Турмуш обод – оила фаровон
Оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, унинг фаровонлиги, тинч – тотувлиги юрт равнақини таъминлайди. Оила қачон фаровон бўлади? Қачонки, ижтимоий-иқтисодий томондан ҳимояланган ва таъминланган бўлса пировард мақсадларга эришилади.
Юртбошимиз Ислом Каримов томонидан 2013 йилни “Обод турмуш йили” деб номланиши бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш учун замин ҳозирлади.
Иқтисодиёт таянчи бўлган хусусий тадбиркорлик иқтисодий ўсишни таъминлаш ва демократик жамиятни ислоҳ қилишга ҳисса қўшади. Кейинги йигирма йил давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг туб илдизи оилалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган. Оилаларнинг моддий асослари ва молиявий имкониятларини ривожлантиришга кенг йўл очиб берилганлиги, яшаш шароитини яхшиланиши каби омиллар эндиликда оилавий бизнесни ташкил этиш учун қулай имконият яратмоқда. Президентимиз оилавий тадбиркорлик ва бизнеснинг мамлакатимиз иқтисодиёти учун нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлиги тўғрисида шундай дейди “Бугунги кунда кичик бизнес ва тадбиркорликни кенгайтириш учун унинг ташкилий ҳуқуқий шакли сифатида оилавий бизнесни қонуний белгилаб қўйиш вақти келди. У миллий анъаналаримизга хўжалик юритиш фаолиятининг ҳолатига тўла мос келади. Унинг жадал ривожланиши янги иш ўринлари очилишига шароит яратади”.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва уни қўллаб-қувватлаш борасида Бухоро вилоятида ҳам бир қатор амалий ишлар бажарилмоқда. Айни вақтда вилоятда 3700дан зиёд хусусий тадбиркорликка оид иқтисодий субъектлар фаолият кўрсатмоқда. Биргина асаларичилик билан шуғулланаётган тадбиркорлар сони 116 нафардан ошди.
– Асал қадимдан инсон соғлиғи учун шифобахш ҳисобланиб келинган табиат неъматидир. Ўғлим Шуҳратжон билан отамерос бўлган асаларичилик билан шуғулланиб келамиз. Юртимизда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган шароитлардан мамнунмиз. Оиламизнинг иқтисодий жиҳатдан таъминланишида ушбу тадбиркорлигимиз қўл келмоқда, – дейди Ғулом ака Қутлиев.
Оилавий бизнесни ташкил қилиш вилоятда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларидан биридир. Жумладан, ҳунармандчилик, умумий овқатланиш, савдо, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, чорвачилик маҳсулотларини етиштириш, хизмат кўрсатиш каби бир қатор оилавий тадбиркорлик субъектлари вилоят иқтисодиётини ривожланишига асос бўлмоқда. Қолаверса, бу эътибор анъанавий ҳунармандчилик ва касаначиликнинг тараққий топишини таъминламоқда.
Кичик бизнес шахснинг ички салоҳиятини очишга, меҳнат фаолиятида ўзини намойиш қилишга имкон беради. Ривожланган оилавий бизнес истеъмолчилар ва бозорнинг тез ўзгарувчан талабларига мувофиқ ҳолда товар ва хизматлар ишлаб чиқариб, истеъмолчиларнинг асосий қисмига хизмат кўрсатади. Шу боис ҳам оилавий бизнес жамиятнинг сиёсий барқарорлиги ва демократик ривожланишининг кафолати бўлган ўрта синф шаклланишининг асоси ҳисобланади. Хусусий тадбиркорлик соҳасининг яна бир муҳим жиҳати юртимизда мазкур соҳага солиқ имтиёзларини берилиши натижасида тежаб қолинган молиявий маблағлар унинг ривожланишига муносиб ҳисса қўшмоқда.
М.ҚУТЛИЕВА, Б.ИСОМОВ,
Бухоро Иқтисодиёт ва банк коллежи ўқитувчилари