Муаллимнинг сўнгги сабоғи
Баҳор. Бир зумда осмонни қоплаган булут замин узра кўз ёшларини сочади. Тупроқ саваланиб юзада кичик жилғалар пайдо бўлади. Пўртана сувлар ариқлар томон шошади. Яна қуёш чарақлаб нур сочади. Тупроқдан нам қочиб кўпчийди. Қўшқулоқ гулу гиёҳлар ерни ёриб чиқади. Оламга ифор таралади. У баҳорнинг, тупроқнинг ифори.
Ҳа, тупроқ иси… Болалигимда жазирама ёз кунида улкан ёнғоқ дарахти соя ташлаган лойсупага сув сепиб, тўшак ташлаб кўкка узоқ тикилиб хаёл суришни хуш кўрардим. Лойсупадан кўтарилган тупроқ иси димоғимдан сингиб вужудимга ҳаловат бахш этарди. Ҳозир ҳам кўзимни чирт юмаман-да, ўша кезларни тасаввуримда гавдалантираман. Яна ўша ажиб ифор димоғимга қайтади. Узоқ вақт ишдан ортиб қишлоққа боролмасам, соғинаман. Сўнгра бир зумда ҳаммасидан воз кечиб, қишлоққа отланаман. Киндик қоним томган тупроқ бўйини нафасим билан туймай, ҳис қилмай қолишдан қўрқаман…
Кекса момомнинг олам ва одам ҳақидаги оддий фалсафалари ҳам тупроқ билан боғлиқ эди. «Одам тупроқдан яралади, тупроқ учун яшайди, садоқат билан меҳнат қилса, тупроқ уни боқади, яна кун келиб тупроққа қоришиб кетади»…
* * *
Қишлоқ аҳлининг жонкуяр муаллимаси Валентина Андреевна кексалик гаштини суриб юрган кезларида хасталик пайт пойлаб юргандек унинг жисмини забт этди. Имконсиз қолди. У бу юртда бир аёлга етарли бахтни топди. Саховатли эл, яхши турмуш ўртоқ, оқил фарзандлар, севимли касбу кор, дўсту қадрдонлар – бахтиёр турмуш учун ҳаммаси рисоладагидек. Аммо бир истак умр бўйи у билан яшади. Украина кенгликлари, яшил ўрмонлар, дарёлар, кенг далаларга туташ қишлоқларда кечган болалиги тушларида гавдаланади. Баъзан узоқ хаёлларга чўмади. Ҳаммасидан воз кечиб бўз тупроқ далаларга қайтиб кетгиси келади. Аммо унинг эътиқоди, турмушга, оилага ўзбекона муносабати бу хаёлларни маҳв этади.
Сўнгги пайтлар тушларида Украина далаларида чопқиллаб бораётган болалигини бот-бот кўрадиган бўлди. Қиррабурун, тенгдошларига нисбатан баланд бўйли, олтинранг сочларига зеб бериб турган анвойи гулбаргак таққан шўх қизалоқ бир даста буғдой бошоғини тутамлаб олтинранг далалар ёқалаб югуради… Бир зум тўхтаб ортга қарайди… Кўзда ёш билан онаси Ефрасенья буви қўлларини узоқдан силкиб турибди. Қизалоқ йиғлаб юборади. Қувонч ёшларими, соғинч ёшларими унинг оппоқ юзларига думалайди.
Валя муаллима (мактабда шундай қисқартириб аташарди) сесканиб уйғонади. Кўзларида қалқиб турган ёшларни қўллари билан артади. Атрофга базўр назар ташлаб, озғин бармоқлари билан тўшакни сийпалаб болиш остига суқади. Қўли титраб бир тугунни олиб чиқади-да, юзига босиб, кўзларини чирт юмиб чуқур нафас олади. Вужудига сингган бўйдан сўнг бир дам хотиржамлик сезади…
* * *
Таъзия хабарини қўшнилардан эшитган энам хомуш тортиб ҳовлида бироз туриб қолди:
– Шўрликкина, хасталаниб қолди-я… Бир неча кундан буён тўшакда ётувди, азиз бўлибди-да. Охирати обод бўлсин, ўз юртидан кечиб келиб бир умр оиласи, шу қишлоқ учун яшади. Борлиғим – болаларим, деб яшади. Сўнгги пайтлар ота уйига илҳақ бўлди, ўғилларига айтиб, юртининг тупроғидан опкелтирибди.
Вужудимда аллақандай ҳисни сездим. Эна эна-да, буни кўзларимдан уқди, чоғи, бошқа сўз айтмади.
* * *
Дам олиш куни бўлгани учун жаноза номозига тумонат одам йиғилди. Ёмғирдан сўнг салқин шабада юзга урилиб ҳузур бахш этса-да, қалбга бу эпкиндан ҳаловат юқмайди. Кимдир ерга, кимдир кўкка кўз тикади, ҳамма ўз хаёли билан банд. Аммо ҳовлидан узуқ-юлуқ йиғининг овози эшитилади. Юракка наштардек санчилади бу овоз.
Кемадек чайқалиб тобут дарвозадан кўчага ҳатлайди. Оломон ёпирилиб жаноза номози учун саф тортади:
– Бошини Самарқандга қаратиб қўйинглар, – маҳалла оқсоқолининг овози баланд янграйди.
Сўнгра имом сафдан олдинга чиқиб одамларга юзланади. Одамларга бир қадар кўз қирини ташлаб, томоғини қириб сўз бошлайди:
– Халойиқ! Ҳозир ҳамманинг кўнглидан бир савол кечяпти: боқий дунё сафари олдида турган марҳума қайси динга эътиқод этиб бу дунёда умргузаронлик қилди? Украин миллатига мансуб бу аёл барчамизнинг устозимиз бўлгани учун ҳам уни, унинг эзгу фазилатлари-ю амалларини яқиндан биламиз. У ўзбек хонадонига келин бўлиб тушди, ўзбекона яшади, ўзбекона дард чекди, ўзбекона фарзанд тарбиялади, мусулмонлар қадриятлари асосида тўй-маросимлар қилди, бунга ҳаммамиз гувоҳмиз, азиз ҳамқишлоқлар!
Одамларнинг жавоби чеҳрасида. Ҳамма бош ирғаб тасдиқлайди. У кишининг фазилати чиндан-да ўзбекона эди. Қалбида қуёши, касбига масъулияти бор эди. Шунчаки, фан сабоқларини бермасди, кези келса қаттиққўл, талабчан эди. Онадек меҳрибон ўқитувчи эди, ўқувчига рағбат бера оларди.
Муаллиманинг бу хислатидан мактабни тугаллаб, катта ҳаёт остонасида турган ўқувчилари яна бир бор баҳраманд бўлади. Битирувчиларга рус тилида илк бор, ҳижжалаб ёзган диктантини, ҳаяжон ва табассум билан ҳадя этади. Ҳайратланарли совға! Ахир, навқиронлик палласида болаликнинг бир парчасини қайтариб олиш чексиз қувонч бахш этмайдими?! Муаллима кейин кўзда ёш билан «оқ йўл» тилайди…
Элимизда «бир кун туз еган жойингга қирқ кун салом бер», деган ақида бор. Ўзга миллат аёли шу юртга, оиласи, турмуш ўртоғига, эл фарзандларининг бугуни-ю эртасига, қадрияту урф-одатларига садоқат билан яшади, эътиқод этди. Мана шу фазилатларни куюнчаклик билан ёшлар онгу шуурига сингдирди.
Миллатимизга хос устоз-шогирд анъаналарини қадрлади. Муаллиманинг кўплаб шогирдлари бугун юртимизнинг турли жабҳаларида Ўзбекистонимиз равнақи йўлида меҳнат қилмоқда. Узоқ йиллар ўқувчи-ёшларга таълим берган мактабда ҳам ёш ўқитувчи-педагогларга ибрат бўлди. Бугун ҳам ёш мураббийлар унинг таълим тажрибасидан фойдаланади.
* * *
Мустақилликнинг илк йиллари. Эски қишлоқ мактаби, тор синфлар (Ҳатто электр тармоғи билан ҳам таъминланмаган. Тунда бехос мактабга келиб қолган одам ваҳимага тушиб, қўрқувдан зир титрайди. Энам мактабда фаррош бўлиб ишлагани учун бу ҳолатга кўп тушганман).
Навбатдаги дарсда қатъиятли, иродаси мустаҳкам муаллима синфимиз ўқувчиларидан ранжиди. Ўйинқароқлигимиз, фанга муносабатимиздан нолиди:
– Сизлар тушунмайсиз, тушунишни ҳам истамайсиз. Ўзбекистон мустақил бўлди, давлат бошида бир инсон сиз учун жон койитиб, кеча-кундуз ишлаяпти. Ўтирган партанг, таълим олаётган мактабингнинг аҳволини қара. Янгисини қуриб берай, болаларимиз яхши ўқисин, деяпти шу инсон. Энди бизга ўхшаб яшамайсизлар. «Олма пиш, оғзимга туш», деган замонлар ўтиб кетди. Давлат сизларга суянади ахир… Эй-й, нимагаям сизларга айтаман шу гапларни, қулоғингиз шу ерда, хаёлингиз осмонда…
Кўп ўтмай, қишлоғимизда катта мактаб биноси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мактабнинг илк қалдирғочлари эса бизнинг синфимиз ўқувчилари бўлди.
Муаллима кўзда ёш билан барчамизни бирма-бир қўл сиқиб табриклади. Фазилату хислатларимиз ҳақида гапирди. Рус тилида ёзган илк диктантимизни қўлимизга тутди…
* * *
Валентина Андреевна китоб мутолаа қилишни хуш кўрарди. Жаҳон адабиётининг юксак намуналаридан тортиб, ўзбек адибларининг асарларини ҳам мароқ билан ўқир эди. Дарс жараёнида ҳам ўқувчиларга китоб билан ошно бўлишни тавсия этарди. Нафақат тавсия этарди, талаб қиларди. Умрининг сўнгги кунларини ҳам ана шу севимли машғулоти билан ўтказди. Балки у дардни енгиш учун, жисмини сим-сим енгаётган оғриқни унутиш учун. Балки… Аммо муаллиманинг сўнгги ўқиган китоби украин ёзувчиси Игор Муратовнинг «Буковин қиссалари» асари, украин шоири Тарас Шевченконинг «Қўбизчи бахши» шеърлар тўплами эди…
У ўзбек халқининг халқпарвар шоири Муҳаммад Юсуфнинг шеърларини ҳам севиб мутолаа қилар эди…
* * *
Марҳумани қабрга олишди. Муаллиманинг кенжаси Ҳасан ака кўзларида ёш билан полиэтилен халтачага солинган алланимани қабр ичига узатди:
– Ойим васият қилувди, юртининг тупроғи… атрофига сочиб қўйинг, худди шундай деганди.
Валя муаллиманинг сўнгги истаги бажо келтирилди. Уни дунёга келтирган ва бир умр ардоқлаган икки юрт тупроғи қоришиб кетди. Ўзбек тупроғига ўзга маконнинг бўз тупроғи хол бўлиб тушди.
Муаллима 70 ёшида бу дунёни тарк этди. Умрининг сўнггида ҳам шогирдларига она Ватанни севиш, ардоқлаш, уни юракка, вужудга жо қилиш борасида ҳаёт сабоғини ўргатди. Ўзининг ҳаёти мисолида акс эттирди бу дарсни.
* * *
…Кекса момомнинг тупроқ ҳақидаги оддий фалсафалари, Валя муаллиманинг инсон омили ва юрт тушунчаларининг уйғунлиги борасидаги ҳақиқат сабоқлари оламни янада равшанроқ англашга, ҳаётга янада теранроқ назар ташлашга кишини чоғлантиради.
Яна бир бор амин бўламизки, инсондан бу дунёда яхши ном, эзгу амал боқий қолади.
Чинакам зиёли нафақат ёшларга берган таълими, ҳаёти билан ҳам уларга ибрат бўлади. Яккабоғ туманидаги 34-умумтаълим мактабининг рус тили фани ўқитувчиси Валентена Ашурова ҳаётини ана шундай гўзал фазилатлар билан безаб яшади…
…Болалигим менинг бир асов қулун,
Оёғим шилинган тошга урилиб.
Онам чанг кўчага қўйиблар қўлин,
Тупроқни малҳам деб босар эгилиб.
Ватан дегани бу — бир ҳoвуч тупроқ,
Ватан дегани бу — юракда титроқ.
Фахриддин Ҳайитов