Ёзги таътил мароқли ўтмоқда

Таътил бошланиши билан юртимиздаги барча оромгоҳлар минглаб болажонларни ўз бағрига олади. Бу каби масканларда ўтказиладиган турли маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, спорт ва фан тўгараклари дам олувчиларнинг дунёқарашини шакллантириш, уларнинг ижодий қобилиятини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, униб-ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом ва ҳар томонлама баркамол шахс бўлиб улғайишини таъминлаш, уларда касб-ҳунар ва жисмоний меҳнат кўникмаларини ҳосил қилиш, ёшларни юксак маънавий-ахлоқий фазилатлар билан тарбиялаш, ён-атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан дахлдорлик туйғусини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 23 мартдаги “2017 йилнинг ёз мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришга тайёргарлик кўриш ҳамда мавсумни юқори савияда ўтказиш бўйича амалга ошириладиган ишлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида юртимиздаги барча оромгоҳларда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Биргина Қашқадарё вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан болалар ёзги дам олиш масканларида ўқувчиларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун “Ёз – 2017” концепсияси ишлаб чиқилди. Ушбу концепция доирасида 15 июндан 15 августгача бўлган даврда 19 та оромгоҳда 26 минг 440 нафар боланинг ёзги таътилини юқори савияда ташкил этиш белгиланди. Айни пайтда барча оромгоҳларда турли кўнгилочар дастурлар, китоб кўргазмалари, спорт ва бадиий танловлар уюштирилмоқда.

Мавсумни кўнгилли ўтказиш, ҳар бир оромгоҳда хавфсизлик, йўл ҳаракати ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш мақсадида дам олиш масканларига Вилоят ички ишлар идоралари ходимлари бириктирилиб, назоратга олинди. Оромгоҳлар талабидан келиб чиқиб, ҳудудлар ва сменалар кесимида тиббиёт ходимлари, шифокорлар рўйхати шакллантирилди ҳамда дори-дармон заҳираси яратилди.

Бугун вилоятдаги барча оромгоҳларда болаларни қабул қилиш ва уларнинг мазмунли дам олишларини ташкил этиш учун барча шароитлар яратилган. Жумладан, бу мавсум вилоятнинг Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларидаги стационар болалар дам олиш масканларида 3 минг 500 нафар кам таъминланган оилалар фарзандлари, 181 нафар “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари, 100 нафар бепул йўлланмалар билан таъминланган иқтидорли болалар ҳордиқ чиқариши режалаштирилган. Айни пайтда “Меҳнат ва дам олиш”, “Интеллектуал ривожлантириш”, “Экологик-биологик”, “Ўлкашунослик”, “Техник-ижодкорлик”, “Ижтимоий мослашув”, “Тарбия ва спорт-соғломлаштириш” ҳамда “Бадиий ижодиёт” каби оромгоҳларда 1 минг 264 нафар ўқувчи мароқли дам олмоқда.

Яна ўқинг:  Aждодлар ёди муқаддас

Болалар дам олиш масканларининг ҳар навбати 300 нафардан турли тоифали мутахассис-педагоглар билан таъминланди. Улар олдиндан Шаҳрисабз туманидаги Беруний, Яккабоғ туманидаги Улуғбек номидаги оромгоҳлари, Китоб туманидаги 81-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган кўргазмали семинарларда ўз малакаларини оширдилар. Шунингдек, болалар ва ўсмирлар спорт мактабларининг 19 нафар мураббийлари ва сузиш бўйича йўриқчилари ҳам соғломлаштириш оромгоҳларига бириктирилди.

Ахборот-ресурс марказларида 75 та китоб тақдимоти, 300 та ижодий кўрик-танловлар, 45 та мультимедиалар тақдимоти ҳамда 205 та расмлар кўрик-танлови ўтказилди.

Ёшларнинг китобга бўлган қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтириш мақсадида ҳар бир оромгоҳда кутубхона ташкил этилиб, зиё масканлари 26 мингдан зиёд бадиий адабиётлар, эртак китоблар билан таъминланди. Бундан ташқари дам олиш масканларида болалар севимли газета ва журналларининг янги сонлари билан танишиш имкониятига ҳам эга. Ёш авлоднинг қизиқишларига қараб, 156 та фан, касб, спорт ва ижодий тўгараклар фаолият кўрсатмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 4 турдаги ўқув методик қўлланмалари тарқатилди.

“Билимлар беллашуви”нинг вилоят босқичида ғолибликни қўлга киритган 100 нафар иқтидорли болалар учун август ойида Шаҳрисабздаги “Зиё чашмалари” оромгоҳида интелектуал соғломлаштириш оромгоҳи ташкил этилди.

“Ёз – 2017” концепцияси асосида оромгоҳларга жалб этилмаган ўқувчиларнинг ёзги таътилда бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун маданий-маърифий тадбирлар, намунавий дастурлар ишлаб чиқилиб, 611 та умумтаълим мактабида соғломлаштириш майдончалари ташкил этилди. Шунингдек, “Баркамол авлод” болалар марказларида очилган 218 та касб ва ижодий тўгаракларга 4 минг 653 нафар бола жалб қилинди.

Марям АҲМЕДОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: