Тавсиялар
Тиш чўткасини тўғри танланг!
Тиш чўткаси – оғиз гигиенасида муҳим ўрин тутади. Шу сабабли уни тўғри танлаш зарур. Тиш тозалагич ушлаш учун қулай, тиш ёки милкнинг шикастланган жойларига зарар етказмайдиган даражада юмшоқ бўлиши, тола қисми ўлчами фойдаланувчининг оғиз бўшлиғи катта-кичиклигига мос тушиши керак. Тиш чўткасини ҳар 3-4 ҳафтада янгилаш тавсия этилади. Ҳозирча фанда электрли тиш чўткаси оддийсидан фойдалироқ эканлиги исботлангани йўқ, лекин у тозалаш жараёнини енгиллаштира олади.
Тишни қандай тозалаган маъқул?
Тишни ҳар куни камида икки марта: эрталаб нонуштадан кейин, кечқурун ухлашдан олдин тозалаш керак. Чўтка 45 даража қияликда ушланиб, тишнинг ташқи ва ички юзаси тозаланади. Орқадаги тишлар қолиб кетмаслигига эътибор қаратиш зарур. Бундан ташқари, тил ҳам тозаланиши даркор. Чунки, унда ҳам кўп миқдорда микроб йиғилади ва оғиздан бадбўй ҳид келишига сабаб бўлади. тишларни олдин пастасиз, кейин фторли паста билан тозалаш тавсия этилади.
Қандай овқатлар тишга зарар етказади?
Бир кунда уч марта сабзавот ва мевалар билан овқатланишга мунтазам равишда риоя қилинса, тишлар соғлом бўлади. Ширинликлар тишга энг кўп зарар етказади. Чунки, улар тишларга ёпишиб қолади ва улар орасида узоқ қолиб кетади.
Миржалол Мадвалиев тайёрлади.