Бу бор гап
Бугун орамизда турмуш ташвишларини рўкач қилиб, фарзандлари тарбиясига панжа орасидан қараётган инсонлар йўқ эмас.
Дилбандларимизнинг юриш-туриши, уларнинг руҳиятида кузатилаётган салбий ўзгаришлар ҳам тарбия аталмиш ҳаёт-мамот масаласига суст ёндашаётганимизнинг “меваси”дир.
Қуйидаги фикрлар орқали оилада ўғил-қизларингиз билан муомалада йўл қўяётган хато ва камчиликларингизни билиб оласиз. Бу эса сиз учун фойдадан холи бўлмайди, албатта.
- Фарзандингиз тортинчоқми, демак сиз уни кам қучоқлаб, кам ўпасиз.
- Фарзандингиз ўзига ишонмаяптими, демак сиз уни шижоатлантирмайсиз.
- Фарзандингиз бошқаларга тажовуз қиляптими, демак сиз унга қайсарлик қиласиз.
- Фарзандингиз бошқаларни ҳурмат қилмаяптими, демак сиз унга кўп бақирасиз.
- Фарзандингиз ўғирлик қилдими, демак сиз унга нарса беришда уқувсизлик қилгансиз.
- Фарзандингиз бахилми, демак сиз у билан шериклик ишини беэътибор қолдиргансиз.
- Фарзандингиз заифми, демак сиз унга кўп таҳдид қиласиз.
- Фарзандингиз доимо ғазабланадиган бўлиб қолганми, демак сиз уни мақтамай қўйгансиз.
- Фарзандингиз қўрқоқми, демак сиз уни ҳаддан зиёд кўп ҳимоя қиласиз.
- Фарзандингиз сизга итоат қилмаяптими, демак сиз ундан кўп нарса талаб қилиб юборяпсиз.
- Фарзандингиз ёлғон гапиряптими, демак сиз уни кўп тергаяпсиз.
- Фарзандингиз гапиришда нўноқми, демак сиз у билан кам гаплашасиз.
Азиз ота-оналар, дилбандларингиз тарбиясида эътиборли бўлинг!
Аброр Мухтор Алий