БОЛА КУЛГУСИ – ОЛАМ БЕЗАГИ

“Эмишки, чақалоқ юзидаги илк табассумни фаришталар уйғотар экан. Она бағрида кўз очиб дунё юзини кўрган шу миттигина вужуд улғайиб, не-не эзгу ишларни амалга оширмайди, дейсиз. Улар буюклар авлоди, эртамизнинг муносиб ворислари, униб-ўсиб камолга етсин, дейди болажон халқимиз. Бир қўлида гўдагини бир қўлида дунёни тебратаётган она сиймоси қанчалар муқаддас. Чақалоқ ётган бешикнинг бахмал ёпинғичидан тортиб, унга осиб қўйилган бежирим тумору бир шода кўзмунчоқда дил тафти, тенгсиз соф ниятлар мужассам.

Эгизак қизлари Фотима ва Зуҳра туғилганида Носир ака ва Шоҳида опанинг қалби бир олам шодликка тўлган эди. Орадан йиллар ўтиб, мактабни муваффақиятли тугатган қизлар шифокорлик касбига меҳр қўйишди. Тошкент тиббиёт академияси (аввалги Тошкент давлат тиббиёт институти) да таҳсил олган Фотима-Зуҳралар эндиликда қўли енгил шифокор сифатида эл орасида эъзоз топмоқда. Оилада олти нафар тиббиёт ходими камолга етганидан ота-онанинг қувончи чексиз.

“Ўткир юқумли вирусли инфекцияларда ҳомиладорликни кечишини ўзига хос хусусиятлари” мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлаган Зуҳра Нажимова интернатурани пойтахтдаги 6-туғруқхонада ўтади. Сўнгра Тошкент шаҳридаги 8- туғруқхонада аёллар маслаҳатхонаси шифокори ҳамда туғруқ бўлими шифокори, кейин эса 2-туғруқ мажмуасида даволаш ишлари бўйича бош шифокор ўринбосари, 9-туғруқ комплексида бош шифокор ва 1998 йилдан бошлаб эса Тошкент шаҳар 2-туғруқ мажмуасида бош шифокор вазифасида фаолият юритиб келмоқда. Ушбу шифо масканига кираверишдаги саранжом-саришталик, дов-дарахтларнинг бир текис оқлангани кўзни қувонтиради. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида жойлашган 186 ўринга мўлжалланган мазкур туғруқ комплексида айни вақт­да 12 та бўлим фаолият кўрсатади. Клиник ташхис поликлиникаси, клиник биокимё лабораторияси, туғруқ, қон қуйиш, реанимация каби замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлимларнинг шифокорлари аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш йўлида беминнат хизмат қилмоқда.

Бизни очиқ чеҳра билан қаршилаган туғруқ комплекси раҳбари Зуҳра Нажимова олиб борилаётган ишлар хусусида қўйидагиларни сўзлаб берди:

– Юртимизда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш йўлида олиб борилаётган ишлар давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Тиббиёт соҳасида қабул қилинган “Она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни шакллантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ҳамда “2009-2013 йилларда аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий баркамол авлодни вояга етказиш борасидаги ишларни янада кучайтириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари Давлат Дастури тўғрисида“ги қарорларга муфовиқ туғруқ комплексимизда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Туғруқ жараёнида бехатар оналик тамойилларига амал қилган ҳолда тўғри ташхис қўйиш биринчи галдаги вазифамиз. Бу борада Олмазор туманидаги бир қатор оилавий поликлиникалар билан ҳамкорликда иш олиб бораяпмиз. Шунингдек, Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг “Акушерлик ва гинекология” кафедрасининг ҳам назарий ҳам амалий жиҳатдан бераётган кўмаги қўл келмоқда.

Яна ўқинг:  “АҚЛЛИ СОАТЛАР”

Маълумки, ҳар бир аёл йилига икки марта тиббий кўрикдан ўтиши зарур. Ҳар ой малакали шифокорлар жалб этилган ҳолда мунтазам равишда ўтказиб келинаётган “Саломатлик ҳафтаси”да фертиль ёшдаги аёллар тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Улар аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштирилмоқда.

Туғруқхона комплексида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қарорларига асосан ички қарорлар ишлаб чиқилган. Жойларда “Она сути билан боқишнинг аҳамияти”, “Соғлом она – соғлом бола”, “Яқин қариндош-уруғлар ўртасидаги никоҳнинг зарари хусусида” каби мавзуларда бир қатор давра суҳбатлари ўтказилди. Феруза Норматова, Татьяна Пузанова, Маъмура Халилова, Исомиддин Мамадалиев, Дилфуза Маҳмудова, Алихон Жалолов сингари малакали шифокорлар ёш кадрларга ҳақли равишда устозлик қилишмоқда. Ўтган икки йил давомида оналар ўлими қайд этилмагани, болалар ўлимининг кескин камайгани олиб бораётган изланишларимиз самарасидир. Касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхши. Ҳомиладор аёлнинг яқинлари унга қанча ғамхўрлик кўрсатишса, келгусида ўз наслларининг саломатлигини сақлаган бўлишади.

Бугунги муборак Наврўзи айём кунларида халқимизнинг боши омон бўлсин. Оналар соғлом, фарзандлар баркамол бўлиб вояга етсин. Юртимиз тинчлигига, ҳаётимиз фаравонлигига асло кўз тегмасин!

Дарҳақиқат, турмуш ўртоғи билан икки нафар фарзандини эл корига ярайдиган етук мутахассислар қилиб тарбиялаб, набираларининг меҳрибон бувисига айланган юзлаб хонадонларга чақалоқ кулгусини улашаётган Зуҳра опа оиласини, ҳам севган касбини бирдек ардоқлаб келмоқда. Биз эса эртасини бугундан кўра олаётган Зуҳра Нажимова раҳбарлигидаги Олмазор туман 2-туғруқ мажмуаси жамоасининг эл-юрт соғлиғи борасидаги хайрли ишларида ривож тилаймиз.

Жамила ҲАЙДАРОВА

Читайте также:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Сообщить об опечатке

Текст, который будет отправлен нашим редакторам: