Янги марралар – янги номлар ёки улкан ютуқлар

Келажагимиз ворислари бўлган фарзандларимизнинг ақлий ва маънавий камол топиши, иқтидорини тўла намоён этишга кенг имконият яратиш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси бир қатор хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Жамғарма томонидан қатор йиллардан буён ўтказиб келинаётган кўрик-танловлар, кўргазма ва фестиваллар янги-янги номларни кашф этишда ўзига хос аҳамиятга эга бўлаяпти. Жумладан, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси билан ҳамкорликда 1997 йилдан эътиборан мусиқа мактаблари ўқувчилари иштирокида “Санъат ғунчалари” республика ёш мусиқачилар танловининг ўтказилиши кўплаб иқтидор эгаларини кашф этишга замин ҳозирлади. Танловнинг шу йил март ойида бўлиб ўтган республика босқичида 100 нафардан зиёд ёш истеъдод эгалари ўз иқтидорини намойиш этишди.

– Мусиқани жон-дилимдан яхши кўраман. Дамли ва зарбли чолғулар танловида саксофонда ижро этган куйим биринчи ўринга лойиқ топилганида кўз ўнгимда ота-онам ҳамда устозларимнинг шодон чеҳраси намоён бўлди. Бизга шундай имкониятларни яратиб берган танлов ташкилотчиларига ўз миннатдорлигимни билдираман, – дейди Республика ихтисослаштирилган мусиқа ва санъат академик лицейи ўқувчиси Муниса Акромова.

– Глиэр номли Республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқувчиси Жавоҳир Жаҳонгиров: – Жамғарма томонидан ўтказилган “Санъат ғунчалари” кўрик-танловида зарбли чолғулар йўналишида биринчи ўринга сазовор бўлдим. Келажакда жаҳоннинг катта саҳналарида ҳам худди шундай муваффақиятларга эришишни орзу қиламан, – дейди у.

Жамғарма томонидан ўтказилаётган танловлардан яна бири “Наврўз садолари” – Республика миллий чолғулар кўп овозли ансамбли ва оркестрлар фестивалидир. 2005 йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу санъат фестивалида барча вилоятлардан ёш ижрочилар иштирок этиб, ўз санъатларини намойиш этмоқдалар. 2012 йилда бўлиб ўтган “Наврўз садолари” V республика фестивалида диёримизнинг барча вилоятларидан 300 нафардан зиёд ёшлар иштирок этишди.

Жамғарманинг яна бир эътирофли танлови Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, “Сен ёлғиз эмассан” республика жамоат болалар фонди, Ўзбекистон Бадиий Академияси ҳамкорлигида республикамиздаги махсус мактаб-интернатлари ва “Меҳрибонлик уйлари” тарбияланувчилари ўртасида ташкил этилган “Камалак жилоси” расмлар танловидир. Республикамизнинг турли вилоятларидан келган “Меҳрибонлик уйлари” мактаб ҳамда махсус мактаб-интернатларининг 1500 нафар тарбия­ланувчилари қатнашган мазкур танлов иштирокчилари ва ғолиб болажонларга жамғарма томонидан 726,0 минг сўмлик қимматбаҳо совғалар топширилди.

Яна ўқинг:  Жовондаги жавоҳир

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, юртимиздаги юзлаб иқтидор эгалари ушбу нуфузли танловлар сабаб кашф қилинди. Зеро, Америка қўшма штатлари, Германия, Англия, Греция, Франция, Италия, Россия каби давлатларнинг катта саҳналарида бўлиб ўтган халқаро кўрик-танловларда мамлакатимиз номини дунёга танитган 30 нафардан зиёд ёш санъат ихлосмандларининг эришган муваффақиятлари замирида ҳам жамғарманинг муносиб кўмаги бор.

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: