Жорий йилда тиббиёт коллежларига ўқувчи қабул қилиш 7 мингга қисқартирилмоқда

Мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 14 мартдаги “Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида меҳнат бозоридаги реал иш ўринлари ва академик лицейларнинг сифат кўрсаткичи таҳлил қилинган ҳолда 18 та академик лицей касб-ҳунар коллежларига айлантирилди. 4 та академик лицейда ўқувчилар қабули тўхтатилди.

Келгусида ҳам ҳудудларнинг реал иқтисодиёт тармоқларида барча соҳалардаги каби ўрта махсус маълумотли тиббиёт кадрларига бўлган эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда малакали кадрлар тайёрлаш тизими ислоҳ қилиниб, йилдан-йилга босқичма-босқич такомиллаштирилиб борилади.

Яқинда П.Ф.Боровский номидаги Тошкент тиббиёт коллежининг фаолияти ўрганиш натижалари ҳам ушбу муассасада ўқув тарбиявий жараённи ташкил этишда жиддий муаммолар борлигини кўрсатди. Жумладан, коллежда 2 минг реал ўқувчи ўрни мавжуд бўлса-да, бугунги кунда 3 минг 94 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.

Коллежда ўқувчилар сони унинг қувватига нисбатан 1.5 баробар кўплиги, гуруҳларда ўқувчилар сони ўртача 36-38 нафарни ташкил этиши, ўқув хоналари етишмаслиги дарслар 2 сменада ташкил этилишига сабаб бўлган. Бу эса ўқувчиларнинг дарсдан бўш вақтларида тўгарак машғулотларига жалб этилишини чеклаб қўйган, яъни қўшимча машғулотларни ўтказиш учун бўш аудиторияларга жуда катта эҳтиёж сезилган.

Қолаверса, ўқувчилар сонининг кўплиги жисмоний тарбия дарсларини спорт залларида ташкил этишда ўқувчиларни тўлиқ қамраб олиш имконини бермайди. Яъни, айрим гуруҳларга жисмоний тарбия дарсларини ўтиш имкони бўлмаган.

Умуман, дарсларнинг 2 сменада ташкил этилганлиги, ўқув хоналарининг барчаси бандлиги, таълим муассасасида ўқитувчиларнинг ўз устида ишлаши, ота-оналар билан ишлаш, дарсдан ташқари ишларни ташкил этиш, психологик хизмат кўрсатиш, маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни ташкил этишда жиддий муаммоларни юзага келтирган.

2015-2016 ўқув йилида Тошкент шаҳридаги тиббиёт коллежларини 8 минг 274 нафар ўқувчи тамомлаган. Уларнинг бор-йўғи 33 фоизи ўз мутахассислиги бўйича иш билан таъминланган, холос.

Шу сабабли, ўтган йили мамлакатимиз бўйича тиббиёт коллежларига 35 минг нафардан зиёд ўқувчи қабул қилинган бўлса, жорий йилда қабул квотаси 7 мингга қисқартирилиб, 28 минг нафарга яқин ўқувчи қабул қилиниши режалаштирилган.

Н.НОРБОБОЕВ

Яна ўқинг:  “ҒУНЧА”КУНЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: