, депрессия, хорғинлик, инсульт ва инфарктга мойилликни келтириб чиқаради. 8 соатдан кам ухлаш ва кун бўйи уйғоқ юриш инсон организмининг билиш функцияларига салбий таъсир қилади. Бу вақтда одам нормал ухлаган пайтида бажарадиган вазифаларни бажара олмайди. Шунингдек, кам ухлаш диққатни жамлашга ҳам халақит беради. Уйқу вақтида организм учун зарур гормонлар ажралиб чиқади.
Medisys компанияси олимлари 5-6 соатлик уйқу, яъни сурункали кам ухлашнинг инсон соғлиғи учун зарарларини ўрганиб чиқди. Улар ўтказган тадқиқотлар уйқу етишмовчилиги туфайли одам стрессни бошдан ўтказиши, бу эса мия фаолиятининг ёмонлашувига олиб келишини кўрсатди. Тажрибада барча кўнгиллилар иштирок этди. Улар 3 гуруҳга бўлинди. Биринчи гуруҳдаги иштирокчилар чекланмаган миқдорда, иккинчи гуруҳдагилар салкам 8 соат, учинчи гуруҳ эса 4 соатга яқин ухлашди.
Текширувлар учинчи гуруҳ қатнашчиларида салбий ҳолатлар кўрсаткичи юқори бўлганини кўрсатди. Иккинчи гуруҳдагиларда сезилар-сезилмас нормадан чиқиш ҳоллари кузатилган бўлса, биринчи гуруҳда ҳеч қандай ўзгариш юз бермади.
Кам ухлаган одам ўзини ёмон ҳис қилиши билан бирга, ташқи кўриниши ҳам сезиларлича ўзгаради. Ланжлик, терининг оқариши, кўз қизариши, қовоқлар шишганлиги кам ухлаганликдан дарак беради. Мутачассислар фикрича, сурункали кам уйқулик терининг эрта қаришига ҳам сабаб бўлади.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.