Қайлиғимнинг онаси

Оналарнинг офтоб тафти

Миллий кинода қайнона образи: ошириб юбормаяпмизми?

Қайнона деганда нега кўз ўнгимизда “қамчисидан қон томиб турган” аёл гавдаланади?

Инсон ҳаётида бир сиймо борки, уни кўрганда кишининг кўнгли офтобдек ёришади. Унинг бағрида ҳар ким ўзини бехавотир сезади. Дунёда ҳеч бир шоир-ёзувчи йўқки, унинг шаънига мақтов сўзларини битмаган бўлса. Бу, шубҳасиз, меҳрибон оналаримиздир.

Афсуски, бугун кинофильмларимиз орқали ўзбек оналарини салбий бўёқларда тасвирлашга ўрганиб қолдик. Таъбир жоиз бўлса, улар энг ёмон образларда гавдаланмоқда. Айниқса, киноларимиздаги қайнона образини кўрган ҳар қандай томошабин бир сесканиб тушиши тайин. Ўйланиб қоласан киши, наҳотки, бугун оналаримиз ўша фильмларда намойиш этилганидек, қўпол, бачкана, ғийбатчи, бузғунчи, оқибатсиз, бир сўз билан айтганда, меҳрсиз инсонларга айланиб қолган бўлса?! Назаримда, бунга сабаб улар шундай бўлганидан эмас, балки танланган мавзу айнан шунга қаратилганидан бўлса керак. Бир таниқли режиссёримизга хорижда қатнашган тадбирларнинг бирида кино томошабинлари, соҳа мутахассислари томонидан ўзбек аёллари шаънига эътирозлар бирдирилган экан. Сабабини сўраганда деярли барча ўзбек фильмларида аёллар, айниқса, қайноналарнинг салбий образда гавдалантирилаётганини таъкидлашган.

Дарҳақиқат, ҳадеб бир мавзуни тарғибот қилавериш инсонларни шунга кўникишига олиб келади. Энг ачинарлиси бундай фильмлар бошқа давлатлар халқи орасида ҳам миллатимизга нисбатан салбий фикрларнинг уйғонишига сабаб бўлмоқда. Буни қарангки, экранларимиз орқали берилган корейс, япон кинофильмларида бунинг аксини кўрамиз. Масалан, телеканалларимизда намойиш этилган “Ошин” сериали сабабли кўпчилигимизда япон аёлларига нисбатан ҳурматимиз ортгани аниқ. Бу, албатта, ўша мамлакат киноижодкорларининг ютуғи ҳамдир. Чунки, бадиий фильмлар орқали қилинаётган миллий тарғибот одамларда ўша юртга бўлган ҳурмат ва қизиқишни орттиради.

– Бугунги кунда кино санъатимизда ҳақиқий ўзбек аёли тимсоли гавдаланган фильмлар етишмайди, – дейди таниқли драматург Рихсивой Муҳаммаджонов. – Бизнинг ўзбек аёллари экрандаги каби бачкана ёки қўпол эмас. Улардаги нафосат, ирода, дид ва фаросатни ўзга халқларга ўрнак сифатида кўрсатсак арзийди. Тўғри, балки шундай тоифадаги аёлларимиз ҳам бордир. Уларга ҳам “ойна тутиш” керакдир. Бироқ, шуни унутмаслик керакки, кино санъати ҳаётдаги ижтимоий муаммоларни кўрсатиш билан бирга, миллатнинг юзи ҳам саналади. Аввало бу санъат намунасидан бутун дунё баҳраманд бўлишини унутмаслик керак. Кинонинг мақсади, энг аввало, миллатнинг ғурур ва шаънини ҳимоя қилиш, унинг ўлмас қадриятларини, маънавиятини кўрсатишдан иборатдир. Афсуски, бугунги кунда миллий кино санъатимиз бундан йироқлашиб бормоқда. Қайнона образини экранга олиб чиқишдан аввал унинг она, қолаверса, ўзбек аёли эканлигини унутмаслигимиз лозим.

Яна ўқинг:  Ҳаддидан ҳадлаётган тўй(чи)лар

Бизда ҳам ўрнак олса арзийдиган тарихий аёл шахслар ёки бугун ижтимоий ҳаётда ўз ўрнига эга бўлган ибратли хотин-қизларимиз талайгина. Орамизда фарзанди, келини, уларнинг бахти учун кўплаб хайрли ишларни амалга оширган ижобий фазилатли қайноналар кўплаб топилади. Шуни фахр билан айтишимиз керакки, бошқа миллат вакиллари биз ўзбекларнинг оилавий ҳаётимизга, қариндош-уруғларнинг бир-бирларига бўлган меҳр-оқибатига ҳавас билан қарайдилар. Лекин кейинги пайтда эр-хотин, фарзандлар, қариндош-уруғлар, қайнона ва келинлар ўртасидаги турли-туман келишмовчиликларга маиший мавзуда олинаётган савиясиз киноларимиз ҳам маълум маънода сабабчи бўлиб қолмаяптимикан?

– Қайноналикнинг иши оғир, у сабр-тоқатни талаб қилади, – дейди Феруза ая Қудратова. – Бегона оилада ўсган қизни ўз оила аъзоси сифатида қабул қилиш, уни ўғли билан бахтли-саодатли ҳаёт кечириши учун қайнонадан меҳр-оқибат ва кечиримлилик фазилатлари талаб қилинади. Шунинг учун бўлса керак, кексаларимиз, “келин олиш осон, қайнона бўлиш қийин”, дейишган. Асл қайнона ўғли ва унинг оиласини бахтли ҳаёт кечириши учун ҳеч нарсани аямайди. Келинлар ҳам турмуш ўртоғига итоатли, меҳр-муҳаббатли, озода, чаққон, пазанда, ширинсўз, турмушнинг бор-йўғига сабр қилиб, тежамкорлик фазилатларига эга бўлса, борган хонадонида суюкли инсон бўла оладилар.

Ҳадиси шарифда: “Жаннат оналар оёғи остидадир”, дейилган. Айрим режиссёрларимизнинг шундай мўътабар зотларга, уларнинг шаънига нисбатан доимо нотўғри муносабатда бўлаётгани унчалик ҳам тўғри иш эмас, назаримизда. Салбий феъл-атворга эга қайноналарни ибрат учун кўрсатиш керак, албатта. Бироқ мавзуга бир хил услубда ёндашавериш акс таъсир қилиши мумкин. Агар экранларга ижобий фазилатли, яқинларига ҳар томонлама ўрнак бўла оладиган она ва қайнона образларини олиб чиқсак, шунда одамларимизда бу мўътабар зотларларга нисбатан нафрат эмас, аксинча янада меҳр туйғуси уйғонар эди.

Майна ҲАСАНОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: