Қалбни уйғотувчи сатрлар
Беморлик – асли бедорликдир.
Жалолиддин Румий
***
Кўнгилнинг қатида нидога йўл бор,
Иймондан кечганга афтода йўл бор.
Яратган қошига борар йўл қайда?
Беморнинг қалбидан Худога йўл бор.
***
Олам эллик варақ, юз варақ китоб,
Китобга сарлавҳа эрур офитоб.
Бу дунёнинг ганжи ўзимман, дема,
Ҳаёт бир жумлаю, чеҳранг бир ниқоб.
***
Тоғларни ўзингга этмагин таққос,
Мағрур чўққилар ҳам қулайди гуррос.
Англайсан, бу жоннинг заиф эканин
Беморнинг қошида ўтирсанг бироз.
***
Хасталик – тақдирнинг жилови ахир,
Ошиқма, Худонинг синови оғир.
Қалбингда манманлик япроғин ёйса,
Жисмингда жароҳат бўлади зоҳир.
***
Титапоя қилдик ва катта бўлдик,
Бирида соғликда, бир дардда бўлдик.
Замин кўк қошида ёйилган раста,
Ажаб савдолардан ҳайратда бўлдик.
***
Соғ бўлсанг кифтингга қанот истайсан,
Бемор бўлсанг сабру сабот истайсан.
Сен қачон туясан ҳаёт завқини,
Қачон бу жонингга роҳат истайсан?
***
Ҳуркак кийик нима, бемор нимадир?
Иккисин кўксида бедор нимадир?!
Овчи ва ажалнинг пистирмасида
Яна содир бўлар такрор нимадир!
***
Беморнинг дуоси дарёдир, кўлдир,
Ҳол сўра, қалбингни қувватга тўлдир.
Тўшакда қўл очиб ётибди, ана,
Жилмайиб ол, сўра, югур, бор, улгур!!!
***
Туппа-тузук эди, қочибди тоби,
Ётибди, кўксида ҳаёт китоби.
Ўқиди, англади ҳикматин, бироқ
Сўнганда қуввати, шаҳди-шитоби.
***
Коинот олдида замин бир нуқта,
Кучинг етар бўлса, сен Ерни тўхтат!
Эй одам, жар солма, овлоқда туриб,
Бугун соғ, эрта соб, индинга рихлат…
Фахриддин Ҳайит