350 дан зиёд шартнома имзоланди
Х Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси якунланди.
«Ўзэкспомарказ»да 10-12 май кунлари бўлиб ўтган ярмарканинг дастлабки натижаларига кўра, умумий қиймати 22 миллиард сўмдан ортиқ бўлган 350 дан зиёд шартнома имзоланди.
Жорий йилги ярмарка вазирлик ва идоралар, банк сектори, иқтисодиётнинг барча тармоқлари корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермер хўжаликлари, Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари вакиллари, шунингдек, алоҳида ихтирочиларни жамлади.
Тақдимотлар бу йил ўзгача тарзда бўлиб ўтди. Унда муаммоларнинг аниқ ечимига қаратилган ғояларга кенг ўрин ажратилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармакология, ахборот-коммуникация технологиялари, фан ва таълим соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилган 500 дан зиёд ишланма, инновацион ғоя ва лойиҳа намойиш этилгани бунинг ёрқин далилидир.
– Биз ярмаркада ўнга яқин таклиф билан иштирок этдик, – дейди Наманган муҳандислик-қурилиш институти ўқитувчиси Одилжон Маллабоев. – Мисол учун, топинамбур иккиламчи хомашёсидан таркибида шакар миқдори кам ва диетик маҳсулот ишлаб чиқаришни такомиллаштириш лойиҳаси кўпчиликда қизиқиш уйғотгани боис ҳудудий ярмаркада 24 миллион сўмлик шартнома имзоланган эди. Бугунги ярмарка доирасида ҳам қатор шартномалар имзоладик.
Ярмарка доирасида ташкил этилган III Тошкент халқаро инновацион форумида Германия, Болгария, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Россия каби давлатлар, Жаҳон банки, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси мутахассислари ва экспертлари иштирок этди.
– Германия Фан ва таълим федерал вазирлигидан молиячилар, олимлар ва амалиётчи ёшлар келган, – дейди Германия Федератив Республикасининг Фан ва таълим федерал вазирлиги вакили Кристен Кинцлер. – Бу йилги тақдимотларда бир-биридан қизиқарли ва фойдали ишланмаларга гувоҳ бўлдик. Мазкур ярмаркадаги иштирокимиз алоқаларимизни янги босқичга олиб чиқади деган умиддамиз.
Форум иштирокчилари ривожланган давлатларнинг инновация тизимлари ва ушбу йўналишдаги тажрибалар, мамлакатимизда инновация фаолиятини ривожлантириш истиқболлари, инновацион иқтисодиёт соҳасида кадрлар тайёрлаш ва мутахассислар малакасини оширишга доир масалаларни муҳокама қилди.
Ярмарка илм-фан ва иқтисодиётнинг реал сектори ўртасида йўлга қўйилган яқин кооперация алоқаларининг яққол намунасига айланди ва иқтисодиётимизнинг барча тармоқларини инновацион ривожлантириш, мамлакатимизнинг илмий-техникавий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.
Х Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар республика ярмаркаси якунида қатор номинациялар бўйича ғолиб ва совриндонлар тақдирланди.
Сайёра ШОЕВА,
ЎзА мухбири