Анҳорнинг сўлим соҳилларида

Ушбу сув ҳавзасидан сузиш учун фойдаланса бўладими?

Айни ёз, ҳаво ҳарорати юқори. Бундай кезларда инсон табиат қўйнига ошиқади, салқин ва сўлим масканларда мирқиб ҳордиқ чиқаради.

Пойтахтимизнинг “Ўзбекистон” маданият ва истироҳат боғидаги “Ёшлар” кўли ёз келиши билан болажонларнинг янгроқ қўшиқлари, қувноқ кулгуларига тўлиб кетади. Кўл соҳилида катталар учун махсус чўмилиш майдончалари барпо қилинган. Болаларга аталган майдонча эса байроқчалар билан ажратилган. Ёз гаштини сураётган болаларнинг беғубор ўйинлари кишига завқ бағишлайди. Чор-атрофда махсус чўмилиш кийимлари, сузишга ёрдам берадиган турли хилдаги шиширилган резинали ўйинчоқлар, салқин ичимликлар, озиқ-овқат савдоси ташкил қилинган. Буларнинг бари юртдошларимизнинг мавсумни кўнгилдагидек ўтказиши учун қилинган ибратли ишлардир.

Тошкент аҳолисига ҳузур бағишлайдиган ажойиб масканлардан яна бири шаҳарни иккига ажратиб турувчи хушманзара анҳор бўйлари бўлиб, бу ер ҳамиша одамлар билан гавжум. Анҳорнинг Ўрдадан Бешёғоч даҳасигача бўлган соҳиллари бир пайтлар жарликдан иборат эди. Кейинги йилларда бу ерлар қайтадан кўкаламзорлаштирилди. Бешёғоч ёнидаги соҳил тартибга келтирилди. Ҳозир бу ерни пиёда айлансангиз, кайфиятингиз кўтарилиб, саломатлигингиз тикланади. Энг асосийси шаҳарликлар узоқ-узоқлардан келиб, бу сўлим масканда бадантарбия машқларини бажаришади.

Бироқ, айни ёз пайтида анҳор бўйларининг хавфли ҳудудларида кўплаб чўмилаётган инсонларни кўриш мумкин. Масалан, анҳорнинг Бешёғоч даҳасига яқин жойида гидроэлектр станцияси бор. У шаҳримизнинг баъзи жойларини электр энергияси билан таъминлайди. Унинг ёнида гирдоб ҳам йўқ эмас. Ўзим шу ҳудудда истиқомат қилганим учун кўп бор кўнгилсиз ҳодисаларга гувоҳ бўлганман. Афсуски, ҳозир станциянинг ёнгинаси катталар-у ўсмирлар чўмиладиган масканга айланган. Аслида бу ерда чўмилиш умуман мумкин эмас. Соҳил бўйларига ҳам огоҳлантирувчи белгилар қўйилган. Лекин бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ёзи билан ушбу маскан одамлар билан гавжум бўлади. Ўсмир болалар кўприк устида туриб, тепадан пастга шўнғишади. Кийим алмаштириш учун эса умуман шароит йўқ. Ундан сал нарида эса болалар майдончаси бўлиб, мазкур ҳудудда истиқомат қилувчи оналар ярим яланғоч одамлар олдида ўз фарзандлари билан сайр қилиб юриши жуда ноқулай.

Шундай экан мутасаддилар аввало бу ерда чўмилишни таъқиқлашдан олдин дам олувчиларга шароит яратиб бериши лозим. Бунинг учун анҳорнинг бўйларида худди “Ёшлар” кўлидагидек, махсус оилавий чўмилиш майдончалари барпо этилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Яна ўқинг:  Xushxabar raqamlar

Масалан, анҳорнинг Миллий боғ ёнидан оқиб ўтувчи соҳиллари бетонлаштириб, тартибга келтирилган. Ушбу жойда чўмилиш учун махсус майдонча ташкил этилса, айни муддао бўлар эди. Қолаверса, анҳорнинг Оқтепа мавзесидан оқиб ўтувчи соҳилларида ҳам ана шундай қулай ҳудудлар мавжуд.

Ушбу мулоҳазаларимизни мутасаддилар эътиборга олиб, тегишли хулосалар чиқаради, деган умиддамиз. Зеро, пойтахтимизга салқинлик бахш этиб турган анҳор сувидан тўғри ва оқилона фойдалансак, барчамиз учун фойдадан холи бўлмайди.

Раъно ЗАРИПОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: