Энг яхши ахборот-кутубхона маркази аниқланди
Энг яхши ахборот-кутубхона маркази Фарғонада “Энг яхши ахборот-кутубхона маркази – 2017” танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшларнинг китобга қизиқишини ошириш, мутолаа маданиятини юксалтириш, ахборот-кутубхона марказлари фаолиятини янада такомиллаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мустақиллик йилларида жамиятимизда кутубхоналарнинг ўрни тубдан ўзгарди. Улар фаолиятига инновацион ишланмалар, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишнинг янги шакл ва услублари жорий этилди. Кутубхоналарда китоб фондини мунтазам янгилаш ва бойитиш, илмий-маърифий, бадиий адабиётларнинг электрон шаклларини яратиш, тезкор ва сифатли ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аҳолининг интеллектуал, маънавий ва маданий даражасини юксалтиришда ахборот-кутубхона марказларининг аҳамияти тобора ортмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши соҳада амалга оширилаётган ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилаётир.
Соҳадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш, ахборот-кутубхона марказлари мутахассисларининг профессионал маҳоратини оширишда анъанавий ўтказиб келинаётган “Энг яхши ахборот-кутубхона маркази” танловининг алоҳида ўрни бор.
– Ахборот-кутубхона муассасаларининг фаолиятини давр руҳи билан ҳамоҳанг йўлга қўйиш, соҳага илғор ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, уларнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда, – дейди Республика ахборот-кутубхона маркази директори Алишер Отақўзиев. – Албатта, бугунги кунда китобхонликни тарғиб этишда соҳа мутахассисларининг билим ва малакаси муҳим ўрин тутади. Мазкур танлов ҳам ахборот-кутубхоналардаги тажрибалар билан танишиш, соҳа ходимлари фаолиятини ва замонавий хизмат кўрсатишни янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Танловнинг мамлакат босқичида 14 жамоа турли шартлар бўйича баҳслашди. Унда ходимларнинг ишга ижодий ёндашуви, ахборот-кутубхона фаолияти, ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш соҳасида инновацион лойиҳа ишлаб чиқиш, мутолаа маданияти, китобхонликни тарғиб этиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Фарғона вилояти ахборот-кутубхона марказининг “Аҳмад Фарғоний” жамоаси ғолиб бўлди. Шунингдек, “Ахборот-кутубхона марказининг энг яхши мутахассиси”, “Ахборот-кутубхона фаолияти ва мутолаа маданияти”, “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” йўналишларида ғолиблар аниқланди.
Маъсуджон Сулаймонов,
ЎзА