Барча эзгу ишларимиз халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга йўналтирилган
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиш ва халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10 март куни Бухоро вилоятига ташриф буюрди.
Давлатимиз раҳбари ўзининг сайловолди дастурида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари қатори Бухоро вилоятини ҳам ривожлантириш бўйича улкан режаларни баён этган эди. Президентимиз Бухоро вилоятига ташрифи давомида ана шу режалар ижроси, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, истиқболли лойиҳалар билан танишмоқда.
Бухоро асрлар давомида жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшиб келган, ҳақли равишда шарифлик мақомига сазовор бўлган муқаддас шаҳарлардан.
Мустақиллик йилларида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Бухорода беқиёс бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. «Бухоро маданий маркази», унинг таркибидаги «Кўҳна ва боқий Бухоро» монументи бухороликлар ва вилоятга келувчи сайёҳларнинг севимли масканига айланган.
Сўнгги йилларда бу борадаги ишлар вилоятда янада кенг кўламда амалга оширилмоқда. 2016 йилда вилоят иқтисодиётида барқарор ўсиш суръатлари таъминланиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 7,9 фоизга ошди. Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти таркибида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 67,9 фоизни ташкил этди.
Қандим газни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши давом этмоқда. Мажмуа таркибига йилига 8,1 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш қувватига эга завод, 114 қазиш қудуғи, 11 махсус майдон ва 4 йиғув пунктини ўз ичига олган табиий газни тўплаш тизими киради. 370 километр газ қувури, 160 километр автомобиль йўли қуриш режалаштирилган бу лойиҳа Ўзбекистон газ конларини ўзлаштиришни янги босқичга кўтаради. Марказий Осиёдаги йирик ишлаб чиқариш мажмуаларидан бири бўлган ушбу заводда 2 мингдан зиёд доимий иш ўрни яратилади.
2016 йили энг улуғ, энг азиз байрамимиз арафасида Тошкент – Бухоро йўналишида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” электр поездининг илк қатнови амалга оширилди. Бундан вилоят аҳлининг кўнгли кўтарилиб, эртанги кунга ишончи янада мустаҳкамланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев вилоятга ташрифини буюк алломаларимиздан бири Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади.
Эски тузум даврида бу муқаддас маскан хароб бўлиб қолган эди. Истиқлол йилларида миллий, маданий ва маънавий қадриятларимизни, тарихий обидаларимизни тиклаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 1993 йилда Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллиги муносабати билан мазкур зиёратгоҳ таъмирланди. Мажмуадаги дахмалар, мақбаралар, масжидлар, айвонлар ва мадрасанинг тарихий қиёфаси тикланиб, қутлуғ қадамжога айлантирилди.
Бугун бу маскан юртдошларимиз ва хорижий сайёҳлар қадами узилмайдиган зиёратгоҳлардан биридир.
Таомилга биноан Қуръон тиловат қилинди.
Президентимиз мазкур ёдгорлик мажмуасини янада ободонлаштириш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Бухоронинг жаҳон цивилизацияси ва ислом маданияти ривожига қўшган ҳиссаси беқиёс. Бу заминда кўплаб алломалар таваллуд топган ва яшаган. Уларнинг бой меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш учун бу ерда Тошкент ислом университетининг махсус факультетини ташкил қилиш керак, деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Бухоро темир йўл вокзалида йўловчилар учун яратилган шароитларни бориб кўрди.
Узоқ истиқболга мўлжалланган махсус дастурлар, лойиҳалар асосида ушбу соҳада кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг самарасида ўтган йилларда янги темир йўл линиялари барпо этилиб, мавжудлари реконструкция қилинди, электрлаштирилди. Янги йўналишлар очилиб, янги темир йўл вокзаллари қурилди, мавжудлари таъмирланди.
Мазкур вокзал Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 6 мартдаги 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникациялари ва йўл-транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш дастури тўғрисидаги қарорига асосан янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган.
Вокзалда VIP ва турли хизматлар кўрсатиш заллари, тиббиёт, она ва бола, дам олиш хоналари, кутубхона, савдо шохобчалари мавжуд. Бино ташқарисида 4 янги чиптахона ва фаввора қурилган.
Майдони 2,9 гектар бўлган вокзал бир вақтнинг ўзида 500 дан зиёд йўловчига хизмат кўрсатади. Бир кеча-кундузда 2 мингдан ортиқ йўловчини кутиб олиб, жўнатиш имкониятига эга.
Давлатимиз раҳбари шу ерда Бухоро – Мискин темир йўл қурилишининг бориши билан танишди. Ушбу темир йўл 350 километрдан зиёд. Лойиҳанинг умумий қиймати 283 миллион долларни ташкил этади. Мазкур йўналиш бўйича қуриладиган темир йўлда 8 темир йўл станцияси ва разъездлар барпо этиш белгиланган.
2015 йил 6 ноябрда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Испаниянинг “Patentes Talgo, S.L.U” компанияси ўртасида юқори тезликда ҳаракатланувчи яна 2 электропоездни харид қилиш бўйича шартнома имзоланган эди. Шартномага мувофиқ, ушбу замонавий электропоездларнинг биттаси мамлакатимизга олиб келинди.
Президентимиз янги “Afrosiyob” электропоездининг имкониятлари, йўловчилар учун яратилган қулайликлар билан танишди.
Замонавий электропоезд олдингиларига қараганда янада кенг имкониятларга эга. Хусусан, шу вақтга қадар ҳаракатланаётган юқори тезликдаги электропоездлар 215 йўловчи сиғимига эга эди. Янги поезд 287 йўловчига мўлжалланган. Унда «эконом» тоифали вагонлар сони 2 та кўп.
Тез кунларда электропоезднинг иккинчиси ҳам олиб келинади. Поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш баробарида қўшимча иш ўринлари яратилиб, 15 машинист ва 50 га яқин вагон кузатувчисини иш билан таъминлаш кўзда тутилган. “Ўзтемирйўлмаштаъмир” унитар корхонаси ҳудудида юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларга хизмат кўрсатиш цехи қурилмоқда. Бу ҳам янги иш ўринларини кўпайтириш имконини беради.
Президентимиз “Бухоро бриллиант силк” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида бўлиб, вилоятда аҳоли фаровонлигини ошириш, янги иш ўринлари яратишга қаратилган бир қанча лойиҳалар билан танишди.
2010 йилда ташкил этилган, замонавий технологик ускуналар билан жиҳозланган корхонада пилла қайта ишланиб, турли ўлчам, кўриниш ва рангдаги матолар тайёрланмоқда. Бунда буюртмачи таклифи ва бозор талаби асосида иш тутилмоқда. Ҳозир бу ерда “Баҳор”, “Ёмғир”, “Юлдузлар” каби ўнлаб кўринишдаги матолар ишлаб чиқарилмоқда. Матога босилган гулларнинг ўзига хослиги шундаки, уларнинг ранги ўчмайди, сув ва қуёш нурига чидамли.
Ипак матолар экологик тоза, ҳар қандай иқлимга мос. Маҳсулот буюртма асосида Фарғона, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги харидорларга етказиб берилмоқда. Тайёр маҳсулотни экспорт қилиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилаётир.
Айни пайтда “Бухоро бриллиант силк” қўшма корхонасининг ипак толалари хорижда харидоргир. Ўтган йили Эрон, Вьетнам, Туркия, Ҳиндистонга қарийб 2,5 миллион долларга тенг маҳсулот экспорт қилинди.
Бундай корхоналарни кўпайтиришимиз керак, деди давлатимиз раҳбари. Бу корхоналар учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, ҳудуддаги касб-ҳунар коллежлари билан ҳамкорлик қилиш лозимлигини қайд этди.
Шавкат Мирзиёев шу ерда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан собиқ “Бухоротекс” АЖ негизида ташкил этиладиган “Индорама Индаст ЛТД” Ўзбекистон – Сингапур қўшма корхонаси лойиҳаси билан танишди.
Бухоро вилоятида етиштирилган пахта толасини қайта ишлашга ихтисослаштирилган корхона ишга тушгач, 400 га яқин иш ўрни яратилади. Корхонага Швейцариянинг “Ритер” компаниясида ишлаб чиқарилган замонавий ва энергиятежамкор технологияларни ўрнатиш кўзда тутилган.
Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва туманларида пахтани қайта ишлайдиган замонавий корхоналар ташкил этилмоқда. Бу ҳудудда етиштирилган пахта толасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш, янги иш ўринлари яратиш имкониятини кенгайтирмоқда.
Президентимизга “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан 2017-2018 йилларда Бухоро вилоятида пахта толасини қайта ишлаш дастури лойиҳаси ҳақида маълумот берилди.
Бугун Бухорода етиштирилаётган пахта толасининг 20,6 фоизи вилоят ҳудудида саноат усулида қайта ишланмоқда. Янги лойиҳа бўйича вилоятнинг 7 шаҳар ва туманида 13 йирик саноат корхонасини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Бу вилоятда етиштирилган пахта толасининг 65 фоизини қайта ишлаш, 5 мингга яқин иш ўрни ташкил этиш имкониятини яратади.
Дастурни бажариш учун мамлакатимиз тижорат банклари маблағлари ва чет эл инвестициясини жалб қилиш режалаштирилган.
Ердан унумли фойдаланиш, тутзорлар барпо этиш бўйича янги лойиҳа тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Мамлакатимизда етиштирилган ипак толасига дунё бозорида талаб юқори. Давлатимиз раҳбари мазкур соҳани янада ривожлантириш, тутзорларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Бу борадаги ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилаётган “Ўзбекипаксаноат” уюшмасининг таркибий тузилмаси билан ҳам танишди.
Вилоятда аграр тармоқни янада ривожлантиришда ҳудуддаги касб-ҳунар коллежларида қишлоқ хўжалигининг биз янгидан ўзлаштираётган соҳалари бўйича мутахассислар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш керак, деди давлатимиз раҳбари.
Бухоро шаҳрида ишга туширилаётган “Бухоро коттон текстиль” корхонаси лойиҳаси билан танишар экан, Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда етиштирилган пахтани тола кўринишида сотиш энг кам даромад келтиришини, пахта толасини қайта ишлаб, экспортбоп тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
1000 кишининг бандлиги таъминланиши кўзда тутилган корхонада 6,5 минг тонна ип-калава, 10 минг квадрат метр жинси мато ва 1,5 миллион дона тайёр тикувчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарилади.
Президентимизга Олот туманидаги “Мергантекс” масъулияти чекланган жамияти, Пешку туманидаги ип-калава ишлаб чиқаришга ихтисослашган кўп тармоқли корхона, Бухоро шаҳрида пахта етиштиришдан тайёр тўқимачилик маҳсулоти ишлаб чиқаришгача бўлган жараённи қамраб оладиган пахта-тўқимачилик кластери тузиш, табиий ва кимёвий толалардан интеграция асосида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳалари ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳридаги Арк қўрғони мажмуасида вилоятнинг туризм салоҳиятини янада ошириш дастури тақдимотида иштирок этди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Бухоро вилоятининг туризм салоҳиятини янада ошириш дастури асосида 39 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади.
Мамлакатимизда туризмнинг зиёрат қилиш, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш, қишлоқ, саноат, ишбилармонлик туризми ва бошқа турларини ривожлантириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Дастур доирасида БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (ЮНВТО) ҳамда туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, сайёҳлик индустрияси объектларини жадал ривожлантириш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирларига 18,5 миллиард сўм маблағ сарфланиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, гидлар ва бошқа ходимларнинг билим ва малакасини мунтазам ошириб бориш бўйича зарур кўрсатмалар берди.
Вилоятда рақобатбардош туризм маҳсулотлари ва хизматларини яратиб, уларни ички ва халқаро туризм бозорларида тарғиб қилиш бўйича стратегия ишлаб чиқиш, соҳада реклама-ахборот фаолиятини кенг йўлга қўйиш бугунги кун талабидир.
Бухоронинг кўҳна ва боқий шаҳар, деб аталишида катта маъно бор, деди Шавкат Мирзиёев. Бу ердаги қадимий обидалар, осори-атиқалар, халқимизнинг бетакрор қадриятлари, ўлмас анъаналари асрлар оша яшаб келмоқда. Чет элликларнинг, тарихчи ва мутахассисларнинг уларга қизиқиши доимо юқори бўлган. Бундан самарали фойдаланиш керак.
Бухорода кичик ҳалқа йўли бунёд этиш, йўлакларга мармар ва ишлов берилган тошлар ётқизиш, бино ва йўлларнинг ёритиш тизимини замонавийлаштириш, меҳмонхона ва иншоотлар қуриш, улар атрофига ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос дарахт ва гуллар экиш, маҳаллий ва чет эллик инвесторлар учун барча қулайлик ва имкониятлар яратиш юзасидан зарур топшириқлар берилди.
Президентимиз Бухоро тарихи давлат музейи лойиҳасини кўздан кечирди.
1,2 гектар майдонни ўз ичига оладиган ушбу музей қурилишига бюджет маблағлари ҳисобидан 68,3 миллиард сўм сарфланиши мўлжалланмоқда. Музей ишга туширилганидан сўнг, Арк қўрғонида сақланаётган ноёб экспонатлар у ерга кўчирилади. Олтмишдан ортиқ иш ўрни яратилади.
Шавкат Мирзиёев маданий мерос объектларининг бугунги кундаги ҳолати ва уларни сақлашга доир лойиҳалар тақдимотлари билан ҳам танишди.
Бухоро вилоятида 660 маданий мерос объекти мавжуд. Уларнинг аксарияти археологик объектлар, монументал санъат асарлари, архитектура ёдгорликларидир.
Президентимиз ушбу маданий мерос объектлари халқимизнинг бебаҳо бойлиги, уларни асраш ва авлодларга безавол етказиш барчамизнинг бурчимиз эканини таъкидлади. Маданий мерос объектларини сақлаш ва таъмирлаш юзасидан соҳа мутахассислари ва уста-қурувчиларга зарур кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари Жондор туманидаги “Жондор чинор чорва” масъулияти чекланган жамияти томонидан ташкил этиладиган паррандачилик мажмуаси лойиҳаси билан танишди.
Бухоро вилоятида паррандачиликни ривожлантириш мақсадида интенсив технологиялар кенг жорий этилмоқда. Натижада тухум ва парранда гўшти ишлаб чиқариш ҳажми ортмоқда. Бугунги кунда вилоятда паррандалар 3,8 миллион бошга, тухум ишлаб чиқариш 347,7 миллион донага етди.
Парҳез гўшт етиштиришни янада кўпайтириш мақсадида “Жондор чинор чорва” масъулияти чекланган жамияти Нидерландиядан наслли парранда олиб келди. Энди корхона негизида қўшимча равишда парранда гўштини қайта ишлаш цехи, 110 минг бош жўжа ўстиришга мўлжалланган мажмуа ишга туширилади. Умумий қиймати 15 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа натижасида парранда гўшти тайёрлаш 2 минг тоннага етказилиб, унинг минг тоннаси қайта ишланади. Аҳолига 18 миллион дона тухум, 1 миллион дона жўжа етказиб берилади. Жами 285 иш ўрни яратилади.
«Ўзмиллийбанк» ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва “Property Industry” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилигида Бухоро туманида 38 гектарда агрологистика маркази барпо этилмоқда. 21,8 миллион долларлик мазкур лойиҳа доирасида бу ерда Хитой, Германия, Дания технологиялари асосида мева-сабзавотларни қуритиш, музлатиш, мураббо, жем ва тузламалар ишлаб чиқариш қувватлари, музлаткич ва сублимация ташкил этилади. Бу йилига 10 минг тонна мева-сабзавотни қайта ишлаш, дастлабки йилларда 6,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконини беради. 250 доимий иш ўрни яратилади.
Ушбу агрологистика марказида маҳаллий хомашё асосида эни 12 метрлик полиэтилен плёнкалар, агрокимёвий воситалар ва суюқ ўғитлар ҳам ишлаб чиқарилади. Шу пайтгача хориждан келтирилган бу маҳсулотлар импорт ўрнини босиш билан бирга, экспортга ҳам йўналтирилади.
Пешку туманида ташкил этиладиган чорвачилик комплекси лойиҳаси намойиш этилди.
2016 йилда Бухоро вилоятида қорамоллар бош сони 2015 йилга нисбатан 4,1 фоизга, қўй ва эчкилар 5,5, гўшт етиштириш 7,1, сут ишлаб чиқариш 9,5 фоизга ошди.
Янги чорвачилик комплекси 1000 бош қорамол ва 1 минг 500 бош қўй боқишга мўлжалланган. Умумий қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган мазкур лойиҳа натижасида 2 минг 650 тонна сут, 200 тонна гўшт, 2,5 тонна жун ишлаб чиқариш режалаштирилган. 800 гектар майдонда озуқа етиштирилади. 100 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Шу ерда Бухоро, Пешку, Ромитан, Олот туманларида ташкил этилаётган чорвачилик хўжаликлари лойиҳалари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев Аму-Бухоро ирригация тармоқлари лойиҳаси тақдимоти билан ҳам танишди.
Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 25 августдаги қарорига мувофиқ “Аму-Бухоро ирригация тизимларини қайта тиклаш” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шу кунгача Қуйи мозор, Қоракўл ва Олот насос станциялари реконструкция қилинди. Умумий қиймати 406 миллион доллардан ортиқ бўлган мазкур лойиҳа доирасида Аму-Бухоро-I янги насос станцияси қурилади, Аму-Бухоро-II, Қуйи мозор, Қизилтепа ва Қизилтепа-I насос станциялари реконструкция қилинади. Бунинг самарасида Бухоро вилоятида 275 минг, Навоий вилоятида 40 минг гектар ер сув билан барқарор таъминланади. Йилига 134,2 миллион киловатт электр энергияси, 25,6 миллиард сўмдан зиёд бюджет маблағи тежалади.
Президентимиз бу ирригация тизими Бухоро учун жуда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаб, ажратилган маблағ ва техникалардан оқилона фойдаланиш, белгиланган тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.
Шу ернинг ўзида жорий йилда Бухоро вилоятида ташкил қилинадиган интенсив боғлар режаси ҳам намойиш этилди.
Бухоро шаҳрида мутасадди раҳбарлар ва вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда вилоят иқтисодиётини янги босқичга кўтариш, инфратузилмани ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш, аҳолини иш билан таъминлаш ва турмуш даражасини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу тадбирларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастуридаги мақсад-вазифалар ўз ифодасини топди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бухоро вилоятига ташрифи давом этмоқда.
ЎзА