Поликлиника бош шифокори аҳоли олдида ҳисоб берди
Шайхонтоҳур туманидаги 41-оилавий поликлиника ҳудуддаги 25 минг 700 дан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатади. Муассасада ташкил этилган кундузги стационарда беморлар шифокор назоратида бўлиб, керакли муолажаларни олмоқда.
Бу ҳақда мазкур поликлиника бош шифокорининг ҳудуд аҳолисига берган ҳисоботида маълум қилинди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, ҳудуд аҳолиси ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилиниши барча соҳа қатори аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш борасидаги эзгу ишларни янги босқичда давом эттиришга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Шайхонтоҳур туманининг Ипакчи, Эски Жарариқ, Зафаробод, Ўзбекистон, Кўкча маҳаллалари аҳолисига хизмат кўрсатувчи ушбу оилавий поликлиникада 10 умумий амалиёт шифокори ва 20 патронаж ҳамшираси фаолият олиб боради. 4 минг 400 хонадон, 6 минг 376 оила, 2 умумтаълим мактаби ва 4 мактабгача таълим муассасаси мавжуд ушбу ҳудудда ҳамширалар ўзига бириктирилган хонадонларга қатновларни ташкил этмоқда. Маҳалла ва таълим муассасаларида жамоатчилик назоратининг аҳамияти, соғлом турмуш тарзи тарғиботи, тиббий маданиятни юксалтиришга қаратилган маданий-марифий тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда.
– Муассасамиз билан тез тиббий ёрдам хизмати ўртасидаги узвий ҳамкорлик кучайтирилди, – деди оилавий поликлиника бош шифокори Дилдора Мирхолиқова. – Сурункали касаллиги бор беморларни патронаж билан қамраб олиш даражаси, мурожаат қилган беморлар учун зарур дори-дармон воситалари таъминоти яхшиланди. Поликлиникамиз учун алоҳида машина ажратилгани патронаж хизматини тезкор ва самарали ташкил этишга ёрдам бермоқда.
Йиғилишда поликлиника фаолияти батафсил муҳокама қилиниб, мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича фикрлашилди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА