Меҳр ила ёруғдир қалблар
“Ҳаёти-ю турмуш тарзидан нолийдиган, тўрт мучаси соғ, жисмонан ва ақлан етук, шошмашошарлик ва ўткинчи ҳою ҳавасларга ишониб, яқин қариндошлари билан қуда-андачилик қилаётган ёхуд ҳали касб-ҳунар коллежини тамомламаган, “ғўр” қизини эрта турмушга узатаётган айрим кимсалар, шу ерга келиб, кўзларидан меҳрга муҳтожлиги балқиб турган болалар билан оз бўлса-да мулоқот қилишса, улар умрининг ҳар бир лаҳзасидан ҳикмат излаб, шукроналик билан ҳаёт кечириши аниқ”.
Бу Қўрғонтепа “Мурувват” ногирон болалар учун интернат уйидаги тарбияланувчиларнинг баъзилари билан суҳбатлашган чоғимда хаёлимни банд этган ўйлардир.
Чиндан ҳам замонавий кўринишда қад ростлаган мазкур “меҳр иморати”га қадам ранжида айлаган ҳар бир инсоннинг кўнглини шукроналик туйғулари чулғаб олиши, шубҳасиз. Қирқ саккиз йилдан буён фаолият юритиб келаётган интернатда айни пайтда 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган ирсий, ўта оғир, чуқур даражадаги руҳий касаллик билан дунёга келган, имконияти чекланган 253 нафар тарбияланувчи камол топмоқда. Уларнинг уч маҳал иссиқ овқат, шарбат-у ширинликлар, витамин ва микроэлементларга бой сабзавот ҳамда меваларни истеъмол қилиши, ҳар мавсумда икки-учтадан уст-бош ва оёқ кийимлар билан таъминаланиши, сахий ва олийжаноб халқимизнинг назаридан сира ҳам четда қолаётгани йўқ. Шунингдек, бу ердаги 150 нафарга яқин энага ва тарбиячилар ота-онаси йўқ, етим ва васийликка олинган болалар қалбига ширин сўз билан йўл топиб, уларга яқинлари беролмаган меҳрни тортиқ қилишни ўзларининг муқаддас бурчи, деб билишлари янада қувонарли. Бу эса ўғил-қизларнинг кемтик кўнглига ҳадсиз шодлик ва қувонч улашмоқда.
– Мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ, юртимизда эртанги кунимизнинг ишонган тоғи ҳисобланган навқирон авлоднинг ўқиб-изланиши, касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаши, ўз иқтидорини тўла намоён этиши ва ҳар томонлама баркамол бўлиб камол топишига давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида юксак эътибор қаратиб келинаётир, – дейди “Мурувват” ногирон болалар уйи директори Хуршидахон Халилова. – Бу борада айниқса, бағрикенглик ва саховатпешалик қон-қонига сингиб кетган халқимизнинг меҳр-мурувватга муҳтож, боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган ўғил-қизларга ҳам етарли шарт-шароитларни муҳайё этиб, оталарча ғамхўрлик кўрсатаётгани юксак эътирофга сазовордир. Бизнинг асосий мақсадимиз – тарбияланувчиларимизнинг шахсий гигиенаси ва меҳнатга бўлган кўникмасини шакллантириш ҳамда уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, таянч бўлишдир. Аксарият ўғил-қизларимизнинг марказий асаб тизими қаттиқ шикастлангани учун муассасамиздаги тиббий, педагогик-психологик комиссия хулосасига кўра, уларнинг лаёқат даражасига қараб гуруҳларга ажратамиз. Болалар интернат уйидаги барча тарбияланувчилар ўтирувчи, юрувчи ва эмакловчи каби уч тоифага бўлинган. Юрувчи болалар жуда ҳам озчиликни ташкил қилади. Шу сабаб уларни меҳнатга ўргатиш, тайёрлаш гуруҳларига ажратганмиз. Шунингдек, болаларнинг имконият даражаси, лаёқатини ҳисобга олиб, турли тўгаракларни жорий этганмиз. Улар чеварчилик, расм чизиш машғулотларида фаоллик кўрсатиб, ўзидаги истеъдодни намоён қилишга интилишмоқда. Тарбияланувчиларимизнинг яратган ишлари жуда зўр бўлмаса-да, аммо уларнинг ўз тушунча ва тасаввуридаги хулосаларини чизаётган расмлари орқали намоён этиши, биз учун қадрлидир. Бундан ташқари, “Мурувват” уйида жонли бурчак ташкил этилган бўлиб, болалар ўзлари ном қўйган балиқ ва турфа хилдаги қушларни парвариш қилишади. Бу эса уларнинг табиат билан боғлиқ илк тасаввурларини шакллантиришда катта аҳамият касб этади.
Бир оила фарзандлари сингари аҳилликда вояга етаётган “Мурувват” уйи тарбияланувчиларининг ҳар бир куни мазмунли ва қизиқарли ўтиши учун тарбиячилар турли хил ўйин ҳамда томошаларни намойиш этишади. Шу билан бирга ўғил-қизларнинг иммунитетини янада мустаҳкамлаш, сурункали касалликларнинг олдини олиш, уларни озода ва саранжом-саришталикда юришларига ҳам катта эътибор берилаётир. Улар ҳар йили икки марта, яъни март ва сентябрь ойларида вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасида тузилган ишчи гуруҳи аъзолари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб борилади. Шунингдек, муассасада Наврўз, Мустақиллик ва Янги йил байрамлари, 1 июнь – Халқаро болалар ҳамда 3 декабрь – Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш кунлари ҳам кўтаринки кайфиятда нишонланади. Вилоят ва туман ҳокимлиги, “Саховат” ва “Мурувват” уйлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш Республика жамоатчилик кенгаши, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал демократик партияси вилоят Кенгаши, Андижон вилоят касаба уюшмаси федерацияси, маданият ва спорт ишлари вазирлиги туман бўлими ва кўплаб нодавлат-нотижорат ҳамда ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорликда турли маданий-бадиий тадбирлар ўтказиш ҳам анъанага айланган.
– Ўтган йилнинг декабь ойида пойтахтимиздаги “Истиқлол” санъат саройида ўтказилган “Меҳр қўлларини узатайлик” номли хайрия гала-концертида иштирок этиш бахтига муяссар бўлдим, – дея чексиз қувончини билдиради муассаса тарбияланувчиси Мадинабону Қобулова биз билан бўлган суҳбатда. – Айниқса, дастурда севимли санъаткорим, “Ниҳол” мукофоти совриндори Гуласал Абдуллаева билан биргаликда “Наманган” қўшиғини ижро этганимдан жудаям хурсандман. Бизларга ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етишимиз учун мана шундай шароитларни яратиб бераётган муҳтарам Юртбошимизга ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни билдириб қоламан!
Миролим ИСАЖОНОВ,
Андижон вилояти